Нуронийлар ҳам, ёшлар ҳам янги ислоҳотларнинг янги босқичда давом этишини чин юракдан истамоқда

04.10.2021, 12:29

Нуронийлар ҳам, ёшлар ҳам янги ислоҳотларнинг янги босқичда давом этишини чин юракдан истамоқда

Шу кунларда партиямиздан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказиш борасидаги ташвиқот ишлари ҳам ғоят қизғин тус олди. O‘zLiDeP ташаббусига кўра Фарғона вилоятида ҳам бу йўналишда тарғибот гуруҳи тузилди. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Мавлуда Хўжаева раҳбарлик қилаётган, маҳаллий кенгашлар депутатлари, халқ орасида катта нуфузга эга инсонлардан иборат  мазкур гуруҳ вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Навбатдаги мулоқот Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ташкил қилинди. Тадбирда  корхона меҳнат жамоаси, хусусан,   кекса, тажрибали ишчи-хизматчилар, нафақага чиққан меҳнат фахрийлари ҳам иштирок этди.  

Учрашувни  корхона раҳбари Ҳабибжон Латипов очиб, Президент сайлови янгиланаётган мамлакатимизнинг узвий бир қисми, юртдошларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этишининг асосий шакли экани, шу боис бу улкан сиёсий тадбир сайловни ташкил этувчиларга ҳам, сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларга  ҳам, сайловчиларга  ҳам – барчага  ғоят катта масъулият юклашини  таъкидлади.

Сўнгра Мавлуда Хўжаева сўз олиб, кейинги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилган халқчил ислоҳотлар самаралари, партиямиз номзоди бошланган янгиланишларни янги босқичда давом эттиришни мақсад қилгани тўғрисида атрофлича сўз юритди.

– “Одамлар эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшаши керак” деган эзгу ғоя ижобатини юртдошларимиз бугун ўз тақдири ва оиласи мисолида кўриб, ҳис қилиб турибдилар, – деди нотиқ. – Очиқлик сиёсати олиб борилгани туфайли халқимизнинг давлатга нисбатан ишончи янада мустаҳкамланди. Давлат ва жамият ўртасида бирдамлик вужудга келди. Оммавий ахборот воситалари халқ минбарига айланди. Яна бир эътиборга молик жиҳат –2020 йилда ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етди. Ушбу мақсадларга бюджетдан 2016 йилга нисбатан
5 баробар кўп маблағ ажратилгани ҳам бу соҳага қанчалик эътибор юқори эканлигини кўрсатиб турибди.

5 йил аввал валюта бозори қай аҳволда эди?! 4 та курс мавжуд эди. Валюта бозори либераллаштирилгани туфайли миллий валюта – сўмни эркин айирбошлаш имконияти яратилди. Макроиқтисодий барқарорлик таъминланди.

Иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида реал секторга алоҳида эътибор қаратилди. Зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Инвесторларга қулай шароитлар вужудга келтирилди. Бугун бу ишлар натижасини геология, энергетика, саноат соҳалари комплекс ривожлангани мисолида барчамиз кўриб турибмиз.

Нуронийларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилди.  3 000 дан ортиқ фаол кексалар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги”, 1 ноябрдан 30 ноябргача бўлган давр эса “Кексалар туризм ойлиги” деб эълон қилиниши кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятга моликдир. 

73 нафар уруш қатнашчисига Ҳаж сафарига бориши учун 1,5 млрд. сўм тўлаб берилди ва уларнинг Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсида бепул даволаниши ташкил этилди.

М. Ходжаева номзод сайловолди дастурида баён қилинган мақсад-вазифаларга ҳам батафсил тўхталди. Хусусан, ижтимоий соҳа бўйича охирги бир неча йилда амалга оширилган беқиёс ишлар Ўзбекистон тарихида бўлмаганини ва ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши тарихий зарурат эканини билдирди. Жумладан, келгусида эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилади. Эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади. Базавий пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори ҳозирги 10 баробардан 12 баробарга оширилади. Бу – 2 миллион нафар фуқаронинг пенсияси камида 20 фоизга кўпайишини англатади. Шу билан бирга уй-жойга муҳтож фуқароларга турар-жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этилади.

Парламент қуйи палатаси депутати халқ фаровонлигини оширишга қаратилган бошқа талай режалар тўғрисида ҳам гапирди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди, жойлардаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси Ботир Темиров ўз сўзида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлардан  ниҳоятда хурсандлиги, ватанимиз эртасига бўлган ишонч мустаҳкамлангани, туб ислоҳотларнинг янги босқичда давом этишини чин юракдан истаётганини маълум қилди. Бошқа оқсоқоллар, ёшлар ҳам ўз чиқишларида ижобий ўзгаришларни узлуксиз давом эттириш кераклигини таъкидладилар.

Тарғибот гуруҳи раҳбари йиғилганларни бўлажак сайловда Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.     

Тадбир якунида кўп йиллар корхонада ишлаб, ёшларга намуна бўлган фахрий ходимларнинг бир гуруҳи Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тақдирланди.

  • Кўрилди
    378
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+