Соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш мақсад қилинган

13.09.2021, 11:41

Соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш мақсад қилинган

Мамлакатимизда тараққиётнинг янги даврида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг мевасини бермоқда. Қилинаётган залворли, кенг кўламли ишлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу албатта, танланган йўлимизнинг тўғрилигидан, чуқур ва пухта ўйланган сиёсатимиздан далолатдир.

Куни кеча бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съездида қатнашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини эшитдик.

Таъкидлаш жоиз, партиямиздан кўрсатилган номзод дастурида тиббиётнинг бирламчи бўғинида халқимизга малакали хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага ажратиладиган маблағлар 2 баробар оширилиб, асосий эътибор, хонадонбай тиббий профилактикага қаратилган.

Аҳоли ўртасида кенг тарқалган юрак-қон томир, эндокрин, буйрак етишмовчилиги ва онкологик касалликларни камайтириш мақсадида алоҳида дастурлар қабул қилиш, репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари дастурда ўз аксини топган.

Ногиронлиги бўлган ўғил-қизларимизни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиалларини ташкил қилиш белгиланган.

Шунингдек, хусусий тиббиётни янада ривожлантириш мақсадида уларга солиқ имтиёзлари беришни давом эттириш, ўзимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг миқдорини 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш тизимида юксак натижадорликка эришиш, аҳоли ўртасида касалликларни камайтириш, соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш устувор вазифа қилиб белгиланган.

Наврўз РИЗАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    701
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+