Устувор вазифалар ижросига барчамиз бирдек масъулмиз

Ташрифлар: 16

Сана: 22.12.2016 16:42

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида баён этилган устувор йўналишлар моҳияти ва уларни ҳаётга татбиқ этишда партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар юзасидан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Раҳимжон ҲАКИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Маърузада туман ва шаҳарларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини Халқ депутатлари ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш масаласи илгари сурилгани айни муддао бўлди. Ушбу таклифнинг ҳаётга татбиқ этилиши халқ манфаатлари, шу жумладан, тадбиркор ва фермерларнинг манфаатлари ҳам тўлароқ ҳимоя қилинишига хизмат қилади,  аҳолининг давлат органларига ишончи янада ортади.

Кези келганда айтиш жоизки, биз – депутатлар ҳам йилнинг ҳар чорагида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб келмоқдамиз. Учрашувларда сайловчилар томонидан турли муаммо ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид таклифлар билдирилмоқда. Маърузада айтилган таклиф эса мавжуд муаммоларни ўша жойнинг ўзида ҳал этилиши ижроия ҳокимияти органи масъулияти ортишида дас­туриламал вазифани ўтайди.

Дилшод ШОУМАРОВ, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

– Президентимиз маърузасида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш вазифаси белгиланди.  Партиямиз дастурига ҳамоҳанг бўлган ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан қатъий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишимиз ва партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурига киритишимиз лозим. 

Қолаверса, электорат билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг қонуний талаб ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чора-тадбирлар кўриш зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида партиямизнинг туман ва шаҳар бўлимларида ҳам “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашга аҳамият қаратяпмиз. Яъни, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаш, бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз, жавобсиз қолмайдиган тизим фаолиятини йўлга қўйиш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади. Ана шундагина давлатимиз раҳбари ўртага ташлаган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ибратли тамойил ҳаётда ўз тасдиғини топади.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борадаги кенг кўламли ишларни давом эттириш, таълим-тарбия бўйича қабул қилинган умуммиллий дастурларимизни мантиқий якунига етказиш, тегишли вазирлик, идора, таълим муассасалари ва профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш масаласига алоҳида урғу берилди. Барчамизга яхши маълумки, меҳнат бозорида талаб қилинадиган ўрта маълумотли мутахассис ва юқори малакали кадрларни тайёрлашда касб-ҳунар коллежи ва  олий ўқув юртлари муҳим ўрин тутади. Ҳар йили ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаётган 500 мингга яқин ёшларнинг маълум қисми олий ўқув юртларида ўқишни давом эттиришади, аксарияти эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишида фаолият олиб боришни мақсад қилмоқда. Чунки амалдаги қонунчилигимизда ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, иш билан таъминлаш ва уларга имтиёзли кредитлар ажратишнинг ҳуқуқий кафолатлари таъминланган. Қувонарлиси, йилдан-йилга республикамиздаги тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига ажратилган имтиёзли кредитлар салмоғи ортиб бораётир.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида бу йўналишдаги ишлар ҳали етарли эмаслиги, тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ўз имкониятидан келиб чиқиб, ҳар бир фуқарога ўзининг қобилияти ва салоҳиятига яраша шароит ва имконият яратиб бериши лозимлигини алоҳида таъкид­лади. Шу ўринда, биз фракция аъзолари ҳам партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадларидан келиб чиқиб, бу борадаги вазифаларимизни белгилаб олишимиз лозим.

Шу боис қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Биринчидан, аҳоли, айниқса, ёшларда тадбиркорликка оид билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган қисқа ўқув курси, семинарлар ташкил этиш, бунда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддиларининг масъулиятини ошириш айни муддаодир.

Иккинчидан, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш бўйича жойларга чиқилганда касб-ҳунар коллежларида ёшларнинг тадбиркорликка оид билимларини, мавжуд имтиёзлардан хабардорлик даражаси, давлат таълим стандартлари, ўқув режаси, дастури, дарслик ва қўлланмалари бугунги кун талабига қай даражада жавоб бериши, тадбиркорлик ва бизнес асослари фанининг ўқитилиш ҳолати, мазкур фандан дарс бераётган ўқитувчиларнинг малакасини аниқлаш лозим.

Учинчидан, олий ўқув юртига кира олмаган академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш механизмини ишлаб чиқиш кабилар шулар жумласидандир. Ушбу масалаларни чуқур ўрганиш асосида аниқ, асосли таклифларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш депутатлардан алоҳида фаолликни талаб этади.

Мухлиса АКРАМОВА, O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

– Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Яратганнинг бебаҳо мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз, қадрли оналаримиз, меҳрибон рафиқаларимиз, мунис опа-сингилларимиз, севимли қизларимиз ва набираларимиз ҳаётда бизга барча тўсиқларни енгиб ўтиш, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш йўлида доимо ғамхўрлик қилиб, ҳамиша чексиз ишонч, куч ва мадад берадилар. Сизларнинг оналик меҳрингиз ва саховатингиз, аёллик тароватингиз ва меҳр-оқибатингиз учун биз сизлардан умрбод қарздормиз”, дея таъкидлади. Қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдирган ушбу самимий сўзларни эшитиб, аёлларини улуғлаб, ардоқлаб яшайдиган халқнинг вакиласи эканимдан бениҳоя қувондим.

Таъкидлаш жоизки, истиқлол йилларида хотин-қизларга алоҳида эҳтиром, эътибор кўрсатилди. Шу боис, бугун ўзбек аёли ҳар жабҳада фаол, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Соғлом, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Партиямиз сафида фаолият юритаётган аёллар ҳам O‘zLiDeP ғояларини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этишга интилишмоқда. Улар фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган қатор лойиҳа, кўргазма ва кўрик-танловлар мунтазам ташкил этилмоқда.

Айни пайтда опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш учун уларга ҳар томонлама имконият яратиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш борасида партиямиз томонидан ишлаб чиқилган “Ишбилармон аёл”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Фермер аёллар”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” номли йирик лойиҳаларни янги ғоялар билан бойитиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Қолаверса, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришга эътибор қаратаяпмиз. Мақсад – чекка туман ва қишлоқларда яшайдиган опа-сингилларимизни ҳам қамраб олишдан иборат. Албатта, бунда партия фаоллари, маҳаллий Кенгашларга партиямиздан сайланган депутат аёллар, тадбиркор ҳамда фермер опа-сингилларимизнинг кўмагига таянамиз.

Соҳибжон ИСМОИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси:

– Бугун кечагидек яшаб ҳам, ишлаб ҳам бўлмайди. Янги кун фаолиятимизга янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси фаолияти йўналишидаги амалдаги 29 та қонунни бугунги кун талабидан келиб чиқиб, инвентаризация қилишни белгилаб олдик.

Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисда доимий асосда фаолият кўрсатадиган вакили лавозими таъсис этилиши муносабати билан қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти масалаларида янгича ёндашувни таъминлаш, асосий эътиборни энг қуйи бўғин билан ишлашга қаратиш лозим. Зеро, ҳар бир соҳага оид қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатлар ижроси тўлиқ таъминлансагина, ҳар жабҳада тараққиёт бўлади, аҳоли фаровонлиги ортади.

Асосий вазифамиз хусусий мулк ва мулкдорлар ҳимоясини янада кучайтириш бўлиб қолаверади. Бу борада ечимини кутаётган масалалар бисёр. Қуйидаги рақамларга эътибор беринг: 2016 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда жами 16 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти рўйхатга олинган бўлса-да, шу даврда уларнинг 11 мингдан ортиғи фаолиятини тугатган. Бу жуда жиддий масала.

Шундай экан, ушбу қатлам манфаатларини ифода этаётган, ислоҳотлар натижаси учун масъулиятни ўз зиммасига олган O‘zLiDeP аъзолари сифатида тегишли хулоса чиқаришимиз керак. Тўғри, кейинги йилларда соҳага оид муҳим қонунлар қабул қилинди. Бироқ, аччиқ бўлса-да, тан олиш жоизки, жойларда уларнинг ижроси етарли даражада таъминланмаяпти. Аниқроқ айтганда, ушбу қонунлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тўлиқ тушунтира олмаяпмиз.

Партиямиз билан бўлган қўшма йиғилишда давлатимиз раҳбарининг маърузасида қайд этилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, бу борада партия ва фракциямиз олдида турган долзарб вазифаларни атрофлича муҳокама қилдик ҳамда келгусидаги аниқ ва мақсадли вазифаларни белгилаб олдик.

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Акбар МУЗАФФАРОВ,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар)

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!