Президентликка энг муносиб номзодни илгари сурганимиздан фахрланаман

11.09.2021, 17:30

Президентликка энг муносиб номзодни илгари сурганимиздан фахрланаман

O‘zLiDePнинг кеча  бўлиб ўтган X съезди партиямиз фаолиятидаги ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади. Чунки съезд  иштирокчилари якдиллик билан   Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бутун фаолиятини халқимиз фаровонлигига бағишлаб келаётган, бугунги мураккаб даврда мамлакатимизни ривожлантиришга қодир бўлган, ўзининг инсоний фазилатлари ва раҳбарлик қобилияти билан юртдошларимиз ҳурмати ва меҳрини қозонган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Анжуманда партиядошларимиз, турли соҳалар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, кейинги беш йилда ўзлари фаолият юритаётган жабҳаларда юз берган улкан ижобий ўзгаришлар хусусида сўз юритдилар.

Гарчи сўзга чиқмаган бўлсам-да, аграр соҳада ишлайдиган бир инсон  сифатида ўтган беш йил мобайнида қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотларни яна бир бор хаёлдан ўтказдим.  Пахта яккаҳокимлиги ва мажбурий меҳнатга чек қўйилди, ер эгаларининг маҳсулот етиштиришдан манфаатдорлиги ниҳоятда ортди, фермерлар дуч келаётган талай тўсиқлар бартараф этилди, кластер тизими жорий қилинди ва бошқа кўплаб янгиланишлар рўй берди.   Лекин ўтмишда қишлоқ хўжалигида шундай катта муаммолар ҳам тўпланиб қолганки, уларни  ҳатто беш йилда ҳам ҳал қилиш мушкул. Шу маънода олганда бошланган тизимли ислоҳотларнинг узлуксиз давом этиши мақсадга мувофиқ. Партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилиб, жумладан,  аграр соҳада яна янги ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси билан чиққани, аниқ ва асосли, кўламдор режаларни илгари сургани эътирофга лойиқ. Хусусан, қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам бериб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш лозим. Бунда туманлар аниқ маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади. Давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими ҳам тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли ва самарали фойдаланиш мақсадида 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади. Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилади. Бу борада бажарилиши лозим яна бир қанча вазифалар баён қилинди.

Мен мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини рақобатбардош, самарадор қилиш, арзончилик, тўкин-сочинликка эришишнинг энг оқилона йўли номзод тилга олган вазифаларни амалга ошириш, деб ҳисоблайман.    

Президентликка энг муносиб номзодни илгари сурганимиздан фахрланаман.      

Шозафар Шоаҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси ҳузуридаги

“Ёшлар парламенти” аъзоси

  • Кўрилди
    183
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+