“Ёш партия етакчилари –келажак кадрлари”

Ташрифлар: 111

Сана: 23.12.2016 14:51

Жорий йил Сурхондарё вилояти Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан партиявий устувор вазифаларга қаратилган жами 150 га яқин тадбирлар ўтказилиб, уларда 11 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.

Айниқса, “Ёш партия етакчилари –келажак кадрлари”, “Хавсиз интернет”, “Парламентда менинг ўрним”, “Ишбилармон талаба”, “Диплом билан бизнесга”, “Ёш олимлар ва мутахассислар” ва “Ёш фермер” каби 10 дан ортиқ турли лойиҳаларда ёшлар катта қизиқиш ва шижоат билан иштирок этди.

Хусусан, партия вилоят Кенгаши томонидан Термиз давлат университетида “Ёш партия етакчилари – келажак кадрлари” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбир вилоятлик ёшлар учун яна бир янги имконият эшигини очди десак янглишмаймиз. Сабаби, тадбирда партия дастури ва уставида назарда тутилган устувор вазифаларидан келиб чиқиб, партиянинг ёшлар қатлами орасидаги сиёсий имиджини ошириш ҳамда партия кадрлар заҳирасига иқтидорли ёшларни жалб қилиш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиш учун имконият яратиш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалалари эътибор марказида бўлди.

Тадбир ташкилотчилари даставвал ёшларни O‘zLiDeP фаолияти, таркибий тузилмалари, партия депутатлик корпуси ҳамда “Ёшлар қаноти” фаолияти билан яқиндан таништирди.

— O‘zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида ёшларга оид партия позицияси аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган, - дейди партия Термиз шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Г.Бобоқулова. —Шу асосда ёшлар билан ишлаш бўлими ва унинг фаолияти ўтган йиллар давомида янги босқичга кўтарилди. Жумладан, ёшлар билан ишлашда янги услубларидан фойдаланган ҳолда устувор йўналишлар бўйича бир марталик тадбирлардан воз кечиб, ёшларга оид масалаларни ўзига қамраб олган партиявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши бугун ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади.

Тадбирда сўз олган партия фаоллари қайд этишларича, ўтган йили партия тузилмаларидаги ходимларнинг 51 фоизни айнан ёшлар ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 56 фоизга етди. Бу партия фаолиятига ёшларнинг қизиқиши кун сайин ортиб бораётгани ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

–Мазкур лойиҳада иштирок этиб, иқтидорли ёш сифатида партия кадрлар захирасидан жой олганимдан мамнунман, – дейди Термиз давлат университети талабаси Зайниддин Абдуламитов. – Келгусида олийгоҳни тамомлаб, юртим равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, етук кадр бўлишга ваъда бераман.

Тадбир якунида ёшларга партия фаолияти акс этган тарқатма материаллари тақдим этилди.

Зебо Сапарова,

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

“Ёшлар билан ишлаш” бўлими мудири

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!