Бор билим ва салоҳиятимни, ғайрат-шижоатимни юртимиз фаровонлиги учун сафарбар этаман

29.09.2021, 17:16

Бор билим ва салоҳиятимни, ғайрат-шижоатимни юртимиз фаровонлиги учун сафарбар этаман

Мен шу йилнинг 27 сентябрь куни O’zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг наманганлик сайловчилар билан учрашувида иштирок этдим. Шавкат Мирзиёев ўтган беш йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, хусусан, Наманган вилоятида эришилган натижаларга тўхталди.

Бунда биринчи навбатда иқтисодни ривожлантириш, тадбиркорларнинг хуқуқ ва манфаатларини ҳимоя килиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини, хотин-қизларни, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" жорий килингани ва бунинг афзалликларини мисоллар билан тушунтирди. Наманганда "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари асосида бажарилган ишларни таҳлил этди.

Номзод шунингдек, кейинги беш йилга мўлжалланган сайловолди дастури билан ҳам таништирди. Айниқса, Наманган вилоятини ижтимоий -иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш буйича устувор вазифалар, жумладан, вилоят учун 40 триллион сўм маблағ ажратилгани иштирокчилар томонидан гулдурос қарсаклар билан олқишланди. Уйчи туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, вилоятда 400 мингта янги иш ўринлари яратиш, паҳта ва ғалладан бўшайдиган ер майдонларини одамларга, тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага бериш, интенсив боғлар барпо этиш, боғдорчиликда кластер усулидан фойдаланиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш каби муҳим вазифаларнинг белгилаб қўйилгани барча иштирокчиларга  хурсандчилик бағишлади.

Музокарада мен ҳам сўзга чиқиб, аввало биз тадбиркорларга яратиб берилган имконият аа имтиёзлар учун миннатдорлигимни билдирдим. Хақиқатан ҳам Президентимиз ташаббуслари билан қишлоқ хўжалигида кластер усулининг тадбиқ этилиши қисқа давр ичида ўзининг ижобий натижаларини берди. Буни ўзим бошчилик қилаётган “Art Soft Cluster” мисолида айтадиган бўлсам, Поп ва Мингбулоқ туманларидаги фермер ҳўжаликларининг пахтадан оладиган ҳосилдорлиги 24 центнердан
40 центнерга, ғаллачиликда эса 45 центнердан 75 центнерга кўтарилди. Фермерларнинг даромади 1 млн. доллардан 3 млн. долларга ошди. Ҳар икки туманда етиштирилган пахта хом-ашёси олдинлари 25 млн. долларга сотилган бўлса, ҳозирда компаниямиз томонидан чуқур қайта ишлаши натижасида 70 млн. долларга сотилмоқда. 2016 йилгача 3 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, бугун бу кўрсаткич 34 млн. долларга етди. Ишчилар сони ҳам 300 нафардан 4200 тага ўсди.

Мен имкониятдан фойдаланиб, айрим таклиф-мулоҳазаларимни ҳам айтдим. Биринчидан, хусусий мулкка, ерга бўлган эгалик хуқуқининг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Конституцияга айрим қўшимчалар киритилишини ва бу фермерларга, тадбиркорларга, қолаверса, хорижий инвесторларга ҳам маъқул бўлишини изоҳладим. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя килишга оид Қонунлар, Фармон ва қарорлар борлиги ва буни янада мустаҳкамлаш учун Бизнес омбудсманни мақоми ва тадбиркорларнинг мавқеини Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаш бўйича таклифларимни бердим. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бу таклифларимни қўллаб-қувватлади.

Мен ҳам бу эътибордан, эътирофдан мамнун бўлган ҳолда келгуси беш йилда катта лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ишчилар сонини 13 мингтага, айланма маблағимизни 250 млн. долларга ва экспорт ҳажмини 150 млн. долларга етазишга ваъда бердим.

Албатта, бу шунчаки, орзу ҳавас эмас. Хаммаси хисоб-китобли. Юртимиз тинч бўлса, халқпарвар, инсонпарвар ва адолатпарвар Юртбошимиз омон бўлса, биз ҳам бор билим ва салоҳиятимизни, ғайрат-шижоатимизни эзгу мақсадлар учун сафарбар этишга тайёрмиз.

Олимхон Бабаханов,

“Art Soft Holding” компанияси Кузатув кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    313
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+