Эзгуликка йўғрилган ислоҳотлар

13.09.2021, 11:34

Эзгуликка йўғрилган ислоҳотлар

Куни кеча Президентимиз ўтган беш йиллик фаолиятларини O'zLiDeP қурултойида делегатлар олдида сарҳисобини берди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши – Ҳаракатлар стратегияси бўйича олиб борилган ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар нафақат халқимизнинг, балки дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлмоқда.

Энг муҳими, бу ислоҳотлар ҳар бир жабҳага, юртимизнинг барча вилояти, шаҳар ва туманлари, маҳаллаю хонадонига кириб боряпти. Ҳар бир инсон ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Ўзимнинг шу даврдаги, айнан Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозими давридаги ҳаётим ва меҳнат фаолиятимни таҳлил қилсам.

...Кўп йиллардан буён таълимнинг бошқарув органида маънавий-маърифий ишлар бўйича мутахассис бўлиб ишладим. Ўз соҳамда ўсиш, ривожланиш, натижаларга эришиш, соҳада раҳбарликда ўзимни синаб кўриш мен ва мен қатори аёлларга ширин бир тушдек эди, ўша пайтлар. Раҳбарликни бўйнига олган аёлларнинг эса, шўрига шўрва тўкиларди.

Эркаклар, раҳбарлар наздида ходима аёллар, хотин-қизлар уйим, жойим, болам-чақам деб ўтириши, дала ишини, айниқса, раҳбарлик лавозимида ўша даврларда ойлаб жалб қилинадиган қишлоқ хўжалик ишларини, кечаю кундуз пахта даласию, пахта пунктларида, режа бажармадинг деган соатлаб йиғилишларга дош бера олмайди, деб ҳисоблашар эди.

Раҳбарлик лавозимига соҳадаги ютуқларинг, билиминг, салоҳиятинг эмас, юқорида санаб ўтган жиҳатлар инобатга олинарди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, яқин-яқингача ҳар йили тахминан 6-7 миллион аҳолимиз, айниқса болалар пахта теримига ихтиёрий-мажбурий сафарбар этиларди. Мана, уч-тўрт йилдан буён ўқитувчи ва ўқувчилар – мактабда, врач – шифохонада, олимлар – лабораторияда, талабалар – аудиторияда ўз машғулоти ва ўз иши билан банд бўлмоқда.

Президент лавозимини адолат тарозиси билан бошлаган юртбошим сиёсатлари туфайли Халқ таълими вазирлигидан 2017 йил декабрь ойида суҳбатдан ўтиб, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида иш бошладим. Касбимни, соҳамни чин юракдан яхши кўриб ишладим. Ҳеч ким мени ва мен каби соҳа раҳбарларини пахта даласига мажбурламади, қишлоқ хўжалиги учун соатлаб, ярим кечалари йиғилишларга чақирмади, далама-дала пахта килограми учун қувламади.

Меҳнатларим натижаси юзага чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлигига бўлган сайловларда номзодим қўйилди. Сайловларда ғолиб чиқиб, бугунги кунда парламентдаги 48 нафар аёл депутатлардан бириман.

Эришган натижаларимнинг туб замирида Президентимнинг биз хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятига эътиборлари, яратиб берган муносиб шароитлари, мажбурий меҳнатнинг бекор қилинганлиги ва энг муҳими инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган сиёсатларининг амалдаги ифодаси акс этди.

Шунингдек, неча йиллардан буён касби бўйича ишини топа олмаётган турмуш ўртоғим ва қизим тадбиркорларга берилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйишди, дастурхонимизнинг, рўзғоримизнинг тўкинлигига, аста-секин даромадга кириб боришимизга сабаб бўлди.

Олий таълимдаги ноҳақликларнинг бартараф этиб борилиши, тизимда ўқишга кириш шаффофлиги таъминланиши натижасида бир неча йилдан буён ўқишга кира олмаётган ўғлим Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетига грант асосида талабаликка қабул қилинди.

Мен сўнгги беш йил давомида Президентимиз олиб борган ислоҳотларнинг бир қисминигина ҳаётим ва фаолиятимдаги ўрнига мисол келтирдим, холос.

Бу ислоҳотлар мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаронинг ҳаётига кириб бориб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига, ислоҳотларга ишонишларига асос бўлаётгани аниқ.

Партиямиздан кўрсатилган номзод дастурида келгусида узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, мен O'zLIDePдан номзоди кўрсатилган ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг эълон қилинган сайловолди дастури билан чуқурроқ танишиб чиқишни мақсадга мувофиқ деб биламан.

Феруза НИҒМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLIDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    75
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+