Яратувчанликка даъват

Ташрифлар: 41

Сана: 12.10.2017 19:27

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида қўлга киритилган салмоқли муваффақиятларни эътироф этган ҳолда, бу соҳада бор салоҳиятимизни ишга солишга, барча имкониятлардан тўлиқ ва унумли фойдаланишга монелик қилаётган айрим камчиликлар, муаммолар мавжудлигини ҳам инкор қилолмаймиз. Президентимизнинг кечагина эълон қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда унинг ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган қарорида ана шу салбий ҳолатлар рўйи-рост баён қилиниши баробарида уларни бартараф этишга қаратилган вазифалар ҳам аниқ-равшан белгилаб берилди. Мазкур фармон ва қарор ижросини таъминлашда тадбиркорлар, жумладан, ер эгалари манфаатини ифодалаш учун сиёсий майдонга кириб келган O‘zLiDeP ва партиянинг бошланғич ташкилотлари фаол иштирок этиши зарур, албатта.

Қайд этиш зарурки, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида фуқароларнинг томорқадан унумли фойдаланишини ташкил этиш борасидаги кўрсатмалари, партиямизнинг VIII съездидаги маърузасида билдирган фикр-мулоҳазалари ҳамда партия сайловолди дастуридаги тегишли вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида шу йилдан эътиборан “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси амалга ошириляпти. Партиянинг ҳар бир таянч тузилмаси маҳаллий кенгаш депутати билан ҳамкорликда томорқасида хусусий фаолиятини бошламоқчи бўлган ёки иш бошлаб, айрим муаммоларга дуч келаётган оилаларга кўмак қўлини чўзди. Фаолларимиз “Томорқа — қўшимча даромад манбаи” шиори остида таъсирчан тарғибот ишларини олиб боришаяпти. Томорқа хўжаликларини тўла тиклаб олишга, хонадонларнинг моддий фаровонлигини, маънавий ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашяпти. Таъкидлаш керакки, йигит-қизларнинг мазкур лойиҳага қизиқиши кучли. Айниқса, уюшмаган ёшларнинг томорқачиликка жалб этилишига алоҳида эътибор берилаётир. Президентимиз қарорида ёшларга фермер ва деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкалари ажратилиши белгилангани катта аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаш даркор.

Лойиҳа доирасида бошланғич ташкилотларга 52 минг 918 та оила бириктирилди. Шу кунгача таянч тузилмаларимиз 18 минг 152 та хонадон соҳиблари билан юзма-юз мулоқотда бўлди. 12 минг 193 та хонадон томорқада ўз бизнесини бошлади. Партиямиз вакиллари 9 минг 48 та оилага ерга ишлов бериш, уруғлик ва бошқа масалаларда амалий ёрдам бердилар.

Ўрганишлар жараёнида кўплаб юртдошларимизнинг ўз томорқасида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлиги, аммо ишни нимадан бошлашни билмаслиги аён бўлди. Шу боис бошланғич ташкилотлар тумандаги энг намунали томорқа ва кўп тармоқли фермер хўжаликлари соҳиблари билан учрашувлар ташкил этмоқдалар. Бундай мулоқотларда томорқа хўжалигини юритиш истагидаги одамлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олмоқдалар. Шунингдек, таянч бўғинлар фаоллари депутатлар билан биргаликда томорқа эгаларини қийнаётган муаммолар ечимини топиш бўйича таъсирчан чораларни кўряптилар.

БПТ фаоллари ва депутатлар мулоқотлар асносида серғайрат, яратувчанликка иштиёқи баланд инсонлар билан бирга лоқайд, беҳафсала, “олма пиш, оғзимга туш” қабилида кун кечираётган юртдошларимизга ҳам дуч келинаётганини афсус билан айтадилар. Ер, сув... қисқаси, ҳамма шароит бор, аммо иш-ҳаракат, интилиш йўқ. Боқимандалик кайфиятида яшаётганлар, турган гапки, турмуш муштларига рўбарў келаверадилар. Бу ёқда эса ернинг умри бекор ўтади. Фармонда томорқасига беэътибор бўлганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши белгилангани айни ҳаётий заруриятдан келиб чиққан.

Президентимиз фармони ушбу партиявий лойиҳага ҳар жиҳатдан ғоят самарали таъсир кўрсатиши аниқ. Лойиҳа доирасидаги ишларни мазкур меъёрий ҳужжат мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқишга киришдик. Чунончи, муайян тажриба шундан далолат беряптики, кўзланган хайрли мақсадларга эришиш учун ҳамкор ташкилотларнинг ҳам жонбозлиги зарур. Биринчи навбатда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик қилиш заруратини теран англаяпмиз.

Сардор МАЛИКОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори мудири 

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!