Ўмон ТИВ Бош котиби билан учрашув ва икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларга доир

Сана: 20.04.2017 13:32

2017 йил 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонга икки томонлама музокараларда иштирок этиш учун келган Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Суҳбат аввалида мамлакатларимизда 22 апрель куни нишонланадиган Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан томонлар бир-бирларини табрикладилар.

Учрашувда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдорлиги ҳамда бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар Ўмоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва тез орада Маскатда очилувчи Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистан Фанлар Академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Ўмон молиявий ва консултатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали алоқаларнинг ёрқин тимсоли эканлигини эътироф этилди.

Суҳбат давомида халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Шу куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ўмон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди доирасида икки томон кун тартибининг асосий масалалари турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш мавжудлиги нуқтайи назаридан батафсил муҳокама қилинди.

Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон-Туркманистон-Eрон-Ўмон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтайи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирларда Ўмон Элчиси Муҳаммад бин Саид бин Муҳаммад ал-Лаватий иштирок этди.

Манбаа

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

138