Изчил ислоҳотларга мос рамзимиз бор

16.09.2021, 16:01

Изчил ислоҳотларга мос рамзимиз бор

OʻzLiDePнинг янгиланган рамз-логотипи фақат шаклнинг ўзгарганини англатади, десангиз янглишасиз. Янги Ўзбекистонда қандай ўзгариш, янгиликлар рўй бераётганига бутун дунё аҳли гувоҳлиги аён. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз мевасини бераётган бир пайтда яна инсон қадр-қиммати ва унинг манфаатларига алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас.

Шу маънода жорий йилнинг 6 сентябрида бўлиб ўтган OʻzLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги VIII мажлиси кун тартибига айнан ушбу сиёсий кучнинг рамзини ўзгартириш масаласи киритилиб, бир овоздан тасдиқлангач, аксарият маслакдошлар хурсанд бўлишди. Негаки, янги рамзнинг мазмун-моҳияти айнан ҳозирги жараёнлар, қолаверса, мамлакат сиёсат майдонида етакчилик мақомига эга бўлмиш Ўзбекистон Либерал-демократик партияси танлаган йўлга ҳамоҳанг эди.

Янги рамзнинг маъно-мазмуни хусусида OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров мухбиримизга қуйидагича изоҳ берди: —Биласиз, шу йилнинг 24 октябрь куни юртимизда улкан сиёсий воқеа, яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Ҳозир бу жараён авж палласига кириб бораётир ва шу йил 9 сентябрь куни OʻzLiDePнинг Тошкентда бўлиб ўтган Х съездида Президентликка номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури барча ҳудудларда атрофлича ўрганилиб, кенг муҳокама қилинмоқда.

Ушбу тарихий нутқда ҳар бир юртдошимизнинг юрагини тўлқинлантирадиган бир жиҳатга алоҳида тўхталмоқ жоиз. Қуйидаги сўзларга эътибор берайлик: “Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган “давлат – жамият – инсон” тамойилини ўзгартирдик. Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда”. Бу эътироф тагзамирида, биринчи навбатда, халқни рози қилишдек муқаддас вазифа ётибдики, бу аслида давлатимиз раҳбарининг ҳаётий шиори эканлигини яна бир карра исботлайди. Муболағасиз айтиш мумкинки, яқин беш йиллик муддатга мўлжаллаб халқимиз эътиборига тақдим этилган ушбу стратегик дастуриламал ҳар бир партиядошимиз зиммасига жиддий масъулият юклаши баробарида фаолликни янада оширишни талаб  қилмоқда. Ана энди партиямиз логотипи, яъни рамзига атрофлича тўхталмоқ жоиз деб ўйлайман. Хўш, бу белги нималарни билдиради? Қайд этиш керакки, партия ребрендинги тўғрисида гап кетганда, албатта, нафақат унинг ғоялари, фаолияти, балки, асосий рамзи (логотип)га ҳам алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Зеро, логотип бизнинг асосий ташриф қоғозимиз ҳисобланади, тўғрими?! Шундай экан, партия фаолиятидаги ўзгаришлар, албатта, унинг тимсоли бўлган логотипида ҳам ўз аксини топишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Кейинги бир ой давомида кенг жамоатчилик билан ўтказилган  учрашув, мулоқотларда ҳам ушбу масала юзасидан одамларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганиб борилди. Партия фаоллари, айниқса, партиямиз тарафдорларининг таклифларидан сўнг шу нарса маълум бўлдики, бугунги талаблар даражасига мос равишда ўзгариш OʻzLiDePнинг логотипида ҳам ўз аксини топиши лозим экан. Бошқача айтганда,  ушбу сиёсий кучнинг янги логотипи OʻzLiDeP ислоҳотларнинг янги босқичида ўз олдига қўяётган улкан мақсадларни тўла акс эттира оладиган бўлиши зарур. Токи, бутун халқ ва халқаро жамоатчилик ушбу рамзда OʻzLiDeP бугунги кунда ўз олдига қўйган мақсадларнинг ифодасини кўра олсин. Хуллас, OʻzLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги VIII мажлисида тасдиқланган янги рамз-логотипнинг қисқача тавсифини шундай изоҳлаш мумкин:

Рамз ромб ичига жойлаштирилган 4 та геометрик шаклдан иборат уйғунлашган ҳолда яхлит яратувчанлик ва бирлаштирувчи саккиз қиррали юлдуз композициясини акс эттирган.   Бунда 4 та мақсад ва партия номи қисқартмасидан олинган 4 ҳарф – OLDP синергия ҳосил қилиб, геометрик шаклларга айланган. Ҳосил бўлган белги анъанавий ва меъморий безакка ўхшайди ҳамда ўзбек халқининг бой анъаналари ва мамлакатнинг қадимий тарихига ҳурматни билдиради. Рамз партия аъзоларини фаол, ишбилармон, янгиликка интилувчан шахслар сифатида тавсифлайди. Янгиланган рамзда тим кўк рангнинг икки хил туридан: тим (тўқ) кўк, оч тим кўк рангдан фойдаланилган. Оқ фонда ромб ичидаги геометрик шакллар ранги оч тим кўк рангда, ромб эса тим кўк рангда ифодаланади. Тим кўк фонда эса ромб ва унинг ичидаги геометрик шакллар оқ рангда ифодаланади. Бунда бошқа ранглар қоришмаларидан ҳам фойдаланилади. Рамздаги “O‘ZLIDEP” ёзуви тим кўк фонда оқ рангда, оқ фонда эса тим кўк рангда ифодаланади. Шунингдек, қўшимча ранглар қоришмаларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Демак, партия рамзи тасвирида фойдаланилган рангларни шундай тавсифлаш мумкин: оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва хаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилиш тимсоли; оч тим кўк ранг – мовий, беғубор ва тиниқ сув рамзи бўлиб, ҳаётнинг асосий манбаларини ифодалайди; тим (тўқ) кўк ранг  эса ғайрат­шижоат ва тадбиркорлик рамзи бўлиб, тараққиёт локомотивига айланган тадбиркор ва ишбилармонлар ҳаракатини англатади! Ишончимиз комилки, янги Ўзбекистон тараққиётини белгилаб берувчи ислоҳотлар тақдири халқимизнинг тинчосойишта, фаровон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир.

  • Кўрилди
    897
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+