Пойтахтимизда талаба ёшлар иштирокида “Инсон қадри учун” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди

22.09.2021, 14:13

Пойтахтимизда талаба ёшлар иштирокида “Инсон қадри учун” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди

Маълумки, ўтаётган ҳар бир кун бизни қизғин сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига яқинлаштирмоқда. Сайлов тобора ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда.

Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бошланди. Табиийки O'zLiDeP ҳам партиядан Президентликка номзоди кўрсатилган Шавкат Миромоновчи Мирзиёев сайловолди дастуридан келиб чиқадиган янги форматдаги тарғибот-ташвиқот тадбирларига жиддий киришган. Ушбу тадбирларда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг аввалги ва ҳозирги фаолиятининг асосий жиҳатлари таҳлил қилинмоқда, номзоднинг сайловолди дастури асосий мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказилмоқда ва ўз навбатида аҳолини партиямиздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирилмоқда.

Хусусан, Пойтахтимизнинг талабалар шаҳарчасида “Инсон қадри учун” шиори остида бўлиб ўтган оммавий тарғибот тадбирида талаба ёшлар ва волонтёрлар қатнашди.

Тадбирда O'zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Рустам Каланов сўзга чиқиб, юртимизда кейинги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бугун шаҳарларимизда, узоқ қишлоқларимизда, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўй кўрсатаётганини алоҳида эътироф этди. Айниқса, 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани айтилди.

Қисқа давр ичида мамлакатимизда янгиланишлар нафаси кириб бормаган бирорта соҳа ва тармоқ, шаҳар ва туман, қишлоқ ва маҳалла қолмади.

Айтиш керакки, ислоҳотлар натижасида давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди.

Энг муҳими, биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинаётган “давлат – жамият – инсон” тамойили ўзгартирилди. Мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда.

Тадбирда қўлга киритилаётган бу ўзгаришлар бевосита Президентимиз – Шавкат Миромонович Мирзиёев номи билан боғлиқ эканлигини якдиллик билан эътироф этдилар.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёевнинг кейинги беш йилга мўлжалланган сайловолди дастурининг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам йиғилганларга маълумот берилди.

Тадбир куй-қўшиқларга уланиб кетди.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    681
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+