Ўзбекистон - Ҳиндистон алоқалари “India-CIS” журнали нигоҳида

Ташрифлар: 65

Сана: 11.10.2017 17:54

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси Ҳиндистон – МДҲ Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда мазкур палата муассислигида нашр қилинадиган “India-CIS” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сонини чоп этди.

Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари ҳамда мамлакатимизнинг иқтисодий, сайёҳлик ва маънавий-маданий салоҳияти ҳақида ҳикоя қиладиган ранг-баранг материаллар журналнинг мазкур сони саҳифаларидан жой олди.

Масалан, “Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатларининг чуқур илдизлари” сарлавҳали асосий мақолада жорий йил июн ойида Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашувининг якунлари қаламга олинган. Унда таъкидланишича, музокараларда томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун муштарак манфаатдорликнинг мавжудлигини тасдиқлашди.

Мақолада Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчилари замонавий босқичда яқин шерикликни чуқурлаштиришга, уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида аҳамият беришаётгани қайд этилган.

Яна бир мақола жорий йил 20 – 24 август кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Ҳиндистонга буюрган ташрифи тафсилотларини қамраб олган. Маълум қилинганидек, Ҳиндистоннинг вазирлик ва идораларида бўлиб ўтган учрашув ҳамда музокаралар самарали кечди. Бундан ташқари, ташкил қилинган бизнес форум доирасида Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо уйининг очилиши бўлиб ўтди, 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари ва сармоявий битимлар имзоланди.

Мамалакатимизнинг иқтисодий ривожланиши жараёнларига бағишланган мақолада эса кейинги ўн йил давомида республикамиз ялпи ички маҳсулотининг барқарор ўсиши кузатилаётгани, у ўртача 7 фоизни ташкил этаётгани ўқувчиларга маълум қилинган. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда рўй бераётган туб ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш, ижтимоий соҳани яхшилаш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Шунингдек, нашр Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари бағрида жойлашган диққатга сазовор масканлар ҳақида ҳикоя қилар экан, Ўзбекистонда 7 мингдан зиёд ноёб тарихий ёдгорлик ва меъморий обидалар борлиги, уларнинг кўпгинаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

“Индиа-CИС” журналининг Ўзбекистонга бағишланган мазкур махсус сонида Ўзбекистонда ипакчилик соҳасининг ривожланишига оид мақола ҳам мавжуд. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва унда янги вазифа ҳамда устуворликларнинг белгилаб берилгани тармоқни ривожлантиришга катта туртки берди.

Юқоридагилар билан бирга, жорий йил охирига қадар Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган халқаро сайёҳлик ва бизнес тадбирлари ҳақидаги ахборот материаллари ҳам журналнинг ушбу сони саҳифаларидан ўрин олган.

“Жаҳон” АА,

Деҳли

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!