O‘zLiDePнинг X съезди партиямиз фаолиятидаги ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади

11.09.2021, 16:13

O‘zLiDePнинг X съезди партиямиз фаолиятидаги ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади

Куни кеча O‘zLiDePнинг X съезди бўлиб ўтди. Ушбу тадбир партиямиз фаолиятидаги ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади. Чунки съезд  иштирокчилари якдиллик билан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бутун фаолиятини халқимиз фаровонлигига бағишлаб келаётган, бугунги мураккаб даврда мамлакатимизни ривожлантиришга қодир бўлган, ўзининг инсоний фазилатлари ва раҳбарлик қобилияти билан юртдошларимиз ҳурмати ва меҳрини қозонган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилиб, жумладан,  аграр соҳада яна янги ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси билан чиққани, аниқ ва асосли, кўламдор режаларни илгари сургани эътирофга лойиқ. Хусусан, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат маҳсулотларини етарли ҳажмда ва мақбул нархларда етказиб бериш, деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш режа қилинган.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга, бир гектардан ўртача даромадни 5 минг долларга, қишлоқ хўжалигининг экспорт ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилмоқда. Бу мақсадларни амалга оширишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам бериб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқилади. Бунда туманлар аниқ маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.

Аграр тармоқдаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари фаолиятини барқарор, қулай шарт ва муддатларда молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари амалга оширилади.

Шу билан бирга, давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими ҳам тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли ва самарали фойдаланиш мақсадида 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади.

Шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида янги ўзлаштириладиган 400 минг гектар ер майдонлари кластер корхоналарига очиқ танлов асосида ажратилади.

Келгуси беш йилда интенсив боғлар 3 баробар ёки 150 минг гектарга, иссиқхоналар эса 2 баробар ёки 11 минг гектарга кўпайтирилади. Бу орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имкони яратилади.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилади. Албатта, ушбу масалада Қонунчилик палатасидаги фракциямиздан катта масъулият талаб қилинади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    583
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+