Ишчи гуруҳларининг фаолияти давом этмоқда

Сана: 11.02.2015

11.02.2015й.

Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳлари ўз ишини давом эттирмоқда. Уларнинг таркибида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, жамоат ташкилотларининг вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг мутахассислари фаолият кўрсатмоқда.

Қонунга асосан текшириш учун имзо варақалари танлаш йўли билан ажратиб олиниши мумкин. Сайловчилар имзолари ва сайлов варақаларига имзо қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар зарур миқдорининг камида 15 фоизи теширувдан ўтказилади.

Бунда текшириш учун ҳар бир сиёсий партия томонидан кўрсатилган ҳар бир Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб тўпланган сайловчилар имзоларининг тенг миқдордаги сони ажратиб олинади.

Ишчи гуруҳи аъзолари ҳар бир имзо варақасини кўздан кечирадилар, бунда уларнинг тўғри тўлдирилганлигига, йўл қўйилган тузатишлар, ўчириб ёзилган жойлар мавжудлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар, қўшимча имзо билан тасдиқланган тузатишлар мавжудлигига алоҳида эътибор берадилар.

Кўздан кечириш пайтида камчиликлари аниқланган ёки шубҳа туғдирадиган ноаниқликлари мавжуд имзо варақалари батафсил текшириш учун ажратиб олинади.

Ишчи гуруҳи имзо варақаларини текширишни ўтказаётган хонада сиёсий партияларнинг вакиллари кузатувчи сифатида ҳозир бўлмоқда.

Текшириш тугаганидан сўнг баённома тузилиб, унда сайловчиларнинг тақдим этилган имзолари сони, сайловчиларнинг текширилган имзолари сони, сайловчиларнинг ноаниқ ва ҳақиқий эмас деб топилган имзолари сони кўрсатилади. Баённоманинг нусхаси сиёсий партиянинг вакилига берилади.

Шунингдек, ушбу баённома Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорини қабул қилиш учун асос ҳисобланади ва унга илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази