Ёш фермерлар тажриба алмашди

Ташрифлар: 124

Сана: 20.12.2016 12:23

Самарқандда “Ёш фермер” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, фермерларга кенг имтиёз ва преференциялар бериш, қишлоқда шаклланаётган янги мулкдорлар синфининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз томонидан яратилган бундай қулай имкониятлардан фойдаланиб, самарали фаолият кўрсатаётган фермерлар сафида ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Айни пайтда Самарқанд вилоятида 140 нафар ёш фермер қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришмоқда. Мазкур танлов уларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда. 

Танлов ҳакамлар ҳайъати ёш фермерлар етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, уларнинг хўжаликни иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ ижтимоий инфратузилмасини такомиллаштиришга оид фаолияти, келгуси режа ва лойиҳаларига эътибор қаратди. Фермерлик бошқаруви, бухгалтерияси, хуқуқий ваколатлари, иқтисоди, техник базаси, электронлаштириш юзасидан савол-жавоблар орқали уларнинг билимини синовдан ўтказди. 

Иштихон туманидаги “Домла Аброрий Умр” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Раббимов, Нуробод туманидаги “Анжирли ғурури фахри” фермер хўжалиги раҳбари Эгамберди Диёров, Пахтачи туманидаги “Достонбек баракали толаси” фермер хўжалиги раҳбари Достон Саимов ғолиб бўлди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. 

Тадбир давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш, боғдорчилик, иссиқхона хўжалиги, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичилик йўналишларида тажрибали фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар ёш фермерларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берди. 

ЎзА
 
O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!