Уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватлаш O‘zLiDeP эътиборида

Ташрифлар: 150

Сана: 16.05.2017 15:27

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини айнан ёш йигит-қизлар ташкил этади. Зеро, ёшларимиз бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, балки бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи улкан кучдир. Аммо эртамиз эгаларининг юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта қудратга айланиши учун ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамиятда муносиб ўрнини топишига қулай шароит яратиш керак.  

Шу боис мустақиллик йилларида мамлакатимизда ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунар соҳиби бўлиши, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Бироқ соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларга қарамай ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Шулардан бири – коллеж битирувчилари, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш масаласидир.   

Ховос туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, туман хокимлиги ҳамда уюшмаган ёшлар иштирокида “Уюшмаган ёшларни қўллаб-қувватлашда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг тутган ўрни ва роли” мавзуида ўтказилган тадбирда айни шу жиҳатларга алоҳида урғу берилди.   

Қайд этилишича, мазкур тадбирдан кўзланган мақсад уюшмаган ёшларни бўш вақтларини самарали ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида фаолият юритаётган мутасадди ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, уюшмаган ёшларни партия тадбирларига жалб этиш орқали партия сафларини кенгайтиришдан иборат.

–Ёшлар бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифалардан саналади, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Фаҳриддин Абдусаттаров. – Шу нуқтаи назардан айни чоғда ёшларимиз билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш, айниқса, бу борада уюшмаган ёшлар билан ишлашга кенг эътибор қаратаяпмиз. Ҳозирча натижа ёмон эмас. Олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз юксак самара бермоқда, ёшлар бандлиги таъминланиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Албатта, бу бизнинг йутуғимиз. Лекин бу билан ҳаракатдан тўхтамаймиз, мазкур хайрли ишларда бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз!  

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам ўртага ташланди.

– Аёл зоти борки, кўчага бепардоз чиқмайди, тўйга ясанмай бормайди, – дейди “Етти Гузар” маҳалласида яшовчи Гулзода Рахмонбердиева. – Ўйлаб қарасак, гўзаллик салонига талаб бор. Шу сабабли кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан гўзаллик салони очдик. Бундан маҳалладошларимиз ҳам жуда мамнун бўлди. Чунки илгари маҳаламизда гўзаллик салони йўқ эди-да. Тўғри бошида ишимиз анча яхши эди. Аммо айрим мансабдор шахсларнинг аралашуви туфайли фаолиятимиз бироз тўхтаб қолди. Партия томонидан ташкил этилган мазкур тадбир кўнглимиздаги иш бўлди. Мурожаатимиз ўз вақтида ҳал қилинди, камчиликлар бартараф этилди.  

 Тадбирда сўз олганлар уюшмаган ёшлар билан ишлаш вилоят ҳаётида рўй бераётган демократик ислоҳот ва ўзгаришларнинг бош омили эканини, бу масалада фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимли ишларни йўлга қўйиши, бу эса кечиктириб бўлмайдиган масала эканлигини алоҳида эътироф этишди.

Тадбир якунида 10 нафар уюшмаган ёшларга ташкилотчилар томонидан партия аъзолик гувоҳномаси топширилди.

Озод Жўраев,

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши

масъул ходими 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!