Жиззахда шу йилнинг 5 ойи мобайнида тез тиббий ёрдам марказларига 220 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб берилди

Ташрифлар: 92

Сана: 11.08.2017 11:28

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимизнинг “Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ф.Норқўзиевнинг ҳисоботи эшитилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, “Жиззах Дори-Дармон” МЧЖ томонидан 2017 йилнинг 5 ойи давомида 52 та таъминотчилар билан шартнома тузилиб, 9 436 132 255 сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар харид қилинган. Шунингдек, “Аҳолини ва даволаш профилактика муассасаларини дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлашни назорат қилиш Республика комиссиясининг 2017 йил 12 майда”ги 11-сонли йиғилиш баёнида белгиланган чекланган нархлар бўйича 116 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлардан 666,7 млн. сўмлик харид қилиниб, 462261000 сўмлик даволаш муассасалари ва чакана савдо тармоқларига етказиб берилган.

– Замон ривожланиб, тараққиёт илдамлагани сайин, табиийки, тиббиёт олдида турган  юксак илмий мақсадлар ҳам ортиб боради. Шу боис бугун аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, шу йилнинг 5 ойи мобайнида тез тиббий ёрдам марказларига 220 турдаги 172,7 млн. сўмлик, вилоят туғруқхоналарига эса 61 турдаги 22,8 млн. сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар етказиб берилди.

Тўғри, бугун соҳада амалга оширилаётган айлий ишлар кўлами кенгайган. Бироқ, ечимини кутаётган муаммолар ҳам борки, улар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Масалан, айни чоғда вилоятда 4 та тиббиёт коллежи фаолият кўрсатаётган бўлсада, соҳада ёш малакали фармацевтлар етарли эмаслиги айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яна бир гап. Қишлоқ жойларда янгидан бунёд этилаётган қатор дорихоналарнинг аксарияти қўйилган талаб мезонларига тўлиқ жавоб бермайди.

Йиғилиш давомида иштирокчилар бу каби муаммоли масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, уларга ечим топиш вилоят Кенгаши депутатлари Ш.Болтаев, Х.Алимова, М.Рахмонқуловлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.  

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

Фарход Одилов,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!