Фракция аъзолари муҳим масалаларни муҳокама қилди

13.09.2021, 13:46

Фракция аъзолари муҳим масалаларни муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Х-съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ҳамда бу борада O'zLiDeP олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, номзоднинг сайловолди дастури кўп қиррали бўлиб, унда қатор ҳаётий мақсад-вазифалар ўрин олган. Хусусан, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, макроиқтисодий барқарорлик таъминланиши, бунда, 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилиши, давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслигини таъминлаш каби энг устувор вазифалар белгиланган.

Бунинг учун, бюджет маблағларини самарали тақсимлаш ва назорат қилишнинг янги тизими йўлга қўйилиб, бундан буён, бюджет харажатлари биринчи навбатда фуқароларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилиши қайд этилган.

Шунингдек, иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида, келгуси 5 йилда фонд бозори ҳажми 200 миллион доллардан 7 миллиард долларга етказилиши, бунда, мамлакатимизда капитал олиб кириш бўйича мавжуд чекловлар қайта кўриб чиқилиб, барча учун қулай бўлган шарт-шароитлар яратилиши назарда тутилган.

Сир эмаски, 2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилган эди. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолади, дегани. Энди, зарур тайёргарлик кўрган ҳолда, 2023 йилдан бошлаб, ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда. Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкасини 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтириш масаласи ҳам дастурган ўрин олган.

Фракция аъзолари дастурда белгиланган вазифалар ҳақида тўхталар экан, партиядан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги барча мақсад ва вазифалар Ўзбекистоннинг ривожланиши, халқимиз турмуш фаровонлиги ошиши йўлида хизмат қилишини айтиб, мазкур дастур билан янада чуқурроқ танишиб чиқиш лозимлигини билдирди.

Йиғилишда “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасинининг муҳокамаси ҳам ниҳоятда қизғин кечди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида қуйи палата депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи иштирокида бир қатор йиғилишлар ўтказилиб, уларда қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилган ҳолда, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, маҳаллий тадбиркорлар, кичик бизнес вакилллари томонидан ички бозорга таклиф этилаётган янги товарлар тўғрисидаги ахборотларнинг истеъмолчига етиб бориши ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ички бозорда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда рекламанинг қўлланиш соҳаси, маҳаллий ҳокимиятнинг ваколатлари, реклама субъектлари интернет тизимидаги реклама бериш тартиблари каби моддалар билан тўлдирилгани қонун лойиҳасининг тушунарли ҳамда тўғридан-тўғри ишлашига хизмат қилади.

Халқ вакиллари қонуннинг қабул қилиниши реклама бозори иштирокчиларининг ўзаро муносабатларини тартибга солишини инобатга олиб, уни қўллаб-қувватлашди.

Йиғилшда Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ҳуқуқий асосларини қонун ҳужжатларида мустаҳкамлашни назарда тутувчи “Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Агентлик фаолияти билан боғлиқ қонунчилик таҳлил қилинди, депутатлар, мутахассис ва экспертларнинг таклиф ва тавсиялари ўрганилиши натижасида қонун лойиҳаси амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилди ҳамда келиб тушган таклифлар асосида 30 дан ортиқ мазмун ва таҳрир жиҳатидан лойиҳага тузатишлар киритилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги бир қатор – “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларга қўшимчалар киритиш орқали Ёшлар ишлари агентлигининг тегишли соҳалар бўйича вазифа ва ваколатлари белгилаб берилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб, узоқ тортишув ва баҳс-мунозаралардан сўнг мазкур қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Депутатлар “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.

Лойиҳада банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилот-лари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормаларни тизимлаштириш ва бирхиллаштиришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасида нобанк кредит ташкилотларининг таркиби микромолия ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари этиб белгиланмоқда. Ўз навбатида, микромолия ташкилотлари ва ломбардларга микромолиялаш фаолиятини амалга ошириш хуқуқини бериш назарда тутиляпти.

Баҳс-мунозаралардан сўнг фракция азолари мазкур қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Йиғилишда фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1045
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+