VODIYMEDIA.UZ: Депутат дегани мана бунақа бўлади! Наманганлик депутат сайловолди ваъдасини депутат бўлган куни бажарди!

Ташрифлар: 66

Сана: 28.09.2017 9:39

Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг бўшаб қолган депутатлик ўрни учун 28-Якккатут сайлов округидан номзодлар сайловчилар билан учрашув чоғида ўзаро дебат ўтказишганди. Сайловчиларни қизиқтирган асосий маҳаллий муаммо – ҳудудда жойлашган 75-умумтаълим мактаби олдига светофор ўрнатиш масаласи бўлганди.
 
“Наманган-Учқўрғон” автомагистрал йўли устида жойлашган бу нуқтадан бир соатда 2500 та автомобиль ўтади. Пиёдалар ўтиш жойидан эса куннинг қизғин пайтида 500 дан зиёд йўловчи кесиб ўтади.
 
Мазкур ҳудудда яшовчи фуқароларнинг гувоҳлик беришларича, ўтган бир йил давомида саккизта автотанспорт ҳодисаси содир бўлган. Унда беш нафар фуқаро вафот этган. Уч нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олган. Бу ҳолатларни эътиборга олганда, сайловчилар учун глобал масалалардан кўра, бу ерга светофор ўрнатилиши аҳамиятлироқ жиҳат экани маълум бўлади.
 
Учрашувда сўзга чиққан депутатликка номзод - Маъруф Мўминов бир фикр билдирди. “Мен сайланаманми - йўқми, тегишли идораларни жалб этиб, светофор ўрнатилишини ижобий ҳал этаман”.
 
Депутатликка номзод сайловолди учрашувидан кейиноқ вилоят ҳокимининг махсус эксплуатация монтаж бўлимига учради. Бўлим бошлиғи масалага жиддий ёндашиб, дарров ходимларга керакли топшириқларни берди, ишчиларни ажратди. Юқорида қайд этилган жойдаги пиёдалар йўлкаси рангли бўёқ билан ажратилди. Мактабга яқин ҳудудга тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилди.
 
Ниҳоят 17 сентябрь куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашига сайлов бўлиб ўтди. Унда ЎзЛиДеП аъзоси, “Наманган китоб олами” МЧЖ директори Маъруф Мўминов энг кўп овоз олди. Бу ҳақда Наманган шаҳар сайлов комиссиясининг қарори эълон қилинди.
 
Маъруф Мўминов шу куниёқ тегишли идоралар билан боғланди. Ўзи ҳам участка механиги билан иш устида бўлди. Мактаб қаршисида ҳайдовчи ва пиёдаларга қулайлик бўлиши учун светофор ўрнатилди. Шундай қилиб, ҳайдовчи ва пиёдаларнинг кўп йиллик орзуси ушалди, талаби қондирилди. Бу эса халқ билан мулоқотда кўтарилган масалаларнинг ижобий ечимидир.
 
Vodiymedia.uz
 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!