Самарқандда ишончли вакил брифинг ўтказди

21.09.2021, 10:05

Самарқандда ишончли вакил брифинг ўтказди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланиши муносабати билан брифинг ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексининг 43-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради. 

Ушбу тартибга кўра, Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 15 сентябрдаги қарорига асосан, Рустам Холмуродов Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили сифатида рўйхатга олинди. 

– Марказий сайлов комиссияси шу йил 17 сентябрда қабул қилган қарорига асосан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланди – деди Р.Холмуродов. – Шундан келиб чиққан ҳолда мен бугундан бошлаб 32 кун мобайнида сайловолди ташвиқотини олиб боришда номзодга кўмаклашаман. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда, албатта, номзоднинг манфаатларини ифодалайман. Бу фаолиятим орқали сайловнинг демократик асосларда, очиқлик ва адолат тамойилларига мос равишда ўтишига баҳоли қудрат ҳисса қўшаман. Бу даврда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, ташкилотлар, муассасалар, корхоналарда турли соҳалар вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиш, жумладан, йирик оммавий учрашувлар ўтказишни режалаштирганмиз. Президентликка номзод дастурида белгиланган асосий ғоя ва мақсадларни фуқароларга жонли, ҳаётий мисоллар орқали, самимий суҳбат ва савол-жавоблар асносида тушунтирамиз. Шу билан бирга жойларда мавжуд масалалар юзасидан ҳам фикрлашаман.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    650
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+