Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ташрифлар: 221

Сана: 21.04.2017 11:15

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Таъкидлаш жоизки, 2011-2016 йилларда Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида 25 та олий таълим муассасасининг 202 та объектида янги қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилди. 

Иқтисодиётнинг реал сектори талабларидан келиб чиқиб, муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқишга қабул қилиш, унинг умумий сонига нисбатан 23 фоиздан 33,2 фоизга ошди. Олий таълим соҳасида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янгиланган давлат олий таълим стандартлари ва ўқув дастурлари жорий қилинди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги Ф-4724-сон фармойиши билан ташкил қилинган Ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор олий таълим муассасаларида ҳали ҳам илмий-педагогик салоҳиятнинг пастлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди. 

Олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти. 

Олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш мақсадида: 

1. Олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб қуйидагилар белгилансин: 

ҳар бир олий таълим муассасаси жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларини кенг жорий қилиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз олий таълим муассасалари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш; 

олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, олий таълим муассасаларида ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини истиқболда минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, амалга оширилаётган ҳудудий ва тармоқ дастурларининг талабларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш; 

таълим жараёнини, олий таълимнинг ўқув режа ва дастурларини янги педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини кенг жорий этиш, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан янгилаш ва замонавий ташкилий шаклларни жорий этиш асосида янада такомиллаштириш; 

янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётлар сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш; 

педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, олий таълим муассасалари ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш; 

олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш; 

олий таълимнинг маънавий-аҳлоқий мазмунини ошириш, талаба-ёшларга мустақиллик ғояларига, юксак маънавият ва инсонийликнинг миллий анъаналарига содиқлик руҳини чуқур сингдириш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга нисбатан иммунитет ва танқидий тафаккурни мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли маърифий ва тарбиявий ишларни олиб бориш; 

олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, олий таълим илм-фанининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораторияларини замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янада мустаҳкамлаш; 

олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш, олий таълим муассасалари талабалари, ўқитувчилари ва ёш тадқиқотчиларининг жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини кенгайтириш. 

2. 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур), унинг таркибида қуйидагилар: 

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлари 1-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизациялаш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш комплекс чора-тадбирлари 2-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш молиявий харажатлар ҳажмининг ҳисобланган параметрлари 3-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 4-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда ўқув ва илмий лаборатория ускуналари билан жиҳозлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли дастурларига киритиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 5-иловага мувофиқ; 

2017-2021 йилларда олий таълим муассасаларини ривожлантиришнинг манзилли дастурлари 6-74 иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш педагог ва илмий ходимлар малакасини ошириш бўйича “Истеъдод” фондининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни, қуйидагиларни инобатга олган ҳолда, тайёрласин: 

хорижий таълим ва илмий муассасаларида олий таълим муассасаларининг педагог ва илмий ходимлар малакасини ошириш, стажировкасини ўтказиш, битирувчиларнинг PhD ва магистратура дастурларида ўқитишни ташкиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни; 

юқори малакали хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни хорижий олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик механизм ва шаклларини жорий этишнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, Олий таълим муассасалари ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказлари ўқув жараёнига кенг жалб этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини; 

“Истеъдод” фондининг молиявий ресурсларини шакллантириш манбаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини жалб этишни. 

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни республика олий таълим муассасалари, Олий таълим муассасалари ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ марказлари (кейинги ўринларда – Тармоқ марказлари) ўқув жараёнларига жалб этишда: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган таклифлари асосида хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида белгиланган миқдорда эркин конвертация қилинадиган валютада амалга оширилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар учун икки томонга авиачипталарни сотиб олиш харажатлари (узоқ муддатли меҳнат шартномаларида бир йилда икки мартадан ошмаган ҳолда) олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари томонидан миллий валютада тўланади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг бир ойдан ошмаган муддатга тузилган қисқа муддатли меҳнат шартномалари бўйича республика меҳмонхоналарида яшаш харажатлари олий таълим муассасаси, Тармоқ марказлари томонидан миллий валютада тўланади, бундан узоқ муддатга тузиладиган меҳнат шартномалари бўйича хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг уй-жой ижара харажатлари тузилган шартнома шартларига мувофиқ ойлик маошларини тўлашда амалга оширилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларга Ўзбекистон Республикасида бўлган даврида кунлик сафар харажатлари 20 АҚШ доллари эквивалентидаги кундалик меъёр бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланади; 

олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари жисмоний шахслар даромад солиқлари тўлашдан озод этилади; 

олий таълим муассасалари, Тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари ягона ижтимоий тўловларидан озод этилади; 

хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассисларни жалб этиш ва уларнинг моддий таъминоти бўйича харажатларни молиялаштириш манбаси сифатида олий таълим муассасалари ва Тармоқ марказларига ўрнатилган тартибда ажратиладиган бюджет маблағлари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия ва бошқа ташкилотлар, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади. 

