Ёшлар –сайлов арафасида

Ташрифлар: 214

Сана: 24.10.2016 15:45

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши томонидан “Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда профессионал сайлов тизими: Ёшлар ва миллий қонунчилик” лойиҳаси доирасида “Ёшлар – демократик сайловлар арафасида” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.  

Унда тегишли соҳа вакиллари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси, касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари ва ўқувчилари, тадбиркор ва фермерлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда сайлов қонунчилиги ҳужжатларида белгиланган бўлиб, сайлов жараёнлари демократик тамойиллар асосида адолатли, холисона, очиқ ва ошкора ўтказилиши, сайловчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини кафолатлашга, сиёсий партияларнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

–Бугунги тадбир ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини камол топтириш, сайловларда биринчи марта иштирок этаётган ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги даражаси, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган, – дейди O`zLiDeP вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири О.Норжигитов. – Зеро, сайлов ёшларнинг сиёсий манфаатларни ифода этиши ва сиёсий ҳаётдаги ҳамда давлат бошқарувидаги иштирокини таъминловчи асосий демократик воситадир. Чунки, сайлов мамлакатда давлат бошқарувининг ташкил этилишини, халқнинг сиёсий маданиятини, мамлакатдаги ижтимоий адолат, қонунийлик, тенглик, инсонпарварлик каби тамойилларнинг амалдаги ифодасини намоён этади.

Тадбирда шунингдек, “Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш босқичлари”,“Президентлик сайловининг мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги ўрни”, “Ёшларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишдаги партиявий вазифалар”, “Ёшларнинг сайловга оид ҳуқуқлари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбир сўнггида ёшларни сайловга оид қизиқтирган барча саволларга мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати. 

O‘zLiDePнинг «facebook» даги расмий саҳифаси ва «telegram» даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!