Сирдарёлик сайловчилар билан самимий мулоқот

07.10.2021, 16:17

Сирдарёлик сайловчилар билан самимий мулоқот

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Сирдарё туманида вилоят сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Сирдарё вилояти бўйича ишончли вакили П.Аҳмеджонова очди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Бу дастур мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган ўнта устувор йўналишдан иборат. Булар - иқтисодиётни илм ва юқори технологиялар асосида ривожлантириш, фаол тадбиркорлик ва манзилли молиявий кўмак орқали камбағалликни қисқартириш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, таълим сифатини яхшилаш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиш, маданий-маънавий соҳаларни юксалтириш йўналишларидир.

Маърузада Сирдарё вилоятида юз бераётган ўзгаришлар қисқача айтиб ўтилди. Хусусан, ўтган беш йилда вилоятда маҳаллий саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмлари қарийб 2 баробарга ошган.
Вилоятга жалб қилинган сармоялар ҳажми 3,5 баробар, тўғридан-тўғридан хорижий инвестициялар эса 9 баробарга ўсган.

Асосий эътибор мавжуд муаммоларни ҳал этиш, вилоятни барча соҳалар бўйича ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалаларига қаратилди. 

Шу мақсадда номзод томонидан беш йиллик дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробарга ошириш мўлжалланган. Бунга фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш, мелиорацияни яхшилаш, уруғчилик, балиқчилик, чорвачилик ва анор етиштиришни ривожлантириш орқали эришилиши айтилди.

Вилоятда саноат равнақи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун имкониятлар кўп. Шунинг учун ҳар бир туманда Лойиҳа гуруҳи ташкил этилиб, “драйвер” соҳалардаги лойиҳалар молиялаштирилиши таъкидланди.

Умуман олганда, вилоятда келгуси беш йилда энергетика, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва бошқа тармоқларда 5 миллиард долларлик 2 мингта инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мақсад қилинган. Бу 60 мингта доимий иш ўрни яратиш имконини беради. Шу даврда вилоят экспортини 5 баробарга ошириб, йилига 1 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.

Номзод уй-жой қуриш, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги вазифаларга ҳам тўхталди. Жумладан, келгуси беш йилда 10 минг хонадонли уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган. Ичимлик суви ва оқова тармоқлари яхшиланади. Автомобиль йўллари таъмирланади ва янгилари қурилади. Вилоятни Тожикистон орқали Фарғона водийси билан боғловчи транзит автобус йўналишлари йўлга қўйилади.

Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги режалар ҳам баён қилинди.

- Янги Ўзбекистонни барпо этиш,  олиб бораётган ислоҳотларимизнинг самарадорлигини ошириш учун  бугун бизга маърифатли бошқарув – илм-фан ва адолатли қонунларга асосланган, оқилона ва самарали бошқарув керак. Энди одамлар дардига бепарво  бўлган, “айтганим – айтган,  деганим – деган” қабилида ишлайдиган раҳбарларни халқ ҳам, ҳаёт ҳам қабул қилмайди, - деди Шавкат Мирзиёев.

Номзод ўз дастуридаги режаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар борлиги, бунда меҳнатсевар сирдарёликлар ишончига суянишини таъкидлади.

Учрашувда партия вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.

  • Кўрилди
    683
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+