O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

СОДИҚЖОН ТУРДИЕВ 

1952 йил 3 декабрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида, ишчи оиласида туғилган, миллати - ўзбек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) аъзоси.

 1969-1975 йилларда Тошкент халқ хўжалиги институтида (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) иқтисодчи мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

 Меҳнат фаолиятини 1975 йилда Андижон вилояти Улуғнор туманидаги ширкат хўжаликда катта иқтисодчи лавозимида бошлаган. 1975 йилдан 2005 йилгача бўлган даврда С. Турдиев Андижон вилоятида хўжалик бошқаруви йўналишида турли лавозимларда фаолият юритган.

 С. Турдиев 2005 йилдан ўз меҳнат фаолиятини мамлакатимизда тобора улкан аҳамият касб этиб бораётган фермерлик ҳаракати билан боғлади ва 2012 йилгача “Асака жилоси” фермер хўжалигига раҳбарлик қилди.

 2010-2013 йилларда у Халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган.

 2012 йил 14 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши таъсис конференциясида Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши раиси лавозимига сайланган ва ҳозирги даврда ушбу вазифада фаолият олиб бормоқда.

 2013 йил 2 декабрда бўлиб ўтган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши VI мажлисида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган.

2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.

 С.Турдиев 2012 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

ЯКУБОВ БАХТИЁР СУЛТОННАЗИРОВИЧ

Якубов Бахтиёр Султонназирович 1969 йилда туғилган.

1993 йилда Тошкент давлат университетини, 2006 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, тарих фанлари номзоди.

1993-1998 йилларда Тошкент давлат университетида, 1998-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида, 1999-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида, 2003-2005 йилларда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида фаолият юритган.

2004 ва 2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган.

2005 йилдан буён O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ташкилий-партиявий ишлар ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

2010-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари лавозимида ишлаб келган.

Б.Якубов 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

ШОУМАРОВ ДИЛШОД ШАВКАТОВИЧ 

1964 йилнинг 31 июлида  Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек.  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) аъзоси.

1981-1986 йилларда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) шарқшунослик факультетида, 1998-2000 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Маълумоти бўйича мутахассислиги —  шарқшунос, халқаро бизнес магистри.

Меҳнат фаолиятини 1986 йилда ТошДУнинг халқаро бўлими катта инспектори сифатида бошлаган.

1987-1991 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида муҳандис-таржимон, 1991-2008 йилларда “КОМЭКО” халқаро ташкилоти, “Азия-Металл-Трейдинг” ҚК, “Акан-Пластик” ҚК, “Протекс-Иншоат” корхонаси, “Қурилиш моллари бозори” МЧЖда раҳбар лавозимларида ишлаган.

2008 йилдан ҳозирги вақтга қадар “DIMAX METALL SERVIS” МЧЖ Таъсисчилар кенгаши раиси, 2013 йилдан буён “Dimax” саноат-савдо кўргазма бизнес маркази раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. 

2015 йилда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланган.

2014 йилнинг 7 октябридан буён O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг мафкуравий ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

АКРАМОВА МУХЛИСА МАНСУРОВНА  

1960 йил 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилган, миллати – ўзбек,  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O‘zLiDeP) аъзоси. 

1985-1990 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида маданий-оқартув ишлар ташкилотчиси мутахассислиги бўйича, 1997-2000 йилларда Тошкент давлати иқтисодиёти университетида менеджер-маркетолог мутахассислиги бўйича, 2007 йил Тошкент давлат юридик институтининг ҳуқуқшунос мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини 1988 йилда Республика қурилиш-монтаж трестида иш юритувчи лавозимидан бошлаган. 1988-1993 йилларда Тошкент шаҳри Ҳамза туманининг “Ҳамза” номли маданият уйи директори, 1993-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Чашма Гарденс” фирмасида бош вакил лавозимларида фаолият юритган. 

1995-1997 йилларда “Анор” жамоат корхонасининг ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича директори ўринбосари, 1997-2007 йилларда “Файз-Барака ММЛ” масъулияти чекланган жамияти директори лавозимларида ишлаган. М.Акрамова ташкилотчилиги, иқтисодий билимларга эга бўлганлиги туфайли қисқа муддат ичида банкрот ҳолатида бўлган ушбу ташкилот фаолиятини йўлга қўйди.  2007-2010 йилларда “Файз-Барака ММЛ” масъулияти чекланган жамият Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритган.

2014 йилдан “Trading corporation” масъулияти чекланган жамият директор ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. 

1999-2004 йй., 2004-2009 йй., 2010-2014 йилларда - Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган.

2003 йилдан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси, “Аёллар қаноти” раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда. Йиллар давомида М. Акрамова сиёсий жиҳатдан етуклигини, кадрлар билан ишлашда салоҳиятга эга эканлигини ҳамда ҳақиқатпарвар, ташкилотчи раҳбар сифатида ўзини намоён этди. Нафақат сўзда, балки амалда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.