ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ ВА ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТДИР

09.09.2021, 19:21

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ ВА ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТДИР

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВНИНГ

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ ВА ДАСТУРИ

 ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслаҳатдоши сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Ш.М.Мирзиёев Ҳукумат бошлиғи сифатида кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, йирик ва ноёб лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш, хусусий мулкни устувор даражада ривожлантириш, иқтисодиётда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини кескин ошириш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашда ўзининг юксак салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Мамлакат иқтисодиётини индустриал ривожлантириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш, аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, фермерлик ҳаракатини тараққий топтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолини кафолатланган ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини олиб бориш, аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, республиканинг шаҳар ва туманлари, айниқса, узоқ қишлоқ туманларини комплекс ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш ва меҳнат шароитини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ва самарали тадбирларни амалга оширди.

Ш.М.Мирзиёевнинг фаолиятида социал-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб институти бўлган маҳалланинг нуфузи ва обрўсини янада ошириш, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотларини демократик ислоҳотларга кенг жалб этиш орқали жамиятда уларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, миллий маънавий қадриятларни эъзозлаш ва изчил ривожлантириш ишларига юқори даражада эътибор қаратди.

Қайд этилганлар билан бир қаторда, иқтисодий ва ижтимоий вазифаларни амалга оширишда хорижий давлатлар ва халқаро тузилмалар, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорликни кучайтириш орқали мамлакатимизнинг миллий манфаатларига ва иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган келишувларга эришишда бевосита раҳбарлик қилди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.М.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Ш.М.Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ ВА ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТДИР

Ҳурматли съезд делегатлари!

Муҳтарам ватандошлар!

Аввало, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг мамлакатимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлган, бугунги съездида иштирок этаётганимдан, барчангизни мана шундай кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан ғоят мамнунман.

Сизлар билан партиямиз ташкил этилган кундан бошлаб, барча масалаларда ҳамфикр бўлиб, ҳаёт олдимизга қўяётган долзарб вазифаларни биргаликда самарали бажариб келмоқдамиз.

Юртимиз сиёсий майдонида катта нуфузга эга бўлган, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси съездининг Сиз, ҳурматли делегатлари ва фаоллари менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига, номзодимни кўрсатганингизни, беҳад қадрлайман.

Бу, мен учун юксак шараф ва айни пайтда, улкан масъулият эканини, юрак-юракдан ҳис этмоқдаман.

Бундан беш йил олдин, мен партиямиз минбаридан ўз сайловолди дастуримни эълон қилган эдим. Ушбу дастурда давлат ва жамиятимизни янада ислоҳ қилиш, фуқароларимизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал этиш ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришни олий мақсад этиб белгилаган эдик.

Беш йил мобайнида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва унинг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида нималарга эришдик? Қандай марраларни эгалладик? Камчиликлар нималардан иборат бўлди?

Дастуримизд́аги эзгу мақсадларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун,
2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Қисқа даврда мамлакатимизда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади, десам, айни ҳақиқатдир.

Шу борада бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтишни истардим: бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича, мутлақо янги тизим яратдик.

Давлат ташкилотлари иш фаолиятида  “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”,  “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш”  тамойиллари, асосий мезонга айланди.

Бизнинг бу ҳаракатларимиз, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк аждодларимизнинг давлат ва халқ бирлиги, инсонпарварлик ва адолат устуворлиги ҳақидаги юксак ғояларига таянади.

Шу асосда, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисоб́д́орлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди.

Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойилини ўзгартирдик.

Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

Жамиятда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли  ва аҳамиятини оширишга қаратилган, тизимли ишларни олиб бормоқдамиз.

Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили, ислоҳотларимиз моҳиятини ташкил этмоқда.

Шу тариқа, ўтган беш йилда кўплаб масалаларда, янги билим, кўникма
ва тажриба орттирдик.

Албатта, барча йўналишларда ҳам ишларимиз бир текисда, силлиқ ва равон кетди, деб айта олмаймиз. Қатор соҳаларда айрим камчилик ва хатолар ҳам бўлди.

Лекин, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, барча ислоҳотларимиз, эзгу ҳаракатларимиз фақат ва фақат мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, жамиятимизда демократия тамойиллари, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.   

Ҳурматли дўстлар!

Маълумки, ўтган беш йиллик давр барчамиз, бутун мамлакатимиз учун, кескин ва оғир синов йиллари бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз, Ўзбекистон учун ҳам, жиддий муаммоларни юзага келтирди.

Мана шундай мураккаб ва қийин вазиятга қарамасдан, биз миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини барқарор сақлаб қолишга эришдик.

Амалга оширган ислоҳотларимиз, эришган ютуқ ва натижаларимиз Сизларга, партиямиз фаолларига, айниқса, 1,5 миллиондан ортиқ ишбилармон ва тадбиркорларимизга яхши маълум. Қўлга киритган марраларимизни нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам, бугун холисона эътироф этмоқда.

Шу ўринда, айрим рақамларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти  24 фоизга, саноат – 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса, 3 баробарга ўсгани, биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради.

Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.

Бу борада биз:

иқтисодиётни эркинлаштириш, ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини тубдан такомиллаштириш;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш;

қишлоқ хўжалигида чуқур ва пухта ўйланган ислоҳотларни амалга ошириш;

ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратмоқдамиз.

Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларимизнинг бош мақсадига айланди.

Ҳурматли партиядошлар!

Ҳар қандай ислоҳот́ қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур.
Бу – ҳаётий ҳақиқат.

Барча орзу-ниятларимиз, машаққатли меҳнатимиз, кечани – кеча, кундузни – кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз – ҳамма-ҳаммаси, бизга катта умид ва ишонч билан қараб турган халқимиз учундир.

Биз ушбу йўналишдаги эзгу ишларимизни давом эттириб, ижтимоий адолат тамойили асосидаги барқарор ривожланиш дастурини ишлаб чиқдик ва мазкур соҳадаги фаолиятимизни давлат сиёсати даражасига кўтардик.

Ўзбекистон тарихида ижтимоий соҳа бўйича бундай кенг кўламли ишлар илгари ҳеч қачон бўлмаган.

Юртимизда яшаётган оилалар ҳаётини шу нуқтаи назардан таҳлил қиладиган бўлсак, ўтган даврда қандай катта натижаларга эришганимиз аён бўлади.

Мисол учун, ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ҳар 100 та оилага 162 та телевизор, 107 та холодильник, 287 та мобиль телефон, 49 та енгил автомобиль тўғри келмоқда. Бошқача айтганда, мамлакатимиздаги оилаларнинг қарийб
ярми, ўзининг шахсий автомобилига эга.

Ёки сўнгги йилларда юртимизда, ипотека дастурлари доирасида, 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни олдинги йилларга солиштирганда, 10 мартадан ҳам кўп демакдир.

Самарали ва аниқ манзилли ижтимоий сиёсатни жорий этишда:

аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш;

узлуксиз таълим ва тарбия соҳасида янги тизим яратиш;

илм-фанни замон талаблари асосида ривожлантириш;

аҳолининг барча қатламларига, хусусан, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар ва имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож шахсларга зарур кўмак бериш борасида, амалга оширган ишларимиз эл-юртимизга яхши маълум.

Мен бугун бу борада батафсил гапириш, қандайдир рақамларни келтириш фикридан йироқман.

Ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар ҳақида сўз борганда, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари, жисмоний тарбия ва спорт каби соҳаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари, ўтган
5 йилда эътиборимиз марказида бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Энг асосийси, мана шундай масканларга, таъбир жоиз бўлса, жон ва руҳ бағишлайдиган фидойи муаллим ва тарбиячилар, профессор-ўқитувчилар, илмий ва ижодкор зиёлилар, жонкуяр шифокорларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати, муносиб тақдирланмоқда.

Пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, катта миқдордаги маблағ ва ресурслар сарфланмоқда.

Мана, ҳозир диёримизда куз фасли бошланди. Ҳеч кимга сир эмас, илгари куз деганда авваламбор, пахта йиғим-терим “кампанияси” кўз олдимизга келар эди.

Яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион аҳолимиз, айниқса болалар пахта теримига “ихтиёрий-мажбурий” сафарбар этиларди.

Мана, уч-тўрт йилдан буён ўқитувчи ва ўқувчилар – мактабда, врач – шифохонада, олимлар – лабораторияда, талабалар – аудиторияда ўз машғулоти ва ўз иши билан банд бўлмоқда.

Бундай натижага тўғри иқтисодий сиёсат юритиш, тадбиркор ва деҳқон учун манфаатли бўлган самарали усулларни, жумладан, кластер ва кооперация тизимини жорий этиш эвазига эришдик.

Мухтасар айтганда, бугун юртимизда тарихан қисқа фурсатда, бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди, деб айтишга, барча асосларимиз бор.

Азиз дўстлар!

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: биз ўтган беш йилда катта тажриба орттирдик. Халқимиз бизга ишонди ва инонди.

Айни вақтда эл-юртимиз биздан янги режа ва дастурларни амалга оширишни кутмоқда.

Халқимизнинг ана шундай ишончи ва орзу-ниятлари, эзгу умидларини рўёбга чиқариш мақсадида:

юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш;

фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш;

халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш;

Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш;

камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш;

мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.

Бугун сизларга тақдим этилган шу номли китобда, ушбу Стратегиянинг устувор йўналишлари ҳақида, батафсил фикр юритилган.

Шу билан бирга, китобга кирмаган, аммо эътибор беришимиз лозим бўлган, қуйидаги энг муҳим ва долзарб масалаларни ҳам, биз албатта ҳисобга олишимиз зарур.

Биринчидан, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 35 миллионга етди, 2026 йилга бориб эса, 38 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Бу – юртимиз жаҳонда аҳоли сони бўйича 37-ўринга чиқиб, Польша, Канада, Саудия Арабистони каби давлатлар аҳолисидан ҳам ошади, дегани.

Иккинчидан, аҳолимизнинг қарийб 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва ҳар йили меҳнат бозорига камида 600 минг ёшлар кириб келмоқда.

Бундай демографик ўсиш биз учун ҳам имконият, ҳам жуда катта масъулият демакдир.

Учинчидан, дунё миқёсида иқтисодиётнинг тарќиби  кескин ўзгариб, рақамли ва био технологиялар, сунъий интеллект каби соҳалар, шиддат билан ҳаётга кириб келмоқда.

Иқтисодиёт ривожини ускуналар эмас, балки замонавий билим ва инновациялар белгилайдиган замон келди.

Тўртинчидан, иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши, инсоният учун келажакдаги эмас, айнан бугунги кундаги долзарб муаммога айланди.

Бу эса дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва даромадларига жиддий хавф солмоқда.

Бешинчидан, халқаро майдондаги ва минтақамиздаги зиддиятлар, радикализм, экстремизм ва терроризм каби хавф ва таҳдидлар, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, нақадар муҳимлигини кўрсатмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, бугунги съездимизда келгуси беш йилда олдимизда турган энг асосий ва муҳим вазифалар ҳақида Сизлар билан маслаҳатлашиб, фикрлашиб олмоқчиман.

I. ИЛМ ВА ИННОВАЦИЯЛАРГА АСОСЛАНГАН
ЯНГИ ИҚТИСОДИЁТНИ БАРПО ЭТИШ

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида бозор механизмларини амалда жорий этиш ҳисобидан барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Энди, мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда, келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди.

Шу тариқа 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз.

Албатта, бу осон вазифа эмас. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали, меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилишимиз шарт.

Шу мақсадда, биринчидан, келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади.

Буни, аввало, “драйвер” соҳаларда,  “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида, саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали йўлга қўямиз.

Мисол учун, мис саноати кластерини ташкил этиш билан келгуси беш йилда мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага кўпаяди ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади.

Навоий, Олмалиқ ва Бекобод металлургия корхоналарида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига, қўшимча 10 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланади.

Шунингдек, табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали, кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Яқинда “Навоийазот” корхонаси негизида, Марказий Осиёда биринчи йирик кимё технологик кластери ташкил этилганидан хабарингиз бор.

Келгуси йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида яна 5 та кимё технологик кластер ташкил этилади ва уларда умумий қиймати қарийб 7 миллиард долларлик 40 дан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.

Ушбу лойиҳалар учун ёш, замонавий билимларга эга кадрлар ва олимларни тайёрлаш мақсадида, Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади.

Саноатни ресурс базаси билан таъминлаш учун, геология-қидирув ишлари ҳажми кескин оширилади, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компаниялар кенг жалб қилинади.

Бунда, ерости бойликларидан фойдаланиш учун солиқ ставкалари норуда қазилмалар бўйича – 2 мартага, табиий газ бўйича – 3 мартага, нефт бўйича – 2 мартага камайтирилади. Шунингдек, ушбу солиқ мис ва олтин бўйича – 7 фоизгача пасайтирилади.

Илм-фанни ривожлантириш орқали саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Иккинчидан, келгуси беш йилда рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантирамиз. Унинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади.

Ҳар бир хонадон  ва ижтимоий муассаса мақ́бул нархда юқори тезликдаги Интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва Интернет билан қамраб олинади.

Шунингдек, халқаро магистрал Интернет тезлиги – 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги – 8 баробарга оширилади.

2026 йилга қадар нефт-газ, кимё, металлургия ва бошқа саноат соҳаларидаги барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажми 5 баробарга, уларнинг экспорти эса 10 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Келгуси йил якунига қадар,  “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида, барча давлат органларида иш юритиш, аҳоли билан ҳужжат алмашиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади.

Учинчидан, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, макроиқтисодий барқарорлик таъминланади.

Бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади.

Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

Бунинг учун, бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Бундан буён, бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Хабарингиз бор, бу йилдан бошлаб жорий этилган  “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида 14 та туман бюджетининг 5 фоизи, аҳоли таклифлари асосида долзарб муаммоларни ечишга қаратилди.

Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи, ушбу Дастур орқали тақсимланади.

Шу тариқа бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ, жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

Яна бир муҳим масала – янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланади.

Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида, келгуси
5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилади.

Бунда, мамлакатимизда капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилади.

Тўртинчидан, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Шу мақсадда, 2026 йилгача хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича алоҳида Стратегия қабул қилинади.

Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар доирасида, келгуси беш йилда транспорт, йўл қурилиши, сув хўжалиги ва бошқа соҳаларга 14 миллиард доллар инвестиция жалб қилинади.

Келгуси йилдан, асосий воситаларни амортизация қилишга солиқ имтиёзларини кенгайтириш орқали, 130 мингдан зиёд тадбиркорлар ихтиёрида, ҳар йили қарийб 2 триллион сўм маблағ қолдирилади.

Хабарингиз бор, кейинги пайтда ҳудудларда саноат ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича катта ишларни амалга оширмоқдамиз.

Бунинг учун, албатта қўшимча молиявий ресурслар керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон тараққиёт банки ташкил этилади.

Бешинчидан, мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 миллиард долларга етказилади.

Экспорт таркибида хомашёнинг улуши ҳозирги 46 фоиздан 23 фоизга камайиб, тайёр маҳсулотлар ҳажми 2,5 баробар кўпаяди.

Европа давлатларига ЖиЭсПи-Плюс тизими доирасида, 2 мингдан зиёд турдаги тайёр маҳсулот экспорти йўлга қўйилади.

Келгуси йилдан бошлаб “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” деган ғоя асосида, 200 та экспортчи очиқ танлов асосида сараланиб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича, манзилли дастур амалга оширилади.

Олтинчидан, давлат корхоналарининг трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари тезлаштирилади.

Энди самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби  “ўз аравасини ўзи тортиши” шарт.

Бунда, машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, транспорт каби тармоқлардаги 23 та йирик корхона, халқаро кредит рейтингларини олиш орқали, ички ва ташқи молиявий бозорларга мустақил чиқиб, инвестиция лойиҳалари учун ўзи маблағ жалб қилиши талаб этилади.

Шунингдек, энергия ресурслари бозори эркинлаштирилиб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади.

Натижада, 2026 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт - соатга оширилади ва жами
100 миллиард киловатт - соатга етказилади.

Келгуси йилда табиий газ бўйича ҳам, эркин бозор тамойилларини жорий этиш ишлари бошланади.

Электр энергияси ва табиий газ бозорларини эркинлаштириш билан бирга, эҳтиёжманд аҳолимизни ҳимоя қилиш учун, ижтимоий истеъмол нормалари киритилади.

Шу билан бирга, банк тизимини трансформация қилиш орқали, хусусий банкларнинг улуши, жами банк активларининг 60 фоизига етказилади.

Умуман, 2026 йилга бориб, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши  67 фоиздан 80 фоизга, экспорт ҳажмида эса, 32 фоиздан 60 фоизга ўсиши таъминланади.

Еттинчидан, “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этамиз.

Мамлакатимизда келгуси беш йилда қуввати 5 минг Мега-Ваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро-электростанциялар ишга туширилади. Натижада, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича, алоҳида дастур қабул қилинади.

Келгуси йилнинг ўзида, Тошкент шаҳри жамоат транспортида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилади.

Шу билан бирга,  “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади.

Бу каби амалий ишларимиз натижасида, иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20 фоизга ошади, атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 10 фоизга қисқаради.

Саккизинчидан, замонавий технологияларда ишлай оладиган юксак билимли ва малакали кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштирамиз.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келгуси беш йилда саноат тармоқларида 100 минг олий ҳамда 460 минг ўрта махсус маълумотли кадрларга эҳтиёж пайдо бўлади.

Шунинг учун, йирик корхоналарнинг ўзида касбий таълим марказларини ташкил этиш бўйича, барча зарур шароитлар яратилади.

Энг аввало, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, нефть-кимё, электротехника каби етакчи соҳаларда хўжалик бирлашмалари ва лойиҳа институтлари билан малакали мутахассисларни тайёрлайдиган янги тизим йўлга қўйилади.

II. ФАОЛ ТАДБИРКОРЛИК ВА МАНЗИЛЛИ МОЛИЯВИЙ КЎМАК – КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Муҳтарам юртдошлар!

Хабарингиз бор, 2020 йилда биз илк бор аҳолимиз ўртасида камбағаллик борлигини очиқ тан олиб, бу муаммо билан жиддий шуғулланишни бошладик.

Авваламбор, эҳтиёжманд аҳолини аниқлашнинг янги тизими яратилиб, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” жорий этилди.

Бундан буён, шаҳар ва туманларда иқтисодий комплекс таркибига кирувчи барча идораларнинг бош вазифаси, “маҳаллабай” ишлаш асосида, камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни бартараф этиш ҳисобланади.

Бунда, аҳолини, айниқса ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, оила хўжаликларида бизнес ташкил этишга кўмаклашиш, эҳтиёжманд фуқаролар билан манзилли ишлаш, бир сўз билан айтганда – халқни рози қилиш асосий мезон бўлади.

Бунинг учун, ушбу идораларнинг тизими ва ходимлар сони ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқилади, уларнинг маоши ҳам, обрў-эътибори ҳам иш натижасига боғлиқ бўлади.

Бу борада энг муҳим вазифа – 2026 йил якунигача камбағалликни камида 2 баробар қисқартиришдан иборат.

Бунга эришиш учун, қуйидагиларни амалга ошириш зарур.

Биринчидан, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Хабарингиз бор, шу йил 20 август куни Сиз, ҳурматли тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқот доирасида, 7 та йўналиш бўйича  60 га яқин янги ташаббус ва таклифларни амалга ошириш учун, алоҳида Дастур қабул қилдик.

Шу билан бирга, бизнес соҳасига имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича, тизимли ишларимизни изчил давом эттирамиз.

Яхши биласизлар, 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолади, дегани.

Энди, зарур тайёргарлик кўрган ҳолда, 2023 йилдан бошлаб, ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади ва бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500  миллиард сўм маблағ қолади.

Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари каби  25 та фаолият туридаги монополияга барҳам берилиб, энди бу соҳаларда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади.

Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида, Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.

Иккинчидан, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан, аниқ касб-ҳунарга ўқиш имконияти яратилади.

Бу борада касбга ўқитиш кўлами 2 баробарга оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарларга ўқитилади. Бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштироки 30 фоизга етказилади.

Касбий таълим билан тизимли шуғулланиш масалалари, тўлиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказилади.

Келгуси беш йилда норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаролар бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилади. Шу орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади.

Шунингдек, ҳудудларда сервис соҳалари кўламини кенгайтириш орқали, хизмат кўрсатиш ҳажми 3 баробарга оширилади ва бунинг эвазига 3,5 миллионта янги иш ўрни яратилади.

Учинчидан, жамиятда аёллар мавқеини оширишга қаратилган сиёсатимизни, изчил давом эттирамиз.

Оилада фарзандлар баркамол бўлиб улғайиши, муҳит соғлом бўлиши учун, аёлларни ўқитиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатиш, уларнинг ишлашига шароит яратиш, бу борадаги ишларимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Бунинг натижасида, аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси келгуси беш йилда 2 баробарга камайтирилади.

Шунингдек, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади ва уларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилади.

Тўртинчидан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа  ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади.

Уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади.

Базавий пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори ҳозирги 10 баробардан 12 баробарга оширилади. Бу – 2 миллион нафар фуқаронинг пенсияси, камида 20 фоизга кўпаяди, дегани.

Шу билан бирга, уй-жойга муҳтож фуқароларга турар-жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этилади.

Манзилли ижтимоий ҳимоя борасида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳимояси ва уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ҳозирги кунда ишлаш имконияти бор, 162 минг ногиронлиги бўлган шахсларнинг атиги 13 фоизи ишлаяпти.

Келгуси беш йилда уларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи, касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш Миллий дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Шулар қаторида, эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари, ҳар йили ошириб борилади ва 2026 йилда 6 мингга етказилади.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда ёрдамга муҳтож  биронта инсон эътибор ва амалий ғамхўрликдан четда қолмайди.

III. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ – ИСЛОҲОТЛАРИМИЗ ТАЛАБИ

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ҳамда бандликнинг 30 фоиздан ортиғини таъминламоқда.

Шундан келиб чиқиб, бугунги ер ва сув ресурслари чекланган шароитда, қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш, навбатдаги устувор вазифамиздир.

Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат маҳсулотларини етарли ҳажмда ва мақбул нархларда етказиб бериш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида
2 баробарга оширишни режа қилганмиз.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга, бир гектардан ўртача даромадни 5 минг долларга, қишлоқ хўжалигининг экспорт ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилмоқда.

Бунинг учун, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам бериб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш лозим.

Бунда, туманлар аниқ маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун, субсидиялар ажратилади.

Аграр тармоқдаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари фаолиятини барқарор, қулай шарт ва муддатларда молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари амалга оширилади.

Шу билан бирга, давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими ҳам тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли ва самарали фойдаланиш мақсадида, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади.

Иккинчидан, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида, янги ўзлаштириладиган 400 минг гектар ер майдонлари, кластер корхоналарига очиқ танлов асосида ажратилади.

Келгуси беш йилда интенсив боғлар 3 баробар (150 минг гектар) ва иссиқхоналар 2 баробар (11 минг гектар) кўпайтирилади.

Бу орқали, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти яратилади.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилади.

Учинчидан, илм-фан ва инновацияга асосланган агрохизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилади.

Ҳудудларда агросаноат корхоналарини хом ашё билан таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга ошириш бўйича, алоҳида Дастур қабул қилинади.

Агрологистика марказлари ва замонавий лабораториялар сони кўпайтирилади.

Уруғчилик, кўчатчилик ва чорва молларининг зотларини яхшилаш бўйича миллий дастур амалга оширилади.

Хусусан, юқори ҳосил берадиган ғўза ва ғалла навларини четдан олиб келиш ва эркин жойлаштиришга босқичма-босқич рухсат этилади.

Нуфузли халқаро илмий марказлар ва олийгоҳлар билан биргаликда, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилади.

Тўртинчидан, чорвачиликда озуқа экинлари майдони 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказилади.

Шунингдек, 11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини кўтариш чоралари кўрилади.

Шунинг эвазига, келгуси беш йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажмларини 1,5-2 баробарга кўпайтириш, озуқа базасини кенгайтириш бўйича ҳам,  алоҳида дастурлар амалга оширилади.

Бешинчидан, энг мураккаб ва долзарб масалалардан бири бўлган сув ресурсларини бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилинади.

Жумладан, сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш, рақамлаштириш, ирригация ва мелиорация тадбирлари ҳисобига, йилига камида 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш бўйича, алоҳида давлат дастури амалга оширилади. Ушбу мақсадлар учун, келгуси беш йилда 2 миллиард доллар маблағ йўналтирилади.

IV. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ – ИНСОН КАПИТАЛИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВЧИ ОМИЛИ

Азиз дўстлар!

Ижтимоий соҳадаги барча ислоҳотларимизнинг пировард натижаси, жумладан, камбағалликни қисқартириш ҳам таълим-тарбия тизимини қандай ташкил этишимизга боғлиқ. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Келгусида узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобат-бардош кадрлар тайёрлаш мақсадида, қуйидаги масалалар доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Биринчидан, мактабгача таълимдаги қамров даражаси, ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади.

Бунинг учун қўшимча равишда, 7 мингдан зиёд янги боғча ташкил этилади.

Шунингдек, 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади.

Ана шу тадбирлар ҳисобидан келгуси беш йилда тизимда 45 мингдан ортиқ хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

Боғча тизими ходимларининг ойлик маошлари ҳам, босқичма-босқич ошириб борилади.

Бундан кўзланган асосий мақсадимиз – етти ёшгача бўлган бирорта ҳам фарзандимиз, мактабга чиққунга қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак.

Иккинчидан, мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади.

Ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқилади.

Шу асосда, келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун, мактаблар реконструкция қилинади ва янгидан барпо этилади.

Учинчидан, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга, асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади.

2026 йилга қадар 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтинглар олишга эришади.

Шунингдек, давлат олийгоҳлари босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилайди.

Уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида, ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 25 фоиздан 12 фоизга туширилади, бўшаган маблағлар таълим муассасаларини ривожлантиришга йўналтирилади.

Хусусий олийгоҳларда таълим олаётган талабаларга ҳам, 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этилади.

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун, келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади.

Олий таълимда сифат ва рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида, 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

Замонавий, эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида “Эл-юрт умиди жамғармаси” орқали, уларни нуфузли хорижий олийгоҳлардаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 мартага оширилади.

Тўртинчидан, илмий кадрлар тайёрлаш ва илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади.

Докторантурага қабул давлат буюртмаси ҳамда манф́аатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов-грантлари асосида жорий этилади.

Булардан кўзланган ягона мақсадимиз –таълимнинг барча босқичидаги муассасаларни – Учинчи Ренессанснинг4 та узвий ҳалқасига, боғча тарбиячисини, мактаб муаллимини, профессор-ўқитувчилар ва илмий ижодий зиёлиларимизни эса, Янги Уйғониш даврининг 4 та таянч устунига айлантиришдир.

Жисмоний етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Шу борада Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари – Миллий олимпиада тизими жорий этилади.

2024 йили Парижда бўладиган олимпия ва паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун, тегишли “йўл харитаси” қабул қилинади.

Умуман, таълим - тарбия ва спорт соҳасида изчил давом эттириладиган ислоҳотларимиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларини камолга етказишга, хизмат қилади.

V. АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ – БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ

Ҳурматли съезд иштирокчилари!

Сизларнинг эътиборингизга тақдим этилаётган Янги Ўзбекистон стратегиясида, фуқароларнинг соғлиғини асраб-авайлаш масаласи, энг муҳим вазифалардан бири бўлади.

Бунинг учун, биринчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинида халқимизга малакали хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади. Ушбу соҳага ажратиладиган маблағлар 2 баробар оширилиб, асосий эътибор, хонадонбай тиббий профилактикага қаратилади.

Аҳоли ўртасида кенг тарқалган юрак-қон томир, эндокрин, буйрак етишмовчилиги ва онкологик касалликларни камайтириш мақсадида, алоҳида дастурлар қабул қилинади.

Репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади. Биринчи босқичда 46 та туманлараро перин́атал марказлари барпо этилади.

Ногиронлиги бўлган ўғил-қизларимизни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил қилинади.

Иккинчидан, хусусий тиббиётни янада ривожлантириш мақсадида, уларга солиқ имтиёзлари бериш давом эттирилади.

Тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улуши ҳозирги 12 фоиздан 25 фоизга етказилади.

Шунингдек, 11 та тиббиёт олийгоҳи трансформация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади ҳамда ўқитувчиларнинг илғор хорижий давлатларда тизимли малака ошириши йўлга қўйилади.

Учинчидан, ўзимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдори 80 фоизга етказилади.

Ушбу тармоқдаги ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар яна 5 йилга узайтирилиб, замонавий фармацевтика кластерлари ҳамда зоналари ташкил этилади ва мавжудлари янада ривожлантирилади.

Тўртинчидан, санитария-эпидемиология хизматининг халқаро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилади. Чунки бу соҳанинг нақадар муҳимлигини пандемия даври бизга яққол кўрсатди.

Бош мақсадимиз – соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш ва ўртача умр кўриш даражасини оширишдан иборатдир.

VI. ҲУДУДЛАРНИ МУТАНОСИБ РИВОЖЛАНТИРИШ – МАМЛАКАТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ГАРОВИ

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги съездимизда тақдим этилаётган Стратегияда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш масаласи илк бор устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда.

Биринчидан, бу борада ҳар бир ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

Бунда, ҳар бир туман ва шаҳарнинг муаммо ва имкониятлари ўрганилиб, “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Уларга мувофиқ, аниқ режа ва лойиҳалар шакллантирилмоқда.

Ушбу дастурларнинг мазмун-моҳияти жойлардаги сайловолди учрашувларимизда, ҳар бир ҳудуд жамоатчилиги эътиборига тақдим этилади.

Иккинчидан, ҳудудларда аҳоли яшаш шароитини яхшилаш учун, урбанизация сиёсати янада такомиллаштирилади.

Шу мақсадда 18 та катта, 22 та ўрта ва 80 та кичик шаҳарлар ўртасида транспорт-логистика тизими ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Наманган келгуси беш йилда аҳоли сони миллион нафарни ташкил этадиган шаҳарларга айлантирилади. 450 минг аҳоли яшашига мўлжалланган Янги Андижон шаҳрининг дастлабки бир нечта мавзелари қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Реновация дастурлари асосида, шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар қурилади, 275 мингдан зиёд оилалар янги массивларга кўчирилади.

Учинчидан, оғир экологик шароитга қарамасдан, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасини, унинг барча шаҳар, туман ва овулларини комплекс тарзда ривожлантириш, меҳнаткаш ва матонатли, оқкўнгил ва бағрикенг қорақалпоқ элининг ҳаётини обод ва фаровон этишга ҳар қачонѓидан ҳам устувор аҳамият қаратамиз.

Бизнинг олий ва эзгу мақсадимиз – биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишдир.

Тўртинчидан, Тошкент шаҳрини аҳолига қулай, экологик тоза ва яшаш учун барча имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудга айлантириш бўйича, бошланган ишлар давом эттирилади.

Бунда, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, 3 минг километр ички йўллар янгиланади, 10 та замонавий кўприк қурилади.

Пойтахтимизни кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказиб, 9 та жамоат парки, 20 та хиёбон, 250 километр велосипед ва пиёдалар йўлакчалари барпо этилади.

Тошкентнинг оқова тизими шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқарилиб, давлат-хусусий шериклик асосида, янги тозалаш иншооти барпо этилади.

Чирчиқ дарёсининг 16 километрлик қир́ғоғини қайта тиклаш ҳисобига, 500 гектар ер майдонлари ўзлаштирилади. Бу жойда,  ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва аҳоли турар-жойлари бунёд этилади.

Умуман, келгуси беш йилда Янги Тошкент шаҳрини барпо этишга қаратилган лойиҳамизни босқичма-босқич амалга ошириш бошланади.

Бешинчидан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида, ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратамиз.

Бунда, 70 минг километр магистрал ва паст кучланишли электр тармоқлари, 22 мингдан ортиқ трансформатор ҳамда 100 дан зиёд подстанция қурилади ва янгиланади.

Айни вақтда 70 минг километрдан зиёд автомобиль йўллари, 15 минг километрдан ортиқ ичимлик суви ва 1 минг километр оқова сув тармоқлари қурилади.

Мамлакатимиз бўйича аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 87 фоизга етказилади.

Бундан ташқари, 2026 йилгача 32 та йирик шаҳарлар, 155 та туман марказларида оқова сув тизимлари янгиланади.

Шунингдек, маиший чиқиндилар йиғиш 100 фоизга ва уни қайта ишлаш даражаси ҳозирги 21 фоиздан 50 фоизга етказилади.

Олтинчидан, зарур шароитлар ташкил қилиш орқали, 2026 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони 9 миллионга, туризм хизматлари экспорти 1,8 миллиард долларга етказилади.

Самарқанд халқаро аэропорти йирик транспорт хабига айлантирилади.

“Абадий шаҳар” тарихий мажмуасини ўз ичига олган “Самарқанд туризм маркази” ташкил этилади.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида, маҳаллий сайёҳлар сони келгусида ҳар йили 12 миллиондан ошади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Оролбўйида экотуризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда, Мўйноқнинг янги аэропорти имкониятларидан кенг фойдаланилади.

Бундан ташқари, 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади ва ушбу йўналишда давлат дастури қабул қилинади.

Энг муҳими, 2026 йилгача туризм соҳасида банд бўлган аҳоли сони 2 баробарга оширилиб, 520 мингга етказилади.

Туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантиришга ҳар йили 1 т́риллион сўм маблағ ажратилади.

Еттинчидан, транспорт йўналишида олдимизда иккита энг муҳим вазифа турибди.

Авваламбор , Тошкент ва йирик шаҳарлар ўртасида кунлик қатновлар бўйича узоғи билан 6-7 соатда манзилга етиб бориш ва қайтиб келиш имконияти ярат́илади.

Темир йўлларини электрлаштириш даражаси амалдаги 40 фоиздан 60 фоизга оширилади. Тошкент – Урганч йўналиши бўйича тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, юк ташиш харажатларини камида 30 фоизга пасайтиришимиз, транзит ҳажмини 15 миллион тоннага етказишимиз шарт.

Саккизинчидан, бутун мамлакатимиз бўйлаб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилади.

Хонадон, кўча, маҳалла ва қишлоқ, шаҳарларда, йўл бўйлари ва дала четларига дарахтлар экиш, ҳудуд иқлимига мос кўчатларни етиштириш, суғориш ҳамда парвариш қилиш тизими жорий этилади.

Бу тизим орқали, ҳудудларда ҳар йили камида 200 миллион туп дарахт кўчатлари экилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида
“Янги Ўзбекистон боғи” намунаси асосида, камида 50 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилади.

Бундан ташқари, шаҳарлар ва туман марказларида ҳар 50-100 минг аҳоли учун, “яшил парклар” ташкил этилади.

Шу билан бирга, дарахт кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинади. Бундан буён, парклар ва “яшил зоналар” ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян ман этилади.

Тўққизинчидан, келгуси йилларда Орол денгизининг қуриѓан тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдонлар барпо этилиб, уларнинг умумий ҳажми 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказилади.

Оролбўйида халқаро “Яшил иқлим” ва “Глобал экологик жамғарма”лари ҳисобидан биохилма-хиллик, иқлим ўзгариши ва тупроқ емирилишининг олдини олишга қаратилган, 300 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Буларнинг барчаси Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм воҳасининг экологик шароитини яхшилаш, ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

VII. ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ХАЛҚЧИЛ ВА ИНСОНПАРВАР ДАВЛАТ

Муҳтарам юртдошлар!

Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар, адолатли давлатдир.

Янги Ўзбекистон – мустаҳкам қонунчилик, ижро ва с́уд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари самарали фаолият кўрсатадиган, “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили амал қиладиган, демократик давлатдир.

Шу муносабат билан “Халқчил давлат” миллий дастури, Халқ қабулхоналарига конституциявий мақом бериш ва уларнинг фаолияти тўғрисида алоҳида қонун ишлаб чиқиш вақти келди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ривожлантириш концепцияси”ни тайёрлаш ҳам давр тақозосидир.

Миллий тараққиётимизнинг бугунги янги босқичида ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, муҳим вазифа бўлиб турибди.

Бу борада ўтган даврда етарли тажриба тўпладик ва келгусида қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга оширамиз.

Биринчидан, маҳалла – том маънода жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айланиши учун барча шароитларни яратамиз.

Шу мақсадда, аввало, маҳалла тизимининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилади, уни молиялаштириш манбалари ва тартиби такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, маҳаллада фуқаролар учун давлат ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, давлат органларига маҳалладан туриб мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Иккинчидан, туман, шаҳар, вилоят вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилади.

Келгусида, туман ва шаҳар кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Улар муаммоларни маҳаллабай ўрганиб, ечимини Кенгаш муҳокамасига киритади.

Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади.

Бунда, номзод ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини халқ вакиллари олдида ҳимоя қила олган тақдирда, ҳоким лавозимига тасдиқланади.

Бир қатор ижтимоий масалалар, жумладан, ичимлик ва оқова сув, ички йўллар, бошқа инфратузилма объектларининг қурилиши, бандлик дастурини тасдиқлаш туман ва шаҳар кенгашлари ваколатига ўтказилади.

Келгуси йилдан 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида, ҳудудни ривожлантириш ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳокимликларнинг ваколат
ва имкониятлари кенгайтирилади.

Энди, ҳар бир ҳокимлик ўзининг ва ҳудудий ижро идораларининг штат бирлиги ва тузилмаларини кенгаш билан бамаслаҳат мустақил белгилайди.

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлиғича ушбу туман ва шаҳарларда қолдирилади.

Бундан ташқари, ҳудудий ижро идораларининг “ваколатлар реестри” шакллантирилади, такрорланадиган 500дан ортиқ функциялар мақбуллаштирилади.

2022 йилдан бошлаб боғча, мактаб,  соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва таъмирлашга ажратиладиган 4 триллион сўм маблағни тақсимлаш ваколати, вилоятларга берилади.

Бундан буён, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари ўқитиш ва тарбия сифат́ига, маҳаллий ҳокимликлар эса, қурилиш-таъмирлаш ишларига жавоб беради.

Учинчидан, барча бўғиндаги ижро идоралари раҳбарлари – хоҳ у вазир бўлсин, хоҳ қўмита раиси, бир йиллик иш дастури ва амалга оширадиган лойиҳаларини жамоатчиликка очиқ эълон қилиб боради.

Келгуси беш йилда, давлат идораларининг штатларини оширишга йўл қўйилмайди.

Аксинча, рақамлаштириш ва қатор функцияларни хусусий секторга бериш ҳисобига, штатлар қисқартириб борилади.

Қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти, ислоҳотларимиз талабларидан келиб чиқиб, танқидий қайта кўриб чиқилади.

Тўртинчидан, замонавий давлат хизматини жорий қилишга устувор аҳамият берилади.

Хусусан, электрон давлат хизматларининг улуши 100 фоизга етказилади. Жумладан, 700 дан ортиқ давлат хизматларининг 100 таси хусусий секторга ўтказилади. 

Бундан буён, давлат хизматига кадрлар қоида тариқасида танлов асосида қабул қилинади. Давлат хизматчилари учун узлуксиз малака ошириш, нат́ижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади.

Иш вақти, меҳнат меъёрлари бўйича талаблар ҳам, қайта кўриб чиқилади.

Бешинчидан, биз очиқлик ва ошкоралик, жамоатчилик билан фаол ҳамкорлик йўлидан қатъий борамиз.

Ижтимоий соҳа объектларини қуриш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, ҳудудий инфратузилма дастурлари доирасидаги лойиҳалар очиқ эълон қилиниб, кенг жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилади.

Шунингдек, субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар ажратиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ҳажми, 2 баробар оширилади.

Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун, зарур шарт-шароитлар яратилади.

Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни, ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари,     деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади. Бу фикрни бугун яна бир бор таъкидлайман.

VIII. АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ХАЛҚПАРВАР ДАВЛАТ ПОЙДЕВОРИ

Қадрли сафдошларим!

Одил судлов, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқлари олий қадрият сифатида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг асосий мазмуни бўлиб қолади.

Ушбу соҳа янада очиқ ва халқчил бўлиши учун, қуйидаги йўналишларда муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.

Биринчидан, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилади.

Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, унинг ваколатлари кенгайтирилади.

Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилади.

Бундан ташқари, энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юкланади.

Мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби киритилади. Шу орқали шикоятлар сонининг камида 2 баробар қисқаришига эришиш мумкин.

Иккинчидан, судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.

Учинчидан, прокуратура фаолияти фуқароларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари
ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилади.

“Қонун – устувор, жазо – муқаррар” деган принцип, прокуратура органлари фаолиятининг бош мезони бўлиши зарур.

Бунинг учун 20 йил аввал қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги қонун ўрнига мамлакатда қонунийликни қатъий таъминлайдиган, очиқ ва адолатли прокуратура тизимининг янги ҳуқуқий асосларини яратиш лозим.

Тўртинчидан, ички ишлар органларини халққа ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз.

Айниқса, бу соҳани маънавий пок, ўз бурчига содиқ, халқпарвар ва масъулиятли ходимлар билан тўлдириб боришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Бундан буён, ички ишлар органлари фаолиятини баҳолашда аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги асосий мезон этиб белгиланади.

Маълумки, қаерда камчиликлар рўй-рост айтилмас экан, у жойда ижобий ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун, соҳани ижтимоий фикр асосида холис баҳолаш мақсадида, Ички ишлар вазирлигининг барча поғоналарида Жамоатчилик кенгашлари тузилади.

Ички ишлар ходимларининг “Касбий маданият кодекси”ни қабул қилиш
ва жорий этиш, ушбу тизимда ўз хизмат бурчига нисбатан масъулият ҳиссини оширишда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблайман.

Бешинчидан, мамлакатимизда олиб борилаётган либераллаштириш сиёсатининг мантиқий давоми сифатида ўз аҳамиятини йўқотган 10 га яқин қилмишлар жиноят тоифасидан чиқарилади ва жазони енгиллаштирадиган ҳолатлар сони амалдаги 9 тадан 15 тагача кўпайтирилади. 

Гумон билан ушлаб турилган шахсларни ҳисобга олиш бўйича ягона электрон реестр ишга туширилади.

Энг муҳими, реестрга маълумотларни киритмаслик гумонланувчи шахсларни ушлаб туришни ноқонуний деб топишга асос бўлади.

Олтинчидан, тараққиётимиз йўлида жиддий тўсиқ ва ғов бўлаётган коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этамиз.

Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкларини декларация қилиш тизими келгуси йилдан босқичма-босқич жорий этилади.

Давлат харидлари, давлат мулкини сотиш жараёнлари очиқ-ошкора ташкил этилади ва бунга жамоатчилик кенг жалб қилинади.

Коррупцияга йўл қўйган ҳар қандай мансабдор шахс, лавозими ва мавқеидан қатъи назар, сўзсиз қонуний жавобгарликка тортилади.

Бундай шахсларнинг очиқ реестри юритилиб, уларнинг давлат хизматига кириши, масъул лавозимларга номзоди кўрсатилиши чекланади.

Еттинчидан, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими янада кенгайтирилади.

Энди, давлат ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул юридик ёрдам нафақат жиноят ишлари бўйича, балки фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам кўрсатилади.

Шу орқали камида 100 минг нафар аҳолини ҳуқуқий ҳимоя билан қамраб олиш имкони туғилади.

Яна бир масала – мамлакатимизда адвокатлар сонининг етишмаслиги билан боғлиқ.  

Шунинг учун, соҳага ёш кадрларни жалб қилиш мақсадида юридик стаж ҳақидаги талаб бекор қилиниб, олий юридик маълумотли шахсларга
3 ойлик стажировкадан кейин адвокатлик им́т́иҳонини топшириш имконияти яратилади.

IX. ХАВФСИЗЛИК ВА ОЧИҚ, ПРАГМАТИК ФАОЛ ТАШҚИ СИЁСАТ БОРАСИДАГИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Азиз ватандошлар!

Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, қўшни минтақалардаги зиддият ва қуролли низолар Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Биз ўтган даврда янгиланган Мудофаа доктринаси асосида Қуролли Кучларимиз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, такомиллаштирмоқдамиз.

Қўшинларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини чуқур ислоҳ қилдик. Армиямиз энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан, таъминланмоқда.

Бугун Қуролли Кучларимиз ҳар қандай ташқи хавф-хатарларга, турли тажовуз ва таҳдидларга қатъий зарба беришга қодир бўлган яхлит ва ишончли кучга айланмоқда.

Яқинда 42 та давлат вакиллари иштирокида ўтказилган нуфузли “Армия – 2021” халқаро ўйинларида, аскарларимиз фахрли 2-ўринни эгаллади.

Бу миллий армиямизнинг қудрати, ҳарбий хизматчиларимизнинг ватанпарварлиги ва жанговар руҳи  юқори эканини яна бир бор намоён этди.

Келгусида ҳам мамлакатимиз мудофаа салоҳияти ва ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ ва манзилли ишларни давом эттирамиз.

Энг аввало, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиб, тизимли амалга оширамиз.

Шу билан бирга, мамлакатимизни ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш тизими ҳам, давр талабларидан келиб чиқиб, янада  кучайтирилади.

Чегараларимиз хавфсизлигини замонавий коммуникация воситалари ва техник иншоотларни кенг қўллаш орқали, янада мустаҳкамлаймиз.

Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтирамиз.

Иккинчидан, ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқалар соҳасида сўнгги беш йилдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида, мамлакатимизнинг халқаро майдонда очиқ, ишончли ва ташаббускор давлат сифатидаги мақоми ва обрўси кескин ошди.

Биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги янги сиёсий муҳитни яратишга муваффақ бўлдик.

Оддий фуқароларимизни узоқ йиллар қийнаб келган кўплаб муаммолар ечилди, дўст ва қардош халқларимизнинг ўзаро борди-келдилари тобора кучаймоқда.

Бу – бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Қўшниларимиз билан савдо ҳажми беш йилда 5 баробар кўпайди, биргаликда йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Минтақа давлатлари етакчиларининг Маслаҳат учрашувлари мунтазам ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, дунёнинг қудратли давлатлари ва бошқа стратегик ҳамкорларимиз билан янги форматдаги амалий алоқалар йўлга қўйилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида
аъзо сифатида фаол қатнашмоқдамиз.

Бу ижобий жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган саммит ҳамда Ислом тараққиёт банки анжумани ҳам, бунинг исботи бўлди.

Биз, тизимли ва пухта ўйланган, прагматик ташқи сиёсий ва иқтисодий дипломатиямизни бундан кейин ҳам, фаол давом эттирамиз.

Авваламбор, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика ва транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқамиз.

Келгуси беш йилда ўзаро савдо айланмаси ҳажми камида 2 баробар оширилади.

Саноатда қўшимча қиймат яратиш бўйича яхлит занжирларни ва кооперацияни мустаҳкамлаймиз.

Транспорт соҳасида ташқи савдо учун, “яшил коридорлар” ҳамда транзит имкониятлари кенгайтирилади.

Халқ дипломатияси тамойилини, жумладан, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кучайтириш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Шу мақсадда, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқамиз.

Россия, Хитой ва АҚШ, шунингдек, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари каби анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқаларимиз географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратамиз.

Бу йўналишда, энг аввало, иқтисодий дипломатияни кучайтиришга алоҳида урғу берамиз.

Янги бозорларни ўзлаштириш, инвестиция ва инновацияларни кенг жалб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва энг муҳими – Ўзбекистон имижини фаол тарғиб этиш барча дипломатик ваколатхоналаримизнинг асосий вазифасига айланади.

Ушбу масалалар ҳозирги вақтда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятининг янгиланган концепциясида ўз ифодасини топади.

Биз нуфузли халқаро тузилмаларда Ўзбекистоннинг иштирокини юқори даражада таъминлашимиз шарт.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятимизни кучайтирамиз.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича аниқ амалий қадамлар қўйилади.

Ҳозирги вақтда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмаларда Ўзбекистон раислиги учун янгича ёндашув асосида тайёргарлик кўрмоқдамиз.

Шу билан бирга, қадимий ва навқирон шаҳарларимиз – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Нукус, Хива, Термиз, Шаҳрисабз ва Қўқонда халқаро аҳамиятга молик йирик саммит, форум ва анжуманларни доимий равишда ўтказишни давом эттирамиз.

Учинчидан, қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаймиз.

“Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳаларни ҳамкорликда, албатта амалга оширамиз.

Тўртинчидан, яқинда ташкил этилган “Ватандошлар” жамоат фонди орқали хорижий давлатлардаги юртдошларимиз билан, доимий ва самарали алоқалар ўрнатамиз.

Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга жалб этиш учун, барча имкониятларни яратиб берамиз.

Яқин келгусида асосий вазифаси чет элларда ўзбек тили, маданияти ва миллий анъаналаримизни кенг оммалаштириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлган Алишер Навоий халқаро институти ташкил этилади.

X. МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ ТАРАҚҚИЁТ САРИ

Ҳурматли делегатлар!

Биз Янги Ўзбекистонни юксак маданият ва маънавиятга эга бўлган, эркин ва бахтли инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Шу муносабат билан “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастури ишлаб чиқилади.

Бу, аввало, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни давр талабларига мос равишда бойитиш ва ривожлантириш, шу орқали жамиятнинг маданий ва маърифий юксалишига эришиш имконини беради.

Ўз навбатида, бу жамият аъзоларининг онги ва тафаккурини, ҳаёт фалсафаси ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кучайтириш зарур.

Бунда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш – бизнинг олий мақсадимиздир.

Шу борада илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт ва бадиий ижод соҳаларининг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва таъсирини янада оширишга қаратилган алоҳида дастурлар қабул қиламиз.

Ижодкор зиёлиларга доимий эътибор қаратиш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилашга  қаратилган ишларни ушбу соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим йўналишлари сифатида давом эттирамиз.

Маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Ҳудудларимизнинг маданий юксалиши, халқ ҳунармандчилигини равнақ топтиришга қаратилган самарали ва манзилли ишларни тизимли асосда олиб борамиз.

Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, фуқароларимизни турли мафкуравий таҳдидлардан, зарарли оқим ва ғоялардан ҳимоя қилиш масалалари бундан буён ҳам, устувор тарзда диққатимиз марказида бўлади.

Биз муқаддас динимизни, эзгу фазилатларимизнинг мужассам ифодаси сифатида қадрлаймиз.

Асрлар давомида миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб келаётган инсонпарвар динимизни, зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз.

Бой диний ва маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси халқаро маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий-маърифий марказлар имкониятлари, тўлиқ ишга солинади.

Юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, турли диний конфессиялар учун зарур  шароит яратишга қаратилган сиёсатимизни изчил давом эттирамиз.

Азиз юртдошлар!

Бугун сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилинган Янги Ўзбекистон стратегияси, ҳеч шубҳасиз, сайловолди учрашувларида жамоатчилигимиз, халқимиз томонидан билдириладиган қўшимча фикрлар, таклиф ва ташаббуслар ҳисобига, янада бойитилади ва такомиллаш-тирилади.

Шу асосда ушбу Дастуримизни ҳар томонлама мукаммаллаштириб, барчамиз бир жону, бир тан бўлиб, биргаликда амалга оширишимиз лозим.

Ушбу Стратегия – эл-юртимизнинг ислоҳотларимизга бўлган ишончи, шу йўлдаги амалий ҳаракатларидан куч-қудрат олиб, бутун халқимизни Янги Ўзбекистон ғояси атрофида бирлаштирадиган, том маънодаги умуммиллий дастурга айланиши учун бутун халқимиз аввало, партиямиз аъзолари астойдил биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Чунки, бу Стратегия мард ва меҳнаткаш халқимизнинг азалий орзу-интилишлари ва туб манфаатларини ифода этишга қаратилган.

Халқ ишончи қандай буюк қудрат ва илҳом манбаи эканини, ўтган йиллар давомида барчамиз чин юракдан ҳис этиб келмоқдамиз, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Айнан ана шу буюк ишонч энг қийин дамларда бизга умид ва мадад берди, вужудимизга – куч, руҳимизга қанот бағишлади.

Бизга тоғдек таянч бўлиб турган мўътабар нуронийларимиз, меҳрибон оналар, азамат ака-укаларимиз, оқила опа-сингилларимиз, навқирон авлодимизга таяниб, танлаган йўлимиздан дадил илгари бормоқдамиз.

Ана шу юксак ишончга муносиб бўлиш, халқимиз, Ватанимиз манфаатлари ҳамда унинг бахт-саодати йўлида, бор куч-ғайратим, билим ва салоҳиятимни сафарбар этиш, мен учун ҳамиша ҳаётимнинг мазмуни бўлиб келган ва бундан кейин ҳам, ҳамиша шундай бўлиб қолади.

Мен учун бундан улуғ бахт, бундан буюк шараф ва масъулият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Она халқим билан бирга Янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан бахт насиб этгани учун, Яратганга чексиз шукроналар айтаман.

Бу йўлда олижаноб халқимиз билан, ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёрман.

Жонажон Ватанимиз ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётган мана шу тарихий дамларда, кўпмиллатли халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: сизлар билан бирга, қанча мураккаб марра ва довонлардан ўтдик.

Аммо ҳеч қачон ярим йўлда тўхтаб қолмадик. Баъзан толиққан ва чарчаган пайтларимиз ҳам бўлди. Лекин ҳеч қачон тушкунликка тушмадик. Келажакка, ёруғ кунларга ишончимизни асло йўқотмадик.

Чунки, ҳамиша куч-қувват берадиган, болам, деб бағрига босадиган халқимиз бор, бетакрор Ватанимиз бор.

Мана шундай буюк ва енгилмас туйғуни қалбимизга жо айлаб, доимо олдинга, фақат олдинга қараб бормоқдамиз.

Ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамиз, иймон-иродамиз, бутун борлиғимиз билан, ҳаёт синовларида тобландиќ.

Очиқ мулоқот, очиқ сиёсат, очиқ ислоҳотлар бизни халқимизга ва дунёга  янада яқин қилди.

Ўзингиз кўриб турибсиз, бугунги халқимиз – кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам, кечаги Ўзбекистон эмас.

Биз билан ҳамкорлик қилаётган дунё ҳам – кечаги дунё эмас.

Кўряпсизларми, ўзимиз ўзгарсак, сидқидилдан интилиб, фидокорона меҳнат қилсак, атрофимиздаги ҳамма нарса ўзгаради.

Бу ўзгаришлар – шунчаки оддий воқеалар эмас. Ҳар бири шонли тарихимизга олтин ҳарфлар билан ёзиладиган, келажак авлодлар миннатдор бўлиб эсга оладиган, буюк ўзгаришлардир.

Бу ўзгаришларнинг ижодкори, бунёдкори ким? Албатта, кўпни кўрган, иродаси мустаҳкам, матонатли ва меҳр-оқибатли бағрикенг халқимиздир.

Мен доимо эзгуликка, адолат ва маърифатга интилиб яшайдиган ана шундай буюк халқ фарзанди эканимдан, чексиз фахрланаман.

Барча ислоҳотларимизни доимо қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб келаётган, ўзини аямасдан қаҳрамонларча меҳнат қилаётган олижаноб халқимга, фарзандлик меҳри ва садоқати билан чин дилдан, таъзим қиламан.

Ишончим комил, асрлар давомида кўплаб синов ва машаққатлардан муносиб ўтиб келаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи, бу гал ҳам ўзининг ақл-заковати, мустаҳкам иродаси ва юксак сиёсий маданиятини, яққол намоён этади.

Бўлажак сайловларда фаол иштирок этиб, ўзининг фуқаролик бурчини масъулият билан ад́о этади ва Янги Ўзбекистон учун, тинч ва эркин, обод ва фаровон ҳаёт учун овоз беради.

Азиз юртдошларим!

Ватанимизнинг бугунги ва эртанги тақдири, фарзандларимизнинг келажаги Сизларнинг ушбу сайловдаги онѓли иштирокингизга, фуқаролик позициянгизга боғлиқ.

Ишонаман, бу сайлов, Сизларнинг фаол иштироќингиз билан, бугун биз интилаётган Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс сари ташланган, яна бир улкан амалий қадам бўлади.

Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи – Сизнинг қўлингизда.

Келажак учун масъулият эса – барчамизнинг зиммамизда.

Ана шундай буюк ҳиссиёт, ишонч-эътиқод билан ҳаракат қилсак, биздан халқимиз ҳам, келажак авлодлар ҳам, албатта рози бўлади.

Янги Ўзбекистонимиз ҳар томонлама тараққий топган, гуллаб-яшнаган гў́зал мамлакатга айланади.

Барчангизга шу эзгу йўлда сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ҳаётингиз ва фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Яна бир бор катта раҳмат сизларга!

* * *

Ҳурматли съезд делегатлари!

Муҳтарам партиядошлар!

Бугун Сизлар томонингиздан менга билдирилган юксак ишонч, кейинги беш йиллик фаолиятим тўғрисида айтган самимий фикрларингиз, мени Ўзбекистон Республикаси  Президенти лавозимига номзод этиб кўрсатиш ҳақида қабул қилган қарорингиз учун  барчангизга чин қалбимдан миннатдорчилик изҳор этаман.

Мен бу қарорни ўтган даврда Сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда амалга оширган

улкан ишларимиз учун берилган муносиб баҳо, деб қабул қиламан.

Бугун бутун халқимиз қатори Сиз, ҳурматли партиядошларимнинг, партиямиз фаоллари ҳамда бизга тарафдор ва хайрихоҳ бўлган миллионлаб инсонларнинг сиёсий онги ва тафаккури, билим ва савияси, ҳаётга, ислоҳотларимизга муносабати, жонажон Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётганини яна бир марта чуқур ҳис  қилдим.

Мана шундай туб ўзгаришлар сиёсатини, халқпарвар сиёсатни амалга оширишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси келгусида яна янги-янги ғоя  ва ташаббуслар билан майдонга чиқади, деб ишонаман.

Албатта, сайловолди дастуримни  бугун билдирилган, жойлардаги учрашувларда илгари суриладиган  таклиф ва мулоҳазалар асосида бойитиб, такомиллаштирамиз.

Айниқса, Сиз, азизларнинг Янги Ўзбекистон стратегиясини чин дилдан қабул қилиб, уни рўёбга чиқаришда кўпмиллатли халқимиз билан бирга ягона куч, ягона ва фаол жамоа бўлиб ишлашга тайёр эканингиз мени беҳад хурсанд қилмоқда. Кучимга – куч, ғайратимга – ғайрат қўшилмоқда.

Партиямиз тимсолида мустақиллик ғояларига, она халқимиз ва буюк Ватанимизга содиқ ва фидойи, юксак малакали мана шундай сафдошларим борлигидан ғоят фахрланаман.

Бугун менга билдирган ишончингизни юксак қадрлайман. Бу ишончни оқлаш учун ўзимнинг бор куч-ғайратим, билим ва салоҳиятимни сафарбар этаман.

Барчангиз сайлов жараёнларида фаол иштирок этиб, олдимизда турган ана шу муҳим сиёсий тадбирни Янги Ўзбекистоннинг обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда ўтказишга ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.

Жумладан, ҳудудларда бўладиган учрашувларимизда ҳар бир масалани биргаликда муҳокама қилиб, сайловчилар ва халқимиз учун маъқул таклифлар, ташаббус ва лойиҳаларни илгари сурамиз, албатта.

Шу маънода, биз бугун ўз олдимизга қўяётган улкан мақсад ва вазифаларни амалга оширишда Сизларга, бутун халқимизга таянаман.

Мана шундай бирлик ва ҳамжиҳатлик, ўз куч ва имкониятларимизга, келажакка  бўлган улуғ ишонч билан биз эзгу мақсадларимизга албатта етамиз.

Мамлакатимизнинг янги тараққиёт дастурини – Янги Ўзбекистон стратегиясини албатта амалга оширамиз.

Доимо соғ-омон бўлинглар!

Катта раҳмат!

Дастурни юклаб олиш. 

  • Кўрилди
    9118
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+