Ўзбекистон билан Туркманистоннинг дўстона муносабатларида янги саҳифа очилди

06.10.2021, 16:07

Ўзбекистон билан Туркманистоннинг дўстона  муносабатларида янги саҳифа очилди

Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларданоқ  барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратган эди. Кейинги беш йилда чуқур ўйланган ва ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритилди, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳити вужудга келди. Эътиборлиси, минтақадаги қўшнилар билан муносабатларда 2016 йилгача мавжуд бўлган кўплаб мураккаб муаммоларга ечим топилди.

Ўзбекистон раҳбари ташаббуси асосида минтақанинг барча мамлакатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашинуви амалга оширилди. Минтақа давлатлари етакчилари ўртасидаги сиёсий мулоқот ўзаро ишончга асосланган мунтазамлик ва доимийлик касб этди.

Президентимиз таклифига биноан кеча мамлакатимизга Туркманистон  Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг  расмий ташриф билан келиши  мазкур давлат билан ҳам дўстлигимиз барқарор ва бардавом эканини яна бир бора яққол намоён этди.

 “Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги “ўсиш нуқталарини” белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади”, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев мулоқот чоғида.

Ўз навбатида Туркманистон Президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.

“Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз.  Кейинги йилларда ҳамкорлик  жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг”, деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳоладилар.

Кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.

Турли тармоқларда саноат кооперациясини ривожлантириш, шу жумладан  автомобиллар йиғиш, кимёвий маҳсулотлар, электр техникаси ва маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, пахта толаси ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, логистика инфратузилмасини яратиш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди.

Томонлар транспорт соҳасида ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар.  Бу борадаги ўзаро мувофиқлаштирилган қўшма саъй-ҳаракатлар юк ташишлар ҳажмини ошириш ҳамда транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратади.

 Халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни кучайтиришнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Музокараларда, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиёт гарови экани таъкидланди.

Президентлар халқаро майдонда, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин мулоқотни давом эттириш ва ташаббусларни биргаликда илгари суришга келишиб олдилар.

Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи жами 23 та ҳужжат имзоланди.

Пировардида шуни таъкидлаш керакки, айниқса, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қанчалик кенгайса,  шунчалик яхши. Ҳамкорлик, шериклик қизғин тус олгандагина барча соҳаларда жадал тараққиёт, ўсиш бўлади.  Тарихдан маълумки, ҳеч бир давлат якка ўзи, ташқи дунёдан узилган ҳолда тараққий этолмаган. Бундай давлат қолоқликка, заифликка маҳкум. Дўстона алоқаларни яхши йўлга қўйган ўлкалар эса, аксинча, гуллаб-яшнайди.  Ўзбекистон қўшни давлатлар  билан стратегик  шерикликни тобора мустаҳкамлаш йўлидан боряптики, бундай оқилона сиёсатни партиямиз тўла қўллаб-қувватлайди.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро

алоқалар қўмитаси аъзоси,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    340
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+