O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош

Ташрифлар: 315

Сана: 24.08.2017 19:28

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар шиддат билан олиб борилмоқда.  Бундан кўзланган пировард мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, бой қилиш. Бунга одамларни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали эришиш мумкин, албатта. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги ҳаётий, исбот талаб қилмайдиган сўзларидан токи шу кунга қадар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, уларда ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш бўйича ҳукумат даражасида кўплаб амалий саъй-ҳаракатлар, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Хусусан, аҳолига банкдан кредит олиб, ўз томорқалари асосида шахсий бизнесини бошлаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниб, ушбу ишларнинг ҳуқуқий механизмлари яратилди. Бунинг натижасида аҳоли ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётир. Бу эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “...Аҳолининг ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад топишга иштиёқи кучайса, уларнинг фаровонлиги ортади. ... Уйида даромад топган, фарзандларини ҳам шу руҳда ўстирган оила фаровонлигига замин яратади.” Ҳақиқатан ҳам омилкор, ишбилармон киши учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат бўлмаса керак. Томорқадан унумли фойдаланиш нафақат ўша хонадонга, балки маҳалла-кўй ва бутун жамиятга наф келтиради.

Ҳозирда халқимиз тижорат банкларидан кредитни ҳеч қандай тўсиқларсиз, оворагарчиликларсиз қисқа фурсатларда олаяпти. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир фуқаро ўзининг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит ва имконият яратиб берилди. Танганинг ҳам икки томони бўлганидек, тадбиркорликка қўл уриш истагидаги аҳоли банкдан қийинчиликсиз кредитни олаяпти-ю, лекин уларнинг аксарияти у ёғига нима қилишни, ишни нимадан бошлашни билмасдан чорасиз қолаётганини инкор этиб бўлмайди.

Ваҳоланки, томорқа асосида ўз муваффақиятли бизнесини йўлга қўйиш учун фақатгина кредит олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу борада Президентимиз томонидан қўйилаётган талаб бошқа. Яъни банклар аҳолига фақатгина кредит бериш билан чекланиб қолмасдан, бир вақтнинг ўзида халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим. Мақсадки, аҳолида кредитни олгандан кейин иккиланиш, саросима бўлмаслиги керак. Улар ўз ишини бошлар экан, зарур бўлганда ёнида маслаҳатчиси, суянчиғи борлигини билиб, сезиб туриши керак. Шу орқали кичик бўлса-да, ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топиши ва шу орқали мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшсинлар.

O‘zLiDeP томонидан амалга оширишга киришилган “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам айнан мана шу вазифаларни ҳал қилишга қаратилган. Токи, ҳар бир оила ўз томорқасида бирор бир тадбиркорликка қўл урар экан, ёнида маслаҳатгўйи, ишончли елкадоши борлигини ҳис қилиб турсин. Керак пайтда кимга мурожаат қилишини, кимдан ёрдам кутишини билсин. БПТлар эса ўз навбатида улардан доимо хабар олиб, керак бўлса, зарур ёрдамни олишларига кўмак берсин.

Тўғри, бир қарашда бундай ишлар партия бошланғич ташкилоти ваколатига кирмайдигандек. Лекин, бугун жойларда шундай амалий ишларга қўл урилаётган бир даврда, тадбиркорлар қатлами номидан иш кўраётган сиёсий партиянинг аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлган бошланғич тузилмалари бу ишлардан четда туриши мумкин эмас. Қолаверса, бундай амалий ишлар уларга аҳолининг ичига кириб, дарду-ташвишларига янада яқинроқ бўлиш имконини беради. 

Лойиҳа самарасини қуйидаги таҳлилий ҳисоб-китоблардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Хусусан, айни пайтда партия ҳузурида 11 мингга яқин БПТ фаолият юритмоқда. Энди уларнинг ҳар бири ўртача 5 та оила билан бевосита ишласа, натижада 55 мингдан ортиқ оила қамраб олинади. Бу – агар иш тизимли йўлга қўйилиб, сидқидилдан амалга оширилса, йилига шунча оила тадбиркор бўлади, деганидир. Масаланинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири, партия шу амалий ташаббуси билан Сайловолди дастурида қайд этилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш каби вазифаларни озми-кўпми бажаришга эришади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, партия томонидан мазкур ишлар тўхтаб қолмайди, албатта. Ҳозирча, биринчи босқичда ҳар бир бошланғич ташкилот 5 та оилани қамраб олаётган бўлса, кейинчалик бу рақамни 10-15 тага чиқариш кўзда тутилаяпти.

