Ишончли вакил китоблик сайловчилар билан учрашди

23.09.2021, 16:53

Ишончли вакил китоблик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан кўрсатилган номзод – Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Темур Поёнов воҳанинг чекка ҳудуди ҳисобланган Китоб тумани сайловчилари билан учрашди.

Туман марказидаги маданият саройида ўтказилган  учрашувда дастлаб ишончли вакил Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли, босиб ўтган ҳаёт йўли, сайловолди дастури ва бугунги ҳаётбахш ислоҳотларни амалга оширишда кўрсатаётган фидойилиги ва ташаббускорлиги хусусида сўз юритди.

-Мен Президентликка номзод ишонч билдирган энг ёш ишончли вакиллардан бириман, - деди у учрашувда сайловчиларга ўзи ҳақида фикр билдирар экан. – Гарчи энди 28 ёшга қадам қўйган бўлсам-да, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини бошимдан ўтказдим, ҳар қандай қийинчиликларни метиндай ирода, юксак билим ва сабр-бардош билан енгиб ўтиш мумкинлигини англаб етдим. Қашқадарёлик ёшлар етакчиси сифатида шуни айтмоқчиманки, инсон қадри юксаклларга кўтарилган, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилаётган, раҳбарлар ишни халқнинг турмуш тарзини ўрганишдан бошлайдиган даврга қадам қўйдик. Бинобарин ислоҳотлар янгича мазмун-моҳият касб этмоқда. Яъни халқлар жипслашмоқда, бир мақсад йўлида – юрт равнақи ва тараққиётига хизмат қилишни ўзлари учун шараф деб билишмоқда. Халқ онгу тафаккури нимадан илҳом олмоқда? Албатта, бунда  ҳаётий ислоҳотлар ижодкори, Президентликка номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг улкан хизматлари ва ташаббуслари мужассамдир.

Учрашувда жамоат ташкилотлари вакиллари, кекса ва нуронийлар, фермерлар, ёшлар ва аҳолининг турли қатлами вакиллари сўзга чиқиб, барпо қилинётган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти учун фидойилик кўрсатётган номзодга овоз бериш шарафли бурч эканини изҳор этишди.

-Қишлоқдан чиққан оддий фермер аёл бўлсам-да, ўз меҳнатим ва тинимсиз саъй-ҳаракатларим боис давлат раҳбари эътиборига тушдим,- дейди китоблик фермер Насиба Нурова. –Ўтган 5 йилда рўй берган ҳаётий янгиланишлар биз истиқомат қилаётган қишлоқ мисолида қарайдиган бўлсангиз, чиройли ва кўркам бир шаҳарчага тушиб қолгандай бўласиз. Фермерлар имкониятлари янада кенгайди, муаммолари тезда ҳал этиладиган бўлди. Энг қувонарлиси, халқимизнинг ўзи яшаб турган жонажон юртига бўлган муҳаббати, эртанги кунга ишончи юксалди. Шу боис ҳам мен партиямиздан кўрсатилган Президентликка номзодни қўллаб-қувватлайман.

Шу куни ишончли вакил Бектемир қишлоғидаги 2-касб-ҳунар мактабида китоблик сайловчи хотин-қизлар билан ҳам учрашди. Қизғин савол-жавоб ва фикр-мулоҳазалар руҳида ўтган учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Гулшана Худоёрова ва Қаҳрамон Эргашевлар иштирок этишди ва сўзга чиқишди.

OzLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    694
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+