Uzbekistan24.uz: O‘zLiDeP эътиборида нодавлат таълим муассасалари (видео)

Ташрифлар: 179

Сана: 10.10.2017 11:30

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда Президентимизнинг 2017 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, бу борада партия олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидландики, таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган. Қолаверса, мазкур масала бевосита партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга ҳам ҳамоҳангдир. Бинобарин, дастурда мактабгача ва олий таълим тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасини хусусий сектордаги улушини кенгайтириш шулар жумласидандир.

Давра суҳбатида иштирокчилар илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда нодавлат таълим муассасаларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Давра суҳбати қатнашчилари Президентимизнинг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳиятини партия электоратига етказиш ва жойларда ижросини таъминлаш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари юртимизда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинганлигини ҳам алоҳида қайд этишди. Унга кўра давлат-хусусий шериклик механизми замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратилиб, солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Амалий мулоқотларга бой бўлган тадбирда нодавлат таълим муассасалари фаолиятидаги долзарб масалалар, мактабгача таълимнинг хусусий секторидаги муаммолари ҳамда мазкур соҳа фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари мутахассислар иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

Давра суҳбати якунида билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан ўз вақтида қабул қилинган қарорнинг жойларда ижросини таъминлаш, соҳани янада ривожлантиришда тадбиркор ва ишбилармонларнинг улушини ошириш, энг асосийси таълим тизимини давр талабларидан келиб чиқиб, янги босқичга олиб чиқишда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш, қатъий, таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш борасида алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!