Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, аҳолининг кундалик ҳаётида ўз аксини топиши керак

13.09.2021, 11:39

Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, аҳолининг кундалик ҳаётида ўз аксини топиши керак

2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Ўтган беш йил барчамиз, бутун мамлакатимиз учун, кескин ва оғир синов йиллари бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз, Ўзбекистон учун ҳам, жиддий муаммоларни юзага келтирди.

Мураккаб ва қийин вазиятга қарамай, миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини барқарор сақлаб қолишга эришилди. Хусусан, охирги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ўсди.

Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди. Бу борада иқтисодиётни эркинлаштириш, ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизматлар кўламини кенгайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг куни кеча бўлиб ўтган съездида иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини чуқур ҳаяжон билан тингладик.

Маърузада ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарурлиги, бу – ҳаётий ҳақиқат эканлиги қайд этилди.

Партиямиздан кўрсатилган номзод дастурида келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилиши, бу аввало, «драйвер» соҳаларда, «хомашёдан – тайёр маҳсулотгача» деган тамойил асосида, саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали йўлга қўйилиши белгиланган.

Шунингдек, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, макроиқтисодий барқарорлик таъминланиши, бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилиши қайд этилган. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш учун, келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилиш, шу мақсадда, 2026 йилгача хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича алоҳида Стратегия қабул қилиш назарда тутилган.

Қувонарли томони, номзоднинг сайловолди дастури кўп қиррали бўлиб, қатор ҳаётий мақсад-вазифалар ўрин олган. Жумладан, давлат корхоналарининг трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари тезлаштирилиши, энди самарасиз корхоналар давлатдан қўшимча ёрдам олмасдан, хусусий сектор каби «ўз аравасини ўзи тортиши» лозимлиги таъкидланган.

Бунда, машинасозлик, кимё, нефть-газ, энергетика, кон-металлургия, транспорт каби тармоқлардаги 23 та йирик корхона, халқаро кредит рейтингларини олиш орқали, ички ва ташқи молиявий бозорларга мустақил чиқиб, инвестиция лойиҳалари учун ўзи маблағ жалб қилиши талаб этилади.

Бир сўз билан айтганда, сайловолди дастурда энергия ресурслари бозорини эркинлаштириш, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилиш, натижада, 2026 йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми йилига қўшимча 30 миллиард киловатт - соатга ошириш ва жами 100 миллиард киловатт - соатга етказиш каби улуғ мақсадлар назарда тутилган. Шу жиҳатдан, сайловолди дастурдаги барча мақсад ва вазифалар халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилишига ишонаман.

 

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLIDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    88
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+