Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун санкциялар бекор қилинади

13.09.2021, 11:44

Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун санкциялар бекор қилинади

Бугунги шиддатли иқтисодий рақобат муҳитида тадбиркорларга кенг имтиёзлар бериш, зарур қулайликларни яратиш долзарб масала саналади. Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, пандемия даврида харажатлар кескин ошганига қарамай, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилиб, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилган ҳолда, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилгани туфайли тадбиркорлар ихтиёрида қолган маблағни бизнес фаолиятига сарфлаяпти.

Қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратишга қаратилган ишлар сабабли махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинмоқда. Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.

 Четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмаслиги ва гаров талаб этилмаслиги минглаб тадбиркорларни илҳомлантириб юборди, ҳаракатга келтирди. Бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса, пандемия сабабли уларга жарима солиш ва ҳозирги пайтгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади.

Таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган. Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби тўлиқ бекор қилиняпти. Солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани ҳам тадбиркорларни хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

Президентимизнинг шу йил 7 сентябрдаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

Давлат солиқ қўмитасининг 2022 йил январь – июль ойларида эксперимент тариқасида Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармасида ҳисобда турган солиқ тўловчиларнинг қўшилган қиймат, акциз, айланмадан ва юридик шахслардан олинадиган ер солиқлари бўйича ҳисоботларининг солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилиши ва шакллантириб берилиши тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватланди.

Ҳужжатга мувофиқ, эксперимент доирасида солиқ органлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини Кадастр агентлиги органлари маълумотлари асосида, қўшилган қиймат, акциз ва айланмадан олинадиган солиқларни электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат-касса техникаси маълумотлари ҳамда солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаради ва ҳисоботини шакллантиради.

Солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчилар учун белгиланган тегишли солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан камида 10 кун олдин солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади. Солиқ тўловчи солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботини олган кундан бошлаб 5 кун ичида уни тасдиқлайди ёки агар эътирозлари мавжуд бўлса, уни рад этган ҳолда, солиқ ҳисоботини қайта ишлаб, ўрнатилган тартибда солиқ органларига тақдим этади.

Ҳужжатда Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 январга қадар солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблаш учун зарур бўлган солиқ солиш объектларини электрон ҳисобварақ-фактураларда акс эттириш имкониятларини яратиши ҳам назарда тутилмоқда.

Солиқлар аслида давлатнинг мустаҳкам бюджетини шакллантиришга қаратилган тушумлар манбаи ҳисобланиб, ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга қайта йўналтирилади. Мазкур фармон эса солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш орқали ишбилармонлик муҳитини яхшилашда хизмат қилади.
 

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    440
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+