Ўзбекистон эришган муваффақиятлар “Urdu News” газетаси нигоҳида

Ташрифлар: 5

Сана: 12.01.2017 13:40

Саудия Арабистонида урду тилида чоп этиладиган Urdu News” газетасида ушбу нашр муҳаррири ва “Arab News” газетаси мухбири Иззатилла Хашми қаламига мансуб Ўзбекистон ҳақидаги салмоқли  мақола босилиб чиқди.

Унда журналист Ўзбекистон тарихига мурожаат қилар экан, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йиллари давомида юртимиз бўйлаб амалга оширган сафарлари ҳақидаги таассуротларини ҳам қаламга олган. Мақола мазкур сафарлар ҳақида атрофлича тасаввур уйғотадиган ранг-баранг суратлар билан бирга чоп этилган.

Муаллифнинг қайд этишича, собиқ шўролар иттифоқи даврида айрим ўзбеклар бошқа қатор мамлакатларга, жумладан, Афғонистон ва Покистонга кўчиб кетишга мажбур бўлишган. Улар ўзбеклар замини мустақилликни қўлга киритгани ҳақидаги хабарни катта қувонч билан қабул қилишгани газетхонларнинг эътиборига ҳавола этилган. “Чунки муҳожирлар учун ўзларининг тарихий ва қадрдон Ватанига бориш имкони яратилган эди”, деб ёзади муаллиф.

Иззатилла Хашми эътироф этганидек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатида оёққа туриши ва изчил равнақ топишига бебаҳо ҳисса қўшди. Унинг раҳбарлигида 1991 йилнинг 31 августида «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонун қилингани ҳолда мамлакат ўз ривожланиш йўлини танлади, иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотларнинг муҳим босқичларини босиб ўтди ва салмоқли муваффақиятларни қўлга киритди.

Шу билан бирга, нашр Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари, тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканлар сақлаб қолингани, улар янада бойитилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаган. Бу йўналишда амалга оширилган улкан  саъй-ҳаракатлар мамлакатни том маънодаги Осиё ганжинасига айлантирди, деб ҳисоблайди муаллиф. 

Маълумот тариқасида шуни ҳам қайд этиш ўринлики, “Urdu News” Форс кўрфази ҳудуди мамлакатларида истиқомат қиладиган мамлакатларнинг урду тилли аҳолиси ўртасидаги оммабоп газета ҳисобланади. 1992 йилдан буён чоп этиладиган мазкур нашр ҳар куни 65 минг нусхада чоп этилади.

“Жаҳон” АА,

Жидда

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!