5. Таълим ва ўқитиш сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасаларини аттестация қилиш бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб: 

таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор-ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш; 

идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси фаолиятини ташкил қилиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг манфаатдор давлат бошқаруви органлари билан келишилган қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:

Наманган муҳандислик-педагогика институтини Наманган муҳандислик-қурилиш институтига айлантириш ва унинг ихтисослашувини ўзгартириш; 

Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университети филиалларини ташкил қилиш. 

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда мазкур таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини тўлиқ ташкил қилиш, профессор-ўқитувчилар таркибини бутлаш, зарур моддий-техника ва ўқув-лаборатория базасини шакллантиришни назарда тутувчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

7. 2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун 75-сонли иловадаги таркибга мувофиқ Комиссия ташкил қилинсин. 

Комиссия (А.Н.Арипов): 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг таклифлари бўйича ҳар йили, молиявий харажатларнинг умумий тасдиқланган параметрлари доирасида, олий таълим муассасаларининг ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини уларнинг техник ҳолатини, шунингдек, ҳар бир олий таълим муассасасининг моддий-техника таъминотини инобатга олган ҳолда қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли рўйхатларини тасдиқласин; 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг асосланган таклифлари бўйича молиявий йил учун белгиланган капитал қўйилмалар доирасида тасдиқланган манзилли рўйхатлар параметрларига ўзгартиришлар киритиб борсин; 

Дастурнинг амалга оширилиб бориши бўйича тизимли мониторинг ўрнатсин ва унинг бажарилиш натижаларини Вазирлар Маҳкамасининг ярим йил ва йил якунлари бўйича ўтказиладиган йиғилишлари муҳокамасига киритиб борсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин. 

9. Дастурнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари; 

Навоий кончилик институти, Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари ҳамда Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича – идоравий мансублиги бўйича тегишли ташкилотларнинг ўз маблағлари. 

10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2018 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда, Комиссия қарори асосида, олий таълим муассасаларида қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ресурсларидан ажратилишини назарда тутсин. 

11. Белгилансинки, Дастурни амалга оширишни молиялаштириш учун 2017-2021 йиллар мобайнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан йўналтирилган хайрия маблағлари фойда солиғини ҳисоблашда ва ягона солиқ тўловини тўлашда солиққа тортиш базасидан чиқарилади. 

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий таълим муассасалари ўқув ва илмий-лаборатория бинолари ва корпуслари, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни лойиҳалаштиришда кўлланиладиган ягона техник топшириқ ва талаблар концепциясини ишлаб чиқиш бўйича бош лойиҳачи ташкилот сифатида “Ташгипрогор” акциядорлик жамиятини белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларга олий таълим муассасаларида қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ишларни ташкил этишда, жумладан, зарур ҳолларда, уларга ер майдонларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишда ва ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланишда кўмаклашсин; 

олий таълим муассасаларининг ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланишида оптимал техник шароитлар яратилишини таъминласин. 

Олий таълим муассасалари ихтиёридаги ер майдонларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида амалга оширилиши белгилансин. 

14. Қуйидагилар 2022 йилнинг 1 январигача: 

2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 21 майдаги ПҚ-1533-сонли қарори билан тасдиқланган 2011-2016 йилларда Олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари дастури доирасида олиб кириладиган замонавий ўқув-лаборатория, илмий-лаборатория ва компьютер ускуналари, сарфланадиган лаборатория материаллари (бутловчи материаллар, реактивлар, кимёвий идиш, биологик материаллар ва объектлар), дастурий маҳсулотлар, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича хорижий ўқув ва илмий-методик адабиётлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно); 

таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномалар бўйича бажариладиган амалий, инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича юридик шахсларнинг даромад солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод этилсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси: 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда олий таълим соҳасида замонавий стандартлар талабларидан келиб чиқиб, мавжуд майдонлардан оптимал фойдаланиш, замонавий ресурс ва энергия тежамкор технологияларни қўллаш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарилган қурилиш материаллари ва бутловчи қисмлардан устувор фойдаланишни назарда тутган ҳолда олий таълим муассасалари бўйича шаҳарсозлик қурилиш меъёрлари ва қоидаларини танқидий қайта кўриб чиқсин; 

ишлаб чиқилаётган лойиҳа-смета ҳужжатлари, берилаётган эксперт хулосалари ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши сифати устидан доимий ва тизимли назоратни таъминласин. 

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 20 апрель 
 

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим 
тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари 
тўғрисида”ги қарорига
 
ШАРҲ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда, кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган. 

Мустақиллик йилларида иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, юртимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, унга ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида катта ишлар қилинди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 октябрдаги фармойиши асосида тузилган ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги мавжуд ҳолатни ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, қатор олий таълим муассасаларида илмий-педагогик салоҳият ҳануз паст даражада қолмоқда, таълим жараёнининг ўқув-методик ва ахборот таъминоти замонавий талабларга мос эмас, моддий-техник база тизимли равишда янгиланишга муҳтож. Олий таълим тизимида ўқув жараёнига илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш, етакчи хорижий турдош илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасидаги ишлар талаб даражасида олиб борилмаяпти. 

Қабул қилинган қарорга кўра, қуйидагилар олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари этиб белгиланди: 

ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан хориждаги етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини яқиндан йўлга қўйиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган энг замонавий педагогик технологиялар, таълим дастурлари ва ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, илмий-педагогик фаолиятга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш; 

олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларни ҳудудлар ва соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни комплекс тараққий эттириш истиқболларини инобатга олган ҳолда оптималлаштириш; 

янги авлод ўқув қўлланмаларини яратиш ва олий таълим тизимига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ва таржима қилиш негизида ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш; 

педагог кадрларнинг касб малакаси ва маҳоратини сифат жиҳатдан мунтазам ошириб бориш, педагог ва илмий ходимларнинг стажировкадан ўтишини йўлга қўйиш, олий таълим муассасалари битирувчиларини PhD дастури ва хорижий магистратура дастурлари асосида ўқитиш; 

олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим тизимида илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш, уларнинг академик илм-фан билан интеграциясини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб этиш; 

олий таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, талаба-ёшларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини, халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғусини чуқур сингдириш, биз учун мутлақо ёт ва бегона бўлган ғояларга нисбатан уларда мустаҳкам иммунитет ва танқидий муносабатни шакллантириш; 

олий таълим муассасалари моддий-техника базасини уларнинг ўқув ва илмий-лаборатория биноларини, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаларини қуриш, капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш орқали янада мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан соҳаларининг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораториялар базасини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш; 

олий таълим муассасаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлаш, талабалар, ўқитувчи ва ёш тадқиқотчиларнинг жаҳондаги илғор таълим ресурслари, илмий адабиётлар ва маълумотлар базаси бўйича электрон каталогларга кириш имкониятини кенгайтириш. 

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида олий таълим даражасини сифат жиҳатидан ошириш ва тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялари, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди. 

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади. 

Қарорнинг муҳим аҳамиятини кўрсатадиган яна бир жиҳат шундан иборатки, мамлакатимиз Президенти томонидан ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича қуйидаги конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган манзилли ривожлантириш дастурлари тасдиқланди: 

олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутадиган 2017-2021 йилларга мўлжалланган параметр ва кўрсаткичлари; 

ўқув бинолари, талабалар турар-жойлари, ахборот-ресурс марказлари ва бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан янги ўқув ўринларини ташкил этиш, янги ўқув-лаборатория комплексларини сотиб олиш, аудиторияларни компьютер техникаси билан жиҳозлаш; 

профессор-ўқитувчиларнинг касб маҳоратини, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларнинг хорижий ҳамкор олий ўқув юртларида малака ошириши, магистратура, докторантурада таълим олиши, ҳамда республикамизнинг таянч олий ўқув юртлари қошида қайта тайёргарликдан ўтиши ва малака ошириши. 

Мазкур дастурда асосан мамлакатимизнинг ҳар бир олий таълим муассасаси билан АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва шу каби бошқа давлатларнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда ҳар йили 350 нафардан ортиқ хорижлик юқори малакали педагог ва олимларнинг мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқув жараёнига жалб этилиши кўзда тутилмоқда. 

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, олий таълим муассасалари педагог ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича амалдаги тизимни жиддий такомиллаштириш ва бу борада моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этишга эҳтиёж сезилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълим вазирлигига уч ой муддатда илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, олий ўқув юртлари педагог ходимларига уларнинг касб маҳорати, фаолиятидаги юқори натижадорлик ва тарбиявий соҳадаги самарали иштирокини инобатга олиб, устама ҳақ тўлашни белгилаш тизими бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилди. 

Қарорга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда иқтидорли ёш педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларида илмий-педагог ходимларнинг малака ошириши ва қайта тайёргарликдан ўтишини, олий таълим муассасалари битирувчиларининг PhD дастури ва уларнинг магистратурада ўқишини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган таклифлар киритиш топширилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида корхоналарнинг буюртмасига асосан амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширадиган таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан, ягона солиқ тўловидан, мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий тўлов ва қўшимча қиймат солиғидан озод қилинди. 

Таълим-тарбия жараёнларининг сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси – таълим-тарбия жараёни, профессор-ўқитувчилар таркиби, таълим тизимида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати ҳамда мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, таълим-тарбия сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишдан иборат. 

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, мамлакатимизнинг изчил ривожланиб бораётган иқтисодиётини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, барча ҳудудлар ва тармоқларни стратегик жиҳатдан комплекс ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш борасида олий таълим тизими иштирокини кенгайтириш йўлидаги яна бир муҳим амалий қадамдир.