“Ёш фермерлар” белашувига марҳамат

Ташрифлар: 12

Сана: 15.12.2016 12:23

Бугун ерни ўзининг ҳақиқий мулки деб билиб, у билан тиллашиб, диллашиб, эл фаровонлиги-ю давлат равнақига катта ҳисса қўшиш мақсадида астойдил ишлаётган ер эгалари орасида ёш фермерларнинг кўплиги кишини қувонтиради.

Айниқса, ёш фермерларнинг мамлакатимизда мавжуд ер-сув, моддий-техника ресусрларидан оқилона фойдаланиб, агросаноат тизимида замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми кенгайиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишида қўшаётган муносиб ҳиссаси таҳсинга лойиқ.

Мамлакатимизда жадаллик билан ривожланиб бораётган фермерлик ҳаракатида фаол иштирок этаётган ана шундай шижоатли, изланувчан, теран фикрлайдиган, ташаббускор, дунё қараши кенг бўлган, қишлоқ инфратузилмасининг ривожланиши ва аҳолисининг фаровонлигини ўсиши учун масъулият билан меҳнат қилаётган ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг юртимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида O‘zLiDeP томонидан ҳар йили анъанавий тарзда “Ёш фермер” кўрик танлови ўтказиб келинаяпти.

Сурхондарё вилоятида ўтказилган кўрик танловда ҳам 18-35 ёшгача бўлган вилоятлик фермер хўжалик раҳбарлари ҳамда уларнинг иш юритувчи менеджерлари иштирок этди.

Кўрик-танловда иштирокчилар ўзи бошқараётган фермер хўжалигида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги натижалари, янги иш ўрни яратиш, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига жалб қилиш, қишлоқ ёки маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва тегишли муаммоларни ҳал этиш бўйича таҳлилларга асосланган тақдимот шаклидаги ўз лойиҳасини намойиш этдилар.

—Тақдимот давомида фермер хўжалигимизнинг истиқболдаги режалари билан ҳам ўртоқлашдик, – деди 1-ўрин ғолиби, Қумқўрғон туманидаги “Шухрат-Мухтор” фермер хўжалиги раҳбари Шухрат Тошпўлатов. —Келгусида хориждан янги технологияларни олиб келиб хўжалигимизда етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш ва қадоқлашни йўлга қўйиш ниятидамиз. Ишончим комил, олдимиздаги режаларимизни амалга оширишда ҳеч бир тўсқинликка, қийинчиликка дуч келмаймиз. Тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириш, ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар бизларга катта куч бағишлаб, эртанги  порлоқ кунимизга бўлган ишончимизни янада оширмоқда.

Сурхондарёлик ёшларнинг катта қизиқиши ва жўшқин кайфияти билан ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида ғолибларни аниқлаш бир оз мушкул бўлди, дея ўз таасуротлари билан ўтоқлашди партия вилоят Кенгаши “Ёшлар билан ишлаш” бўлими мудири Зебинисо Сапарова. — Танловнинг туман босқичларида 30 дан ортиқ ёш фермерлар иштирок этган бўлса, вилоят босқичида 16 нафар энг фаол, энг иқтидорли фермерлар қизғин беллашиб, ўз билимларини намоён қилди. Ёш бўлишига қарамай меҳнатсеварлиги, интилувчанлиги, деҳқончиликнинг сир-асрорларини пухта ўзлаштирганлиги билан улар кўпчиликни лол қолдирди. Ёшларнинг иш бошқариш усуллари, раҳбарлик қобилиятлари ҳам синовдан ўтказилиб, энг муносибларига танловнинг Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилди.

Х.Бўриев,

Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот

 ишлари бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!