Уйчиликларни ўйлантираётган муаммолар ҳал этиляпти

Ташрифлар: 140

Сана: 10.03.2017 17:29

Айни кунларда парламендаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари Наманган вилояти Уйчи туманидаги аҳоли хонадонларида, таълим, соғлиқни сақлаш муассасаларида бўлиб, яратилган шароитлар, имкониятлар билан танишмоқдалар.

Биринчи навбатда аҳолига Ўзбекистонни 2017 - 2021 йилларда   ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча бериб, унда белгилаб берилган устувор ваифлар тўғрисида батафсил маълумот бермоқдалар. Шунингдек, мулоқтларда аниқланган айрим муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўриляпти.

—Уйчи туманидаги “Бирлашган” ҚФЙдаги Қашқар, Кесканёр ҳамда Деҳқонобод маҳаллаларида жойлашган жами 38 та хонадонида бўлиб, улар билан мулоқот ўтказдик, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов. —Учрашувлар давомида фуқаролар томонидан 37 та муаммо ўртага ташланди. Ички йулларни таъмирлаш, бандлик, кредит масалалари, шунингдек, ногиронларнинг имтиёзли даволаниши, табиий газ, электр таъминоти, тадбиркорлик соҳасида учраётган муаммоларни ҳал этиш ана шулар жумласидандир. Барча мурожатлар тааллуқлилиги буйича тегишли ташкилотларга жўнатилди, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлиги, ҚФЙ ва МФЙ раисларига  тавсиялар берилди.

Дарҳақиқат, аҳолини дарди ва қувончларига шерик бўлиш, уларни дилдан ҳис этган ҳолда муаммоларни ҳал этишга ёрдамлашиш, жойларда йўл қўйилаётган лоқайдликлар устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш халқ вакиллари бўлмиш депутатларнинг ҳамда регионал манфаатларни ҳимоя қиливчи сенаторлар олдидаги асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилди.  

—Бизга берилган ваколат доирасида жойлардаги шарт-шароитларни ўз кўзимиз билан кўриб, аҳоли билан бевосита суҳбатлашиб ҳақиқий аҳволни ўрганяпмиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Наргиз Халилова. —Хусусан, “Уйчи” ШФЙдаги аҳолига иссиқ сув етказиб берадиган қозонхона бир неча йиллардан буён ишлайди. Мазкур масала бўйича шаҳарча аҳолиси қозонхонани бирор бир тадбиркорга берилса, уни ишга тушириб, аҳолига шартнома асосида иссиқ сувни узлуксиз етказиб беришни таъминласа, деган таклифни ўртага ташлашди. Бу бўйича туман ҳокимиятига мурожаат этиб, тегишли тартибда масала ҳал этилишига кўмак берилди. Кўриб турганимиздек, бугун фуқароларимиз муаммоларга ечим топишда ўзлари ташаббус кўрсатяптилар. Кимдир келиб, уларни ҳал этиб беришини кутиб ўтирганлари йўқ. Фақатгина уларнинг таклифларини қўллаб-қувватласак, тегишли кўрсатма бериб, давлат ташкилотларини фаолликка чақирсак, ўйлайманки, ўз олдимизга қўйган мақсадимизга тезроқ эришамиз.

Аҳоли депутатлар билан очиқ-ойдин суҳбатлашар экан уларни ўйлантираётган ва қийнаётган масалалар хусусида танқидий муносабатларни билдиришди. Хусусан, фуқаро Маъсуда Ёқуббоева дўконларда банк пластик карталари орқали савдо қилиш учун шароитлар яратилган бўлсада, айрим ноҳақликлар учраб турганлигини яъни маҳсулотлар нақд пулга нисбатан пластик карточкаларга қиммат нархларда сотилаётганлигидан маҳалладошлари норози эканлигини айтди. Фуқаролар Тоҳиржон Абдулҳамидов ва Ҳасанбой Жўраевлар эса хонадонлари тепасидан юқори кучланишли электр симлари ўтганлиги ва бу ҳаёт учун хавфли эканлиги боис уларни бошқа жойга кўчириш таклифини беришди. Бундан ташқари фуқаро Ҳасанбой Эшонхўжаев мактабгача таълим муассасаси маҳалладан 8 км. узоқда жойлашганлиги туфайли болалар, айниқса совуқ-ёғингарчилик кунларида қатнашда қийналаётганлиги, шунинг учун маҳалланинг ўзида янги болалар боғчасини очиш мақсадга мувофиқ эканлигини айтиб ўтди.  

Бу фикр-мулоҳазалар, таклифлар тегишли ташкилот мутасаддиларига етказилди ва улар томонидан масалаларни ҳал этиш учун чоралар белгилаб олинди.

Рустамжон Ҳакимов,

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши

Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот

ишлари бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!