Тошкент шаҳрида тугатилган тадбиркорлик субъектлари қайта тикланмоқда

Ташрифлар: 388

Сана: 03.04.2017 16:06

Тошкент шаҳрида тугатилган ва фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ўрганиш ҳамда улар фаолиятини тиклашга амалий кўмаклашиш, шунингдек энди иш фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорларнинг йўлида ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Қулай бизнес муҳити – тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” мавзуида очиқ мулоқот  ўтказилди.

Дастлаб, туманлар кесимида тугатилган ва вақтинча фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектлари, унинг асосий сабаблари ўрганилди. Унга кўра, вақтинча фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари асосан саноат, қурилиш, савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарига тегишлидир.

Давра суҳбатида тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашувчи ташкилот вакиллари қайд этишича, Тошкент шаҳрида 2016 йилда 7 минг 492 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини бошлаши эвазига уларнинг умумий сони 56 минг 691 тага етган эди. Шундан 4 минг 285 таси ўз фаолиятини тугатган. Мазкур тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслиги ҳолатлари ўрганилганда бошланғич сармоянинг, айланма маблағларнинг етишмаслиги, ишлаб-чиқариш ҳомашёсининг тақчиллиги, кредит олиш учун гаров мол-мулкининг йўқлиги ва энг асосийси, тадбиркорларнинг соҳа­га оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятидан етарли даражада хабардор эмасликлари сабаб бўлмоқда.

Мазкур масалалар юзасидан кузатувлар олиб борган Тошкент шаҳар кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ва партия фаолларининг қайд этишича, жойларда қилинган амалий ишлар натижасида туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда 52 та тадбиркорлик субъектини қайта оёққа қўйишга эришилди.

—Жорий йилнинг бошида мебел ишлаб чиқариш йўналишида ўз бизнесимни бошлаган эдим, аммо банкдаги ҳисоб рақамимизга ўз вақтида пул тушумлари амалга оширилмаганлиги боис фаолиятимиз тугатилди, - дейди “EuroGrandForniture” хусусий корхонаси раҳбари Ҳасан Қобулов. — Партия фаоллари ва Яшнобод туман ҳокимлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кўмагида фаолиятимиз яна қайта тикланди. Ҳозирда бир нечта буюртмалар олиб, ишимизни давом эттиряпмиз. Келгусида яхши ниятлар билан бошлаган бизнесимизни янада кенгайтириб, янги иш ўринларини яратишни режалаштирганмиз.

Мунозараларда сўз олган Тошкент шаҳридаги тугатилган ва вақтинча фаолияти тўхтатилган  тадбиркорлик субъектлари вакиллари тижорат банклари ва тадбиркорликка хизмат қилувчи бошқа барча тузилмалар билан амалий ҳамкорликни тўғри ва самарали ташкил этиш муаммолари ҳамда таянч тармоқлар фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан танқидий фикр-мулоҳазаларини билдириб, бир нечта таклифларни ўртага ташлашди.

—2016 йилда маиший хизмат соҳасининг хўжалик бошқаруви йўналишида тадбиркорлигимни бошлаш учун туман ҳокимлигидан ер ажратиб берилган эди, - дейди “IMMONABONU” ҳусусий корхонаси раҳбари Фотима Жўраева. —Аммо, қурилиш ишлари учун банкдан оладиган кредит шартлари бир оз оғирлиги туфайли фолиятимиз тўхтаб қолди. Шунга қарамай ўз маблағим ҳисобига ишимни тиклаш арафасидаман. Насиб бўлса, 40 та янги иш ўринларини яратилади. Тадбиркор сифатида мурожаат қилмоқчидимки, янги иш бошлаётган бўлажак тадбиркорларга кредитлар олишда енгиллик ва имтиёзлар яратилса, ҳужжатлаштириш ишларини амалга оширишда давлат ташкилотлари ходимларининг масъулияти оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мазкур масалалар мутасадди соҳа вакиллари ва депутатлар томонидан очиқ муҳокама этилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хулоса қилиндики, тадбиркорлар билан самарали мулоқотни таъминлаш вазифаси мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг барча бўғинлари ва фаоллари зиммасига катта масъулият юклайди. Шу сабабли партия аввало ўз электорати бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиши, уларни ўйлантираётган муаммоларга бефарқ бўлмасдан, ечимини топишда амалий ёрдам кўрсатишлари, кучли депутатлик назоратини ўрнатиши зарур.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

ФОТОЛАВҲАЛАР

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!