Ижод ва спорт ҳамоҳанг бўлса...

Ташрифлар: 58

Сана: 12.01.2017 15:39

Тошкент вилоятида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоларининг қирқ фоиздан ортиғи, яъни 21 минг нафари ёшлардир. Улар орасида янгийўллик ёш тадбиркор Сабина Абдуназарова ҳам бор.

Сабина партия тадбирларида фаоллиги, ажойиб таклиф ва ташаббуслари билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, ўтган Президент сайлови кампанияси жараёнида ўз ташаббуси билан мустақил равишда ўтказган тарғибот акцияси кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Ўшанда Сабина ҳаммаслаклари билан олий таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектларида одамлар билан юзма-юз мулоқотга киришди, O`zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури, ўзи аъзоси бўлган партия фаолияти ҳақида жўшиб сўзлади.

Шу аснода ўз фирмасида тайёрланган, “Менинг Президентим” ёзуви туширилган футболкаларни бепул тарқатди. Кўргазмали воситалар асосида йўлга қўйилган мазкур ташвиқот тадбирини эса кўплаб юртдошларимиз қўллаб-қувватлади.  Хуллас, ушбу акция партиямизнинг сайловдаги муваффақиятига мўъжаз ҳисса бўлиб қўшилди.

– O‘zLiDeP хусусий секторни ривожлантиришга катта улуш қўшиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларга ҳунар ўргатиш, бозорларимиздаги маҳсулотларнинг хилма-хиллигини таъминлашга интиляпти, – дейди ташаббускор қиз. – Партия оилавий тадбиркорликни янада кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳани амалга татбиқ этаётир. Унга асосан хотин-қизларнинг бизнес-режасини банк томонидан молиялаштириш кўзда тутилган. Бу ташаббус аёлларимизга уй юмушларидан ажралмаган ҳолда оиланинг моддий фаровонлигини таъминлашга кўмаклашиш имконини беради.

Дарвоқе, юридик коллежни тугатган қаҳрамонимизга икки йил талаба бўлиш насиб этмади. Шундай бўлса-да, умидини сўндирмасдан астойдил ўқиб изланди. Ниҳоят, учинчи йили мақсадига эришди. Унинг таҳсил жараёнида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоли сифатида илгари сурган таклифлари – институт қошида спорт ва турли тўгараклар очиш, ҳашар уюштириш, талабалар ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш каби ташаббуслари эътиборга молик. Сабина араб, француз, инглиз, турк ва рус тилларини яхши билади.

Йигирма беш ёшидан хусусий бизнес билан машғул бўлган қаҳрамонимиз пойтахтимизнинг Яккасарой туманида фаолият кўрсатаётган “Сабина Назар” дизайн-студиясига асос солган. Ҳозир мазкур студияда ўн нафар ходим меҳнат қиляпти. Эътиборлиси, жамоада барча опа-сингилдек бир-бирига қадрдон. Студия аёллар либосларининг янги кўринишларини яратиш, хусусан духобадан тикилган замонавий либосларни урфга қайтариш устида иш олиб бораяпти. Мижозларнинг кўпчилиги хонанда, сухандон, раққосалар ва тадбиркорлардир.

Айтганча, “Сабина Назар” дизайн-студиясида ўқувчи, талаба ва пенсионерларга 30 фоизлик чегирма бор. У Янгийўлдаги гўдаклар меҳрибонлик уйига ҳам баҳоли қудрат ёрдам бериб келмоқда. Унинг спортга меҳри ўзгача. Югуриш, сузиш, волейболсиз ҳаётини тасаввур қила олмайди.

Сафларимизда ана шундай сўзлари дадил, қадами тетик ёшлар кўплиги фахрланишга чорлайди. Зеро, улар тимсолида Ватанимизнинг порлоқ келажаги нишона беряпти.

Беҳзод ИСРОИЛОВ

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!