Президентимизнинг ШҲТ навбатдаги йиғилишидаги иштироки ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда яна бир тарихий воқеа бўлади

14.09.2021, 17:35

Президентимизнинг ШҲТ навбатдаги йиғилишидаги иштироки ҳамкорлик  ришталарини  мустаҳкамлашда  яна бир тарихий воқеа бўлади

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ўртасида ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. Унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳафаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, ШҲТ дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади.

Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ҳарбий ташкилот эмас. Унинг ўз олдига қўйган вазифалари барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишдан иборатдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўпқиррали ва прагматик сиёсати, оқилона ёндашуви, саъй-ҳаракатлари Ўзбекистоннинг турли давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан муносабатлари ижобий йўналишда  ривожланишида  муваффақиятлар кафолати сифатида хизмат қилмоқда.  

Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги фаолиятимиз самарали тус олгани, ташкилотга аъзо давлатлар билан турли соҳалардаги алоқаларимиз тобора мустаҳкамланаётгани эътиборга молик. 

Шу йил 16-17 сентябрь кунлари Президентимиз  Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Эътиборлиси, ШҲТнинг ушбу саммити ташкилот тузилганининг 20 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Саммитнинг биринчи куни, 16 сентябрда давлатимиз раҳбари Ташкилотга раислик қилаётган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.  

17 сентябрь куни давлат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилади. Саммит якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади.  

Кўплаб хорижий экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги беш йилда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги хавфсизлик ва юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Мамлакатимиз раислиги жуда самарали бўлади, ташкилот фаолиятини янада жонлантиради, дея ишонч билдирилмоқда.  

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиши дўстона муносабатлар ҳамда иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги  ҳамкорлик  ришталарини  мустаҳкамлашда  яна бир тарихий воқеа бўлади.

Дилшод Шоумаров,

O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    136
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+