Ғоят халқчил, одамлар турмушини янада яхшилашга хизмат қиладиган дастур
13.09.2021, 11:37
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг куни кеча бўлиб ўтган X съезди юқори савияда ташкил қилинди. Унда кун тартибидаги барча масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Съезд иштирокчилари жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш учун партиядан номзод кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Сафдошларимиз, тарафдорларимиз Президентликка кенг билим ва катта тажрибага эга, азму шижоатли ва қатъиятли, етакчи шахс номзодини илгари суриш зарурлигини бот-бот таъкидлади.
Электоратимиз, кўп сонли маслакдошларимиз хоҳиш-истагидан келиб чиқилган ҳолда, партиямиз съезди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бутун фаолиятини халқимиз фаровонлигига бағишлаб келаётган, бугунги мураккаб даврда мамлакатимизни ривожлантиришга қодир бўлган, ўзининг инсоний фазилатлари ва раҳбарлик қобилияти билан юртдошларимиз ҳурмати ва меҳрини қозонган Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мен ҳам бу қарорни астойдил қўллаб-қувватладим. Зеро, мамлакатимизга ана шу инсон раҳбарлик қилаётган давр мобайнида барча соҳаларда ижобий, инқилобий ўзгаришлар юз берди. Ҳаётимиз фаровонлашди. Шаҳару қишлоқларимиз янада обод бўлди. Жамиятимизда сўз, фикр эркинлиги қарор топди. Жаҳонда Ватанимиз нуфузи юксалди.
Шунинг баробарида кейинги беш йилдаги ислоҳотлар натижасида юртдошларимиз онгу тафаккури, дунёқарашида юз берган янгиланишларни алоҳида қайд этиш жоиз. Кишилар истиқболга ишонч билан қарай бошлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яхшилангач, минг-минглаб инсонлар тадбиркорликка қўл урди. Охирги беш йилда тадбиркорлар сони деярли уч баробарга кўпайиб, 1,5 миллионга етди.
Партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақидаги маърузасини диққат билан тингладим. Номзод ғоят халқчил, одамлар турмушини янада яхшилашга, Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнашига хизмат қиладиган режалар, вазифалар ҳақида гапирди.
Келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилиб, буни, аввало, “драйвер” соҳаларда, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида, саноат кластери тизими ривожлантирилиши орқали йўлга қўйилиши айтиб ўтилди.
Сайловолди дастурда рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айланиши, унинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилиши, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, макроиқтисодий барқарорлик таъминланиши устувор вазифа сифатида белгиланган. Бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилиб, давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.
Шавкат Мирзиёев яқин истиқболда амалга оширилиши зарур ишлар хусусида сўз юритар экан, бу ўзгаришларни фақат илмли, юқори малака ва салоҳиятга эга кадрлар ёрдамида бажариш мумкинлигини, бу эса таълим тизимини янада мукаммаллаштиришни тақозо этаётганини айтиб, бу йўналишдаги вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Замон шиддат билан ўзгармоқда, ҳаётимизга янги-янги технологиялар, услублар, ёндашувлар кириб келмоқда. Уларни ўзлаштирмасак, ҳар бир жабҳада ўзимиз учун қулай ва самарали йўлларни топмасак, орқада қолиб кетишимиз мумкин.
Шаҳноза ХОЛМАХАММАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O'zLiDeP фракцияси аъзоси
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Фикрингизни қолдиринг