Халқпарвар давлат барпо этишни олий мақсад деб билган номзодни танладик

14.09.2021, 17:31

Халқпарвар давлат барпо этишни олий мақсад деб билган номзодни танладик

9 сентябрь куни бўлиб ўтган O'zLiDePнинг Х съезди президентликка ўз сайловолди дастурида халқпарвар давлат барпо этишни олий мақсад қилиб олган Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Номзод олдинги президент сайловида илгари сурилган дастурдаги вазифалар ижроси нечоғлик амалга оширилганлиги, қисқа муддатда эришилган ютуқлар кўлами ҳақида тўхталди. Ўзининг давлат ва жамият  ҳаётининг барча жабҳаларини изчиллик билан ривожлантириш масалаларини қамраб олган 2021 йилги сайловолди дастури билан таништирди.

Номзодимиз, мамлакатимизни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун белгилаб олинган стратегик йўл – Янги Ўзбекистон стратегияси ҳақида ҳам батафсил тўхталди.

Зотан, Президентимиз ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китобида қайд этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”.

Партиянинг Х съезди иши мобайнида номзоднинг ўта сермазмун маърузасини тинглагандан сўнг, унинг қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли китобни диққат билан ўқиб чиқдим. Унда белгилаб берилган давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги энг муҳим стратегик йўналишларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишдим. Китоб – бу йўлда олдимизда турган вазифалар ва уларнинг ечими борасидаги дастуриламал эканини англадим.

Айниқса, китобнинг “Эркин ва очиқ фуқаролик жамияти” номли қисмида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор йўналишларни белгилаб берилгани биз сиёсий партиялар учун услубий кўрсатма бўлди, десам, муболаға бўлмайди. Мазкур соҳадаги устувор йўналишларни, вазифаларни ўзимизга аниқ белгилаб олсак, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда партия ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини таъминлаш мақсадларига хизмат қилган бўламиз.

Мен номзодимизнинг сайловолди дастури билан танишиб, шунга амин бўлдимки, биз бугун қатъий ишонч билан танлаган номзодимиз сайловларда ғолиб чиқиб, Янги Ўзбекистонимиз жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланиши муқаррар.

Тўлқин Файзиев,

O'zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    170
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+