Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатлари юксак даражага кўтарилмоқда

06.10.2021, 12:02

Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатлари юксак даражага кўтарилмоқда

Азалдан бу икки халқ ўртасида дўстлик алоқалари мустаҳкам бўлган ва бугунги кунда ҳам бу қардошлик ришталари янада ривожланиб бормоқда. Ўзбек-туркман халқларининг тили, дини, урф-одатлари ва миллий маданияти ўхшашлиги эса бир-бирини қалбан ҳис қилишида муҳим аҳамият касб этади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг юртимизга ташрифи эса ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ҳамда қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки Туркманистон етакчисининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан самимий учрашувида стратегик шерикликнинг долзарб масалалари батафсил муҳокама қилинди ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган  янги “ўсиш нуқталарини” белгилаб олишга эришилди. Бу ташриф минтақавий ва халқаро майдондаги ҳамкорликни кенгайтиришга муҳим асос бўлади.

Икки давлат етакчилари Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишди. Бинобарин, кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортгани икки давлат иқтисодиётини юкслатиришда муҳим бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари, айниқса савдо-иқтисодий соҳада ижобий суръат билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш уч баробар ортди. Ташриф доирасида ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форумида келишувлар ва қатъий шартномаларнинг салмоқли тўплами имзоланди. Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, учинчи мамлакатларда келаётган импортнинг ўрнини Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилаётган ва икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар билан босишга доир келишув ўзаро савдони кўпайтиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Шуни мамнуният билан қайд этиш ўринлики, Туркманистон ва Ўзбекистон муносабатларининг юқори даражага кўтарилаётгани ва барча соҳаларда келишувга эришилаётганидан иккила халқ вакиллари жуда ҳам мамнун бўлишмоқда. Чунки дўстлик, қардошлик ҳамда ҳамжиҳатлик халқларни бирлаштиради. Бирлашган халқларни эса ҳеч қандай куч енга олмайди.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    636
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+