АНДИЖОН

– Лойиҳа доирасида асосий эътиборни кам таъминланган оилаларга қаратяпмиз, – дейди А. Хонтўраев.  – Бундай оилалар деярли ҳар бир маҳаллада борлиги, уларни турли муаммолар қийнаётгани сир эмас. Бундан ташқари, ҳозирда тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиб, шу асосда тадбиркорликни бошлаган, лекин фаолиятни йўлга қўйишда турли қийинчиликларга дуч келаётган хонадонларга, хориждаги оила аъзоларини ортга қайтариб, уларни ишбилармонлик билан шуғулланишга жалб қилаётганларга партиявий воситалар билан ёрдам кўрсатишга бел боғладик.

Ҳозирда вилоятдаги 617 та таянч бўғиннинг барчаси мазкур хайрли ишларни амалга оширишга киришган. Айниқса, партиянинг Хўжаобод, Андижон, Балиқчи, Олтинкўл, Қўрғонтепа, Улуғнор туман кенгашлари қуйи тузилмалари бу ишда фаол бўлдилар. Хусусан, Улуғнор туманидаги “Шиддат” фермер хўжалигида ташкил этилган  бошланғич ташкилот ҳам яхши натижаларни қўлга киритди. Жумладан, “Чўлобод” маҳалласидаги 5 та муҳтож оиланинг даромади кўпайишига кўмак бераётган сафдошларимизнинг зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришга интилаётгани қувонарлидир.

– Оиламиз 6 кишидан иборат, – дейди Орифжон Муродиллаев. – Иш масаласида кўп жойларга мурожаат қилдим. Бироқ ижобий натижа бўлмади. Партия таянч нуқтаси фаолият юритаётган мазкур фермер хўжалик оиламизни ўз қарамоғига олди. Чунончи, “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида томорқамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйдим.

– Шахсий томорқамизда тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқчи бўлиб юргандим, – дейди Андижон туманидаги “Гулсум” ишлаб чиқариш корхонасидаги БПТ ёрдами билан имтиёзли кредит олаётган, Найман маҳалласида яшовчи фуқаро Азизахон Турғунова. – Ушбу корхонада тузилган қуйи бўғин фаоллари ҳужжатлар тайёрлашимга кўмаклашишди.

– Хорижда ишлардим, – дейди Балиқчи туманидаги “Дўнгсарой” маҳалласида истиқомат қилувчи Фарҳодбек Раҳмонов. – Маҳалла ҳудудида ташкил қилинган партия таянч бўғини аъзолари, депутатлар кўмаги билан шахсий томорқамда лимонарий ташкил қилишга қарор қилдим. Яна чет элга кетиш фикридан қайтдим. Энди ўз уйимда меҳнат қилиб, оиламга даромад келтиришим мумкин эканлигидан хурсандман. 

ҚАШҚАДАРЁ

– Қуйи бўғинлар аъзолари маҳаллий кенгашлар депутатлари билан ҳамкорликда хонадонларга бориб, суҳбат ўтказишяпти, муаммолар ўрганиляпти, – дейди партия ҳудудий ташкилотининг бошланғич ташкилотлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Алибек Раҳматов. – Айниқса,  уюшмаган ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Қайд этиш жоизки, сафдошларимиз кўмагида август ойи давомида йигирмага яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

Қарши шаҳридаги “Санам” масъулияти чекланган жамиятида ташкил этилган БПТ  томонидан Наргиз Қодировага тадбиркорликни бошлаш учун зарур бўлган бизнес лойиҳа тайёрлашда ёрдам берилди. Мазкур қуйи тузилма раиси Ҳалима Ёқубованинг маълум қилишича, йигирма кун мобайнида шаҳардаги бир қанча хонадонларга кириб чиқилди ва муҳтож оилаларнинг 2 нафар аъзоси корхонага ишга жойлаштирилди.

Шаҳрисабз туманидаги “Паҳлавон” тиббий ташхис марказидаги таянч бўғин фаоллари бир неча хонадонга бориб,  ота-оналар ва болалар саломатлигини текширувдан ўтказиб, баъзиларга даволаниш учун  шифохоналарга йўлланма бердилар.

Касби туманидаги “Юрт ризқи” МЧЖда иш юритаётган бошланғич ташкилот томонидан Хўжаҳайрон қишлоғида яшовчи муҳтож оилаларга моддий ёрдам берилди, шунингдек, тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун кўмак кўрсатилди. Сафдошларимиз саъй-ҳаракати билан икки  ёш оила тадбиркорлик мақсадлари учун банкдан сармоя олишга муваффақ бўлдилар. 

Ҳозирда БПТ фаоллари депутатлар билан биргаликда уюшмаган ёшларни фермер хўжаликлари ва саноат корхоналарига ишга жойлаштириш,  маҳалла кўчаларини ҳашар йўли билан ободонлаштириш  ишлари билан машғул.

З. РАҲМОНОВА, С. ИКРОМОВ,

“XXI asr” мухбирлари

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!