Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди

09.09.2021, 19:46

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди

2021 йил 9 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съезди бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган 1 минг 200 га яқин делегат қатнашди.

Партия Сиёсий кенгашининг шу йил 7 август куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Шавкат Миромонович Мирзиёев номзоди маъқулланиб, съездга таклиф киритилган эди. Съездда ушбу масала кўриб чиқилди.

Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий воқеа экани, бу лавозимга партиядан кенг билим ва катта тажрибага эга, халқнинг ҳурматига сазовор, етакчи шахс номзодини илгари суриш зарурлигини қайд этди.

Ушбу жиҳатларни ҳамда партия электорати фикрларини инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Съезди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бутун фаолиятини халқимиз фаровонлигига бағишлаб келаётган, бугунги мураккаб даврда мамлакатимизни ривожлантиришга қодир бўлган, ўзининг инсоний фазилатлари ва раҳбарлик қобилияти билан юртдошларимиз ҳурмати ва меҳрини қозонган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев давлатимиз мустақиллигининг илк йилларидан раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритиб келмоқда. Охирги беш йилда Ўзбекистон Президенти сифатида улкан маъмурий, ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди.

Жаҳон иқтисодиётида рўй берган мураккаб шароитга қарамай, ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришилди. Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ошди. Ялпи ички маҳсулотимиз 60 миллиард долларга етди. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.

Партия электоратининг салмоқли қисми бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун янада кенг имкониятлар яратилди. Бизнесни молиялаштириш, солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтириш, ер ажратиш, лойиҳалар ва саноат зоналарига инфратузилма етказиб бериш, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб этиш, транспорт-логистика, тадбиркорликка оид тартиб-таомилларни соддалаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда.

Ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Қишлоқ хўжалигида фермер ва деҳқонлар, ишлаб чиқарувчилар учун манфаатли бўлган самарали усуллар, жумладан, кластер ва кооперация тизими жорий этилди.

Буларнинг барчаси, пировард натижада, юз минглаб янги иш ўринлари яратилиши, халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилди. Аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсгани ҳам бунинг яққол далилидир.

Ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилиб, одамларга муносиб турмуш шароитлари яратилди. Бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг қарийб ярми ўзининг шахсий автомобилига эга.  

Аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш мақсадида ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари, жисмоний тарбия ва спорт каби соҳаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, кадрлар салоҳияти юксалтирилмоқда.

Асосийси олиб борилаётган ислоҳотлар марказдан тортиб энг олис ҳудудларгача етиб бориб, одамлар ҳаётида акс этмоқда. Янгиланишлар нафаси ҳар бир соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳаллага кириб борди.

 Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ижобий натижа берди. Бу ўзгаришларни юртдошларимиз ўз ҳаётида сезмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг вужудга келиши ва етакчи сиёсий кучга айланишида, қолаверса партиянинг бош ғояси бўлмиш жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш сиёсати бугун давлат сиёсатининг муҳим тамойилларидан бирига айланишида айнан Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ҳал қилувчи роль ўйнаганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимиз тараққиётини белгилаб бераётган ушбу йўлни муваффақиятли давом эттиришда O'zLiDeP локомотив бўлиши лозимлиги борасида съезд қатнашчилари якдил фикр билдирдилар.

Тадбирда партия томонидан кўрсатилаётган номзод шу йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган сайловларда халқимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.

Съездда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Съезд қарорига кўра O'zLiDeP қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия номзодини рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этади.

Съездда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Тадбир якунида Партия раҳбарияти иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

O'zLiDeP Матбуот хизмати

 

  • Кўрилди
    2701
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна2021-09-10 13:47:28

Съезд аъло даражада утказилди. Янги Узбекистон асосчиси, хурматли Президентимиз партиямиз тамонидан номзод булиши биз учун катта шараф ва келажакга ишонч.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+