Янги Фармон – тадбиркорга мададкор

Сана: 06.09.2017 9:45

Кейинги йилларда экспортчиларни рағбатлантириш учун кўплаб ишлар амалга оширилди, уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича кўплаб имтиёзлар берилди, экспорт фаолиятини ташкил этиш бўйича қатор тартиботлар бекор қилинди. Экспорт борасида мавжуд имтиёзларга қарамасдан валюта тушумини мажбурий сотиш талаби экспортни янада рағбатлантириш йўлида асосий тўсиқ бўлиб, экспортчилар ўз валюта тушумини тўлиқ тасарруф этиш имкониятига эга эмас эди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги муаммоларни бартараф этиш йўлида ташланган дадил қадам бўлди. Нега деганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжат аввало амалдаги валютани тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, валюта сиёсатини либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар яратишга қаратилган. 

Айниқса, 2017 йилнинг 5 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари жорий халқаро операциялар (товарлар, меҳнатлар ва хизматлар импорти, фойдани репатриация қилиш, кредитларни сўндириш, сафар харажатларини тўлаш ва бошқа савдога оид бўлмаган ўтказмалар) бўйича хорижий валютани тижорат банкларидан чекланмаган миқдорда харид қилишлари белгилаб қўйилгани айни муддао бўлди. Чунки эндиликда тадбиркорлар ўзлари  учун зарур бўлган хорижий валютани тижорат банкларидан, қисқа фурсат ичида сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Бундан ташқари, айирбошлаш курсининг либераллаштирилиши экспорт имкониятларини оширишда кучли рағбатлантирувчи омил бўлиб, бу экспорт ҳажмининг ортишига кўмаклашади ва олинган даромадларни миллий валютага қайта ҳисоблаганда вужудга келадиган фойда ҳисобини ҳам тубдан яхшилайди. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳуқуқий ҳужжат келгусида тадбиркорларимиз учун кенг шароитлар яратиш баробарида уларни эркин ва самарали фаолият юритишларини таъминлайди. Эътиборлиси, тадбиркорлар фаолиятини бундан буён янада ривожланишини таъминловчи, ҳаракатларимизга янги руҳ берувчи, юртдошларимизда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамловчи омил ҳисобланади.

Шухрат Сайлиев,

“Гулноз Раимова транс” МЧЖ раҳбари,

O‘zLiDeP фаоли.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг! 

169