Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар

Ташрифлар: 109

Сана: 20.03.2017 19:36

Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ҳиндистон Президенти Пранаб Мукержи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаган. 

Ҳиндистон Президенти қутловида бундай дейилади: "Сиз Жаноби Олийларига, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўзимнинг самимий табрикларимни йўллашдан ғоят мамнунман. 

Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасида кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик ришталари мавжуд. Ҳамкорлигимиз икки томонлама асосда, шунингдек, бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида халқаро форумлар доирасида изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлайман. Ўтган 25 йил давомида биз янада яқинлашдик ва стратегик шериклик муносабатларимиз ўзаро манфаатли барча соҳаларда мустаҳкамланди". 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз қутловида дунёдаги долзарб масалалар юзасидан икки мамлакатнинг сиёсати ва позицияси яқинлигини, БМТ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш Ўзбекистон билан Ҳиндистон манфаатларига мос келишини таъкидлаган. 

Давлатимиз раҳбари "Ўзбекистон барча йўналишлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатларни янада кенгайтириш, бунинг учун мавжуд улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишга тайёр" эканини қайд этган. 

Президентимиз мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан тенг ҳуқуқли ва узоқ муддатли ҳамкорликни Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари манфаатлари йўлида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!