Янги Фармон қулайликлар яратади

Сана: 06.09.2017 13:01

Давлатимиз раҳбарининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бирламчи чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони узоқ вақтдан буён интиқ кутилган ҳужжатлардан бири бўлди.

Ушбу фармон биз тадбиркорларга жуда катта имконият яратиб беришини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни кунга қадар маҳсулотимиз ҳомашёсини хорижий валютада сотиб олар эдик. Бу албатта кўп ҳолларда қийинчиликларга, моддий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўларди. Айниқса, маҳсулотларимизни Россия Федерациясига экспорт қилиш жараёнида хорижий валютага мурожаат қилишимизга тўғри келарди. Бунда айрим вазиятларда олаётган соф даромадимиз режадагидай бўлмасди.

Муҳими, Фармонда қайд этилганидек, эндиликда экспорт билан шуғулланувчиларнинг  мулкчилик шаклидан қатъий назар, хорижий валютадан тушумини мажбурий сотиш талаби бекор қилинди.

Шунингдек, мазкур меъёрий ҳужжат билан халқ истеъмол товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар банклардаги ҳисоб варақларида савдо тушумини ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағларини халқаро тўлов карталарига ўтказиш ва чет элда чекловларсиз, шу жумладан, товарларни импорт қилиш учун ишлатиш имкониятига эга бўлдилар.

Бу каби қулайликларнинг яратилиши натижасида юртимизда ишбилармонлик муҳити янада ривожланади. Экспорт қилувчи тадбиркорлар ва фермерлар сони ортади. Энг қувонарлиси, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланади.  

Гулноза Мирзаева,

Андижон шаҳридаги “Саркор-ҳамкор”

трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга

ихтисослашган оилавий корхона раҳбари.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

139