Тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари: банк ва мижознинг ўзаро ҳурмати қачон шаклланади?

Ташрифлар: 144

Сана: 11.04.2017 15:02

Тадбиркорлик ҳам маънавий, ҳам моддий фидоийликни талаб қиладиган соҳа. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган “Қулай бизнес муҳити-тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили” деб номланган давра суҳбати ҳам айнан шу соҳага қаратилгани бежиз эмас.

Тадбиркор бойиса халқ бой бўлади, деган гап энди янгилик бўлмай қолди. Кимки, ҳаракати, режаси бор-интилаяпти.

Унда вилоятда хўжалик юритувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни тизимли равишда ҳал этишни жадаллаштириш, фаолият кўрсатмаётган хўжалик субъектларининг ишламаслик сабабларини ўрганган ҳолда улар фаолиятини қайта тиклаш ёки истиқболсиз субъектларни буткул тугатиш юзасидан амалга оширилиб келинаётган ишлар таҳлил қилинди.

—2016 йилда Гулистон туманида 116 та тадбиркорлик субъекти очилган. Ўтган йили 69 та тадбиркорлик субъекти ёпилган, 108 таси эса ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган, - деди туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Музаффар Хайитов. — Партия ва ҳокимлик ходимларидан иборат махсус комиссия мазкур ҳолатларни ўрганди ва тадбиркорлиар ўз фаолиятини эркин амалга оширишига тўсиқ бўлаётган сабаблар таҳлил қилинди. Маълум бўлишича асосан, тадбиркорлар ҳисоб рақамларига вақтида маблағ туширмаслиги, солиқларни вақтида тўламаслиги, тадбиркорлик фаолиятига оид қонун ҳужжатлари билан таниш эмаслиги, тартиб-қоидаларни билмаслиги сабаб бўлмоқда.

Тадбирда сўз олган мутахассисларнинг қайд этишича, вақтинча фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектларининг аксариятини ёшлар ташкил этади. Ёш тадбиркорлар юзага келган муаммоларга ечим топишда, иш юритишда тажрибасизлиги боис мана шундай тўсиқларга дуч келмоқда. Шу боисдан, тадбиркорлигини бошлаётган ёшларни аввало соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлари билан соҳа мутахассисларига тўғидан-тўғри мурожаат қилдилар.

Юлдуз Пўлатова, ёш тадбиркор:

—Маблағим ҳисобига ширинликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Туман “Халқбанки”дан кредит олмоқчи эдим, менга йиллик 20 фоизлик кредитни таклиф этишди. Бу менга жуда қимматлик қилади. Яна тўлов терминалини олганман. Энди солиқ идорасидан келиб, менга ҳисоблаш касса аппаратини ҳам ўрнатишим шартлигини айтишди. Ҳозирча тушум фақат терминал орқали бўлаяпти. Касса аппарати олишим шартми?

Юлдузнинг саволи бошқа тадбиркорларнинг муаммоларига ойдинлик киритишга асос бўлди.

“Халқбанки”дан тадбиркорларга бериладиган кредит фоизлари белгиланган тартибда берилиши ва тадбиркор фаолиятини бошлаши билан терминал ва касса аппарати ўрнатиши шартлиги мутасадди ташкилот вакиллари томонидан тушунтирилди.

Кредит-тадбиркорликни бошлаш, уни кенгайтириш, пировардида  янги иш ўринлари яратиш учун олинар экан, бу борада банклар ҳам мижозларни кўпам овора қилмасдан, ҳужжатлар ва банк имкониятлари ҳақида тушунтиришлар бериши керак. Шунда банк ва мижознинг ўзаро ҳурмати шаклланади.

Давра суҳбатида Гулистон туманида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, янги иш бошловчиларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фаоллари, депутатларининг ролини оширишга келишиб олинди. Бу суҳбатдан кўпчилик ўзига керакли маълумотларни олиб, амалда қўллашни ҳам билиб олишди. Тадбирни ўтказишдан ҳам муддао шу эди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!