Юксалишнинг ҳуқуқий кафолати

Ташрифлар: 51

Сана: 14.12.2016 15:21

Мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори бўлмиш Конституция қабул қилинганига йигирма тўрт йил тўлди. Айтиш жоизки, Бош қомусимиз ўзининг туб моҳияти, ғояси, фалсафасига кўра мукаммал ҳужжат сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражага кўтарди. Унда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида белгиланди. Бошқача айтганда, унда илк бор инсон ҳуқуқ ва манфаатлари конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди.  Хусусан, Асосий қонунимизнинг 13-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний тамойилларга асосланади. Инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар қонунлар орқали ҳимоя қилинади.

Барча соҳалар қатори шахсий мулкка эга бўлиш ва унинг дахлсизлиги масалалари ҳам Конституциямизда алоҳида ўрин эгаллаган. Унга мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган иқтисодиёт негизини хилма-хил шаклдаги мулк ташкил этиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий устунлиги ҳисобга олиниб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланган. Хусусан,  53-моддада хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир, 54-моддада эса мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади деб алоҳида белгилаб қўйилган.

Кейинги йилларда конституциямизда ўз ифодасини топган ушбу моддалар қонун ва фармонлар билан янада мус­таҳкамланди.  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони шулар жумласидандир. Бу ҳужжат энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Шу боис Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан жадал тараққий этаётган, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришган, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити тубдан яхшиланган, ҳаёт даражаси изчил юксалаётган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тарихий аҳамияти ва қадр-қиммати йиллар, асрлар ўтса-да, ошиб бораверади. Зеро, у инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, фаровон турмуш ҳамда юксак тараққиёт даражасига эришишда ўзига хос ҳуқуқий пойдевордир.

Клара Жумамуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O`zLiDeP фракцияси аъзоси.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!