Инсонпарвар сиёсат юртдошларимиз ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда

22.09.2021, 18:30

Инсонпарвар сиёсат юртдошларимиз ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда

Беш йил муқаддам яқин ўтмишда мамлакатимизда амалда бўлган “давлат – жамият – инсон” тамойилига барҳам берила бошланди. Ўзбекистонда  аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча саъй-ҳаракатлар негизига қўйилди. Ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топа бошлади.  

Юртимизда тарихан қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди. Хусусан, ижтимоий йўналишдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари ва спорт каби соҳаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари ўтган 5 йилда давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборида бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган халқ қабулхоналарига ижтимоий соҳа бўйича ҳам жуда кўп мурожаатлар бўлганини ва тилга олинган долзарб масалалар изчиллик билан ҳал этилганини таъкидлаш жоиз.  

Энг муҳими, давлатимиз раҳбари илгари сурган “Одамлар эртага эмас, бугун бахтли яшашни истайдилар” тамойили асосида олиб борилган эзгу ишлар тобора кенгроқ миқёс касб этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларидаги бунёдкорлик лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 июндаги қарорига мувофиқ “Янги Ўзбекистон” университетига асос солинган эди. Қарорда университет учун замонавий ўқув кампуси бунёд этилиши белгиланган. Шу мақсадда туркиялик муҳандислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилган. Тадбирда ушбу лойиҳанинг асосий жиҳатлари, бўлажак бинода яратиладиган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Тақдимотда  Миллий боғда қад ростловчи янги кутубхона, Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида бунёд этиладиган 10 қаватли онкология ва радиология тиббиёт маркази лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари қурилишларни халқаро стандартлар асосида, сифатли амалга ошириш, биноларга хизмат кўрсатадиган техник ходимларни ҳозирдан тайёрлаб бориш юзасидан кўрсатмалар берди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат одамлар ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда.

 Гавҳарой Тўхтасинова,

халқ депутатлари Бектемир туман Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    389
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+