Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш йўлида

Ташрифлар: 24

Сана: 16.03.2017 16:20

Анчадан буён ишсиз юрган Наргизанинг орзулари “Зулфия-бону-чевар” хусусий корхонасига келиб, рўёбга чиқди. Корхонада хотин-қизлар учун ўқув тўгараги ташкил этилганини эшитиб, чеварчиликнинг сир-асрорларини ўрганди. Тез орада тикув-бичувга қўли келишиб, замонавий кўринишдаги либослар ярата бошлади. Бугун Наргиза кoрхонадаги қўли гул тикувчилардан бири саналади. Эътиборлиси, у томонидан яратилаётган болалар, катталар кийим-кечаклари харидорларга манзур бўлмоқда. 

O‘zLiDeP Бекабод туман Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб қилиш, маҳаллалардаги вақтинча ишсиз бўлган ёшлар, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш ҳамда истеъдодларини рўёбга чиқариш мақсадида “Зулфия-бону-чевар” хусусий корхонасида ташкил этилган ўқув-семинарда Наргиза қатори кўплаб хотин-қизларнинг ютуқлари фахр билан тилга олинди.

Тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб боришлари учун партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан партиявий лойиҳалар асосида олиб борилаётган амалий ишлар яхши натижа бераётгани, хотин-қизлар учун кўпдан-кўп имкониятлар яратаётгани, асосийси, мазкур лойиҳалар доирасидаги тадбирлар орқали партия Дастури ва сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифалар амалга оширилаётгани қайд этилди.   

– Очиғи, мамлактимиз хотин-қизларининг билим ва салоҳияти жуда юқори, –дейди O‘zLiDeP Бекобод шаҳар Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари Ўғилой Мирзомуротова. – Бунда партиямиз томонидан аёлларнинг ҳар соҳадаги фаолиятини ривожлантириш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар яхши натижа бермоқда. Бугунги тадбир эса хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида юрган коллеж битирувчиларининг билим-малакасини ошириш, ўз навбатида, уларда тадбиркорликка қизиқишни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.    

– Ўтган йилда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида қатор партиявий лойиҳалар асосида ўқитган эдик. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги банкдан кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишди, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши Аёллар билан ишлаш бўлими мудири Муяссар Джамолиддинова. – Бугунги тадбирда ҳам 50 нафарга яқин хотин-қизларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, яратилган имтиёз ва преференциялар, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари, имтиёзли кредитлар, гаров таъминоти, гаров ҳужжатларини расмийлаштириш ҳақида батафсил маълумотлар бердик. Ўйлайманки, бу каби семинарлар коллежни тамомлаётган қизларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш, уларни турли ёт ғоялар касрига тушиб қолишидан, тадбиркорлик соҳасида иш юритаётган хотин-қизларни эса бир-бири билан ўзаро тажриба алмашиш, аёллар тадбиркорлигидаги ютуқ ва истиқболли режалар билан танишишда қўл келади.

Тадбирда катта малакага эга бўлган ишбилармон, тадбиркор аёллар ўз иш фаолиятлари, тажрибалари билан ўртоқлашиб, ўзаро фикр алмашди.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!