Ёшлар бандлигини таъминлаш — пировард мақсад

Ташрифлар: 147

Сана: 17.05.2017 17:26

Бугунги кунда Ш.Рашидов туманида 9 та касб-ҳунар коллежлари фаолият юритади. Туманда ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиб, келажакда жамиятда муносиб ўрнини эгаллаши учун барча шарт-ша­роитлар яратилган. Эътиборлиси, жорий йилда мазкур касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 2 минг 378 нафар ўқувчиларнинг бандлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз юритилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда касб-хунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида коллежлар ва корхоналар ўртасида битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келажакда мазкур корхоналарда ишга жойлашиши бўйича шартнома тузишнинг ҳолати бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Худойшукуровнинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилишича, айни чоғда туман меҳнат бўлими томонидан ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун белгиланган жадвалга мувофиқ, иш берувчилар иштирокида қатор бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилиб келинмоқда. Унда кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалар мавжуд бўш ўринлари билан қатнашиб келмоқда. Натижада 2063 та тўрт томонлама шартномаларнинг амалдаги ифодаси сифатида битирувчиларнинг 86,8 фоизи аниқ манзилли иш билан таъминланди.

–Юртимиз аҳолисининг кўпчилик қисмини айнан ёш йигит-қизлар ташкил қилади,  – дейди Дилмурод Худойшукуров. – Биргина, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқув муассасаларида ҳозирда қарийб 60 мингга яқин ўқувчилар таҳсил олмоқда. Ўтган ўқув йили якунларига кўра, вилоятдаги 4 та академик лицей ва 75 та касб-ҳунар коллежларини 93 та йўналиш, 7 та соҳа бўйича жами 18 минг 716 нафар ўқувчи битириб чиқди. Албатта, бу оддий рақамлар эмас, бу рақамлар замирида истиқлол йилларида баркамол авлодни вояга етказиш борасида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларни ўзида мужассамлаштирган қатор соҳа вакилларининг, ватан келажагига бефарқ бўлмаган инсонларнинг умум меҳнати ётибди.

–Коллеж битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича  ишга жойлаштириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлашга эришишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаоллиги муҳим аҳамиятга эга, – дейди O‘zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши  депутатлик  гуруҳлари билан ишлаш сектори  етакчи консультанти Хуршид Тўраев. – Шу боис бугунги кунда партия туман Кенгашимизда фаолият кўрсатаётган депутатлар билан ҳамкорликда ваколатларимиз доирасида ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни бандлигини таъминлаш борасида қатор ишларни амалга ошириб келаяпмиз. Тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида ёшлар билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, қизиқишларини ўрганаяпмиз, тадбиркорликка жалб этаяпмиз. Гап ёшлар бандлиги ҳақида борар экан бу масалада ҳаммамиз қайғуришимиз ва ҳаракат қилишимиз зарур. 

Тадбир якунида Шароф Рашидов туман ҳокимлигининг ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда битирувчиларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш борасидаги фаолиятини кучайтириш борасида таклиф ҳамда тавсиялар берилди.

O‘zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши 

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!