Жонини хатарга қўяётган фидойи шифокорларимиз билан қалбан биргамиз!

07.04.2020, 17:45

Жонини хатарга қўяётган фидойи шифокорларимиз билан қалбан биргамиз!

Айни пайтда ниҳоятда оғир дамларни бошдан кечираяпмиз. Коронавирус бутун дунё аҳлини бирдек ҳавотирга солиб турибди. Ана шундай шароитда ҳукумат халқимизни фақат ва фақат уйда қолишга, саломатлигига жиддий эътибор қаратишга чақирмоқда. Орамизда шундай инсонлар борки, улар бу вазиятда уйда ўтира олмайди. Англаганингиздек, улар шубҳасиз шифокорлардир. Жонини хатарга қўйиб, касалланган юртдошларимиз дардига малҳам бўлаётган шифокорларимиз тириклигидаёқ ўзларига хайкал қўйишди десак, адашмаймиз. Улар чин маънода замонамизнинг асл қаҳрамонларидир. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан улар фаолиятига юқори баҳо берилиб: “Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”, дея ўз ҳаёти ва соғлигини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирганлари ҳам бежиз эмас.

Шифокорлик сохасини нонини еган инсон сифатида шу кеча кундузда касаллик ўчоғида туриб фаолият олиб бораётган жонкуяр ҳамкасбларимни ичидан қандай ҳис-туйғулар ўтаётганини яхши биламан. Улар ҳам аввало инсон эканлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Таъбир жоиз бўлса, улар ҳар бир дақиқани хавотир ва қўрқув остида ўтказишмоқда. Бундай пайтда уларга ҳар доимгиданда кўпроқ далда, ўзига бўлган ишончини орттириш, умуман олганда уларга позитив кайфият улашиш ниҳоятда муҳим ҳисобланади. 

Бугун ҳар биримиз уларга ана шундай кайфият улашишга қодирмиз. Бунинг учун, энг аввало ҳукуматимиз томонидан коронавирусни олдини олиш борасида эълон қилинган фавқулодда тартиб-қоидаларга риоя қилиш, тозаликни сақлаш, ўта зарурат бўлмаганда уйдан бир қадам ҳам кўчага чиқмаслигимиз зарур. Шунинг ўзи шифокорларимиз учун жуда катта мадад бўлади. Сабр, интизомли ва садоқат сингари инсоний фазилатларимизни намоён қилган холда улар билан қалбан яқинлашиш ўз қўлимизда эканлигини асло унутмайлик.

Шу ўринда такрор бўлсада яна бир гапни айтиб ўтиш керак ва шарт. Яъни уйда ўтириб карантин қоидаларига амал қилишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Баъзи фуқаролар ҳамон карантин қоидаларига амал қилмасдан кўчада сайр этиб юрибди. Минг афсуслар бўлсинки, вирусга чалинганлар орасида ўз касалини атрофидагиларга тарқатишга уринганлар ҳақида ҳам турли хабарларни эшитаяпмиз. Уларнинг бундай кўр-кўрона хатти-ҳаракати, аввало маҳалласига, оиласига, фарзандларига, қолаверса халоват билмасдан касалликка қарши кураш олиб бораётган ҳукумат ва фидойи шифокорларнинг меҳнатига бўлган хиёнат деб баҳоланса, адолатдан бўлади. Зеро, инсон саломатлиги ва ҳаётига беписанд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 

Қадрли ҳамюртлар! Давлатимиз раҳбари ушбу пандемияга қарши курашишни “ўзига хос жанг майдони”га қиёслагани бежиз эмас. Бу майдонда чинакам фидойилар, марду майдон шифокорлар илк зарбани қабул қилишга мажбур бўлмоқда. Шундай экан, биргаликда азал-азалдан шаклланиб келган тиббий маданиятимизни, ҳамжихат, ҳамфикр эканлигимизни намоён этган холда касалликка қарши шифокорлар билан бир сафда туриб курашайлик. Эл саломатлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ишни қадрига етайлик. Уйда қолиб, Яратгандан бутун дунё бошига тушган синовли кунлардан эсон-омон ўтишни, ўз ҳаловатидан кечиб меҳнат қилаётган ҳукуматимиз ва шифокорларга куч-қувват сўрайлик.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    3878
